Клублар ўртасидаги энг кучли мусобақа ҳисобланадиган Европа чемпионлар лигасида «Реал», «Барселона», «Милан», «Манчестер Юнайтед», «Бавария» каби жамоалар бир неча бор ғолиб бўлгани билан мақтаниши мумкин. Лекин ушбу турнирнинг ҳал қилувчи ўйинларида қатнашган ёки таркиб жиҳатдан олтин медалларга лойиқ дея тахмин қилинган, бироқ якунда натижага эриша олмаган бошқа жамоалар ҳам бор. Биз шундай жамоалар рўйхатини тузиб чиқдик.
5. «Атлетико Мадрид»
Рўйхатимизни Испаниянинг «Атлетико Мадрид» жамоасидан бошлаймиз. Ушбу клуб Европа даражасида гранд мақомига эга бўлмаслиги мумкин. Лекин 2013-2014 йилги мавсумда турнирнинг ғолиби бўлишига бир баҳя қолган эди. Ўшанда финалгача етиб келган Мадриднинг иккинчи жамоаси ҳал қилувчи ҳамшаҳарлари бўлмиш «Реал Мадрид»га фақатгина қўшимча бўлимлардаги қўйиб юборилган голлар эвазига имкониятни бой берган эди. Бироқ Ла Лига баҳсларида жамоа «Реал» ва «Барселона»ни ортда қолдириб мамлакат чемпиони бўлган эди.
4. «Валенсия»
Чемпионлар лигаси финалларининг омадсиз жамоаси дея эътироф этиладиган Испанияда «Реал» ва «Барселона»нинг соясида қолиб кетадиган яна бир испан клуби. Икки бор кетма-кет 2000 ва 2001 йилларда финал ўйинларида иштирок этган «кўршапалаклар» жамоаси, икки баҳсда ҳам ғалаба қозона олмайди. Дастлабки финалда «Реал Мадрид»га 0-3 ҳисобида мағлуб бўлган бўлган жамоа, кейинги мавсумнинг якуний учрашувида «Бавария»га пенальтилар сериясида ўйинни бой беради.
3. «Манчестер Сити»
Араб шайҳининг қўлига ўтгач «Манчестер Сити» кучли футболчиларни ўз таркибига жалб қила бошлади ва шу орқали тез орада суперклубга айланди. Дастлаб Англияда чўққига чиққан жамоа, эндиликда Европа клубларининг энг кучли турнирида бош совринни кўзламоқда. 4 мавсумдан бери ушбу мусобақада иштирок этаётган «Шаҳарликлар» кучли таркибга эга бўлишига қарамай ҳозиргача нимчорак финал босқичидан ўта олишгани йўқ. Айни пайтда жамоа сафида тўп сураётган бир қатор юлдузлар ҳисобига жамоадан мухлисларнинг умида катта. Бу йилги баҳсларда эса «Манчестер Сити» биринчилардан бўлиб кейинги босқич йўлланмасига эга бўлди.
2. ПСЖ
Златан Ибрагимович,Тиаго Силва, Эдинсон Кавани каби топ футболчиларга эга Париж жамоаси аллақачон Франциянинг яққол лидери мақомига эришган. Лекин Европа чемпионлар лигасининг бош соврини ҳали «ПСЖ» насиб этгани йўқ. 1994-1995 йилги турнирнинг ярим финалига етиб бориб «Милан»га имкониятни бой бергани, жамоанинг ҳозиргача забт этган энг юқори натижаси бўлиб турибди.Лоран Блан жамоасининг айни пайтдаги таркиби ушбу мусобақанинг олтин медалларини қўлга киритиш учун етарли.
1. «Арсенал»
Узоқ йиллардан буён Европа чемпионлар лигасида мунтазам иштирок этаётган «Арсенал» жамоаси ҳам ушбу турнирда ғолиб чиқа олмаган. 2005-2006 йилги мавсумда Арсен Венгер шогирдлари бунга яқин келишган эди. Лекин финал учрашувида «Барселона»га 1-2 ҳисобида мағлубиятга учрайди. Шундан кейин сўнги йилларда «Арсенал»ни жуда кўплаб футболчилар тарк этишди. Балки шунинг учун Лондон жамоасининг чемпионлар лигасида омади чопмаётган бўлиши мумкин. Бу йилги баҳсларда ҳам «канонирлар» жамоаси ушбу ғалаба сари одимламоқдалар. Лекин бунинг учун бир неча гигантлар билан курашишга тўғри келади.
Шавкат Ниёзовтайёрлади