Ўзбекистон чемпионатида «уй-сафар» муносабати қандай? Бутун жаҳон футболида кузатилаётганидек, бизда ҳам ушбу тушунча йўқолиб боряптими? Олий лиганинг охирги мавсумига қарасак, бу борада икки хил таассурот уйғонади. Биринчиси - етакчи клублар сафар баҳсларида ҳам ўз салоҳиятларини бемалол кўрсатмоқдалар. Иккинчиси - ўртамиёна ва аутсайдер жамоалар меҳмонда барибир, анча қийналишяпти. Қўйида айнан шу масалага теран нигоҳ ташлаймиз.
«ПАХТАКОР» - «БЕРАҲМ МЕЗБОН»
Биринчи навбатда фақат, уй учрашувлари натижаси ҳисобга олинган жадвални кўриб чиқайлик.
*** Мавсум ғолиби - «Пахтакор» энг «бераҳм мезбон» қиёфасида гавдаланди. «Шерлар» ўз майдонларидаги 15та ўйиннинг нақ 14тасида меҳмонларни ортга очкосиз қайтаришди. Биргина «Олмалиқ» клуби «Пахтакор» стадионида 1 очко олишни уддалади.
*** «Локомотив» ҳам худди «Пахтакор» каби ўз майдонида мағлубият нималигини билмади. Фарқи шуки, «темирйўлчилар» 1та эмас, 2та баҳсда очколарни меҳмонлар билан бўлишиб олдилар. Яъни ўз мухлислари кўз ўнгида «Нефтчи» ва «Металлург»ни енга олишмади.
*** «Бунёдкор» ўз майдонидаги ўйинларда атиги 4та гол қўйиб юборди (энг яхши кўрсаткич). Шунингдек, «Локомотив» ва «Насаф» футболчилари ҳам меҳмонларга кўпам ҳиммат кўрсатишмади. Улар ўз майдонларига ташриф буюрган жамоаларга 7 мартадан гол уриш имконини беришди, холос.
*** «Пахтакор» меҳмонларни нақ 43та гол билан «сийлади». Бу битта ўйинга ўртача деярли 3та гол демакдир. «Шерлар» хусусан, 2 марта 6:0 ҳисобини қайд этишди.
*** Нақ 12та жамоа ўз майдонида плюс кўринишидаги тўплар нисбатига эришди. Бошқача айтсак, атиги 4та иштирокчи («Қўқон-1912», «Андижон», «Бухоро» ва «Сўғдиёна») мухлисларига гол завқидан кўра, унинг аламини кўпроқ тортиқ этди.
*** «Бухоро» ўз майдонидаги 15та ўйинда атиги 17 очко олди. Яъни ўртача ҳисобда битта ўйинда 1тадан сал кўпроқ.
------------------------------------------------------------------------
«ИЗЗАТ БИЛМАС МЕҲМОН» - «ЛОКОМОТИВ»
Фақат меҳмондаги ўйинлар натижасидан тузилган жадвалга келсак, бунда «Локомотив» пешқадамга айланади.
*** «Локомотив» 45 имкониятдан 33 очко тўплади. «Темирйўлчилар»нинг меҳмондан фақат 2 марта очкосиз қайтишгани ҳам эътиборга молик.
*** «Пахтакор» ва «Локомотив» клублари сафардаги баҳсларда 10 мартадан ғалаба нашидасини суришгани билан мақтана олишади.
*** «Динамо» сафарда атиги 1та ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди, холос.
*** «Сўғдиёна» ва «Динамо» клублари мезбонлар ҳурматини жойига қўйишди. Улар нақ 12тадан ўйинда ортга очкосиз қайтишди.
*** Атиги 3та клуб («Пахтакор», «Локомотив» ва «Насаф») меҳмонда ҳам қўйиб юборганидан кўпроқ гол урди.
*** Энг яхши тўплар нисбати «Локомотив»да: Қ14. Энг ёмони эса мезбондўст «Сўғдиёна»да: -26. Жиззахликларнинг 15та ўйинда ўз дарвозаларидан нақ 38 марта тўп олиб чиқишганини қўшимча қилиш жоиз.
*** «Машъал» сафарда дурангга рози бўлмаган ягона жамоадир.
*** «Андижон» сафарда гол уриш бобида роса қийналди. Бу жамоа мезбонлар дарвозасини атиги 9 марта нишонга олди.
------------------------------------------
МУНОСАБАТ
Очко ва гол бўйича «уй-сафар» муносабатини фоизларда алоҳида кўриб чиқиб, муайян хулоса чиқариш мумкин.
*** Энг катта фарқ «Динамо»нинг очко бўғинида кўзга ташланмоқда. Эътибор беринг, Самарқанд клуби нақ 80 фоиз очкосини ўз майдонидаги баҳслар орқали тўплади. Демак, унинг олий лигадан тушиб кетишига биринчи навбатда, меҳмондаги сусткашлиги сабаб бўлди, дейишга асос бор.
*** Гол муносабатини олсак, бу борада ҳам «Локомотив» энг яхши балансга эга. Кумуш медаль соҳиби меҳмонда ўз майдонидагидан атиги 8та кам гол урди. Фоизда: 56-44.
*** «Андижон»нинг нақ 66,7 фоиз голи ўз уйидаги ўйинларига тўғри келди. Жамоа 27та голдан 18тасини ўз майдонида урди.
*** Қанчалик ғалати туюлмасин, «Бунёдкор»нинг голлар бўғинидаги фарқ ҳам анча катта. «Қалдирғочлар» ўз майдонларида 29та гол урган ҳолда, меҳмонда бу ишни атиги 15 марта уддалашди. Яъни ўзга майдонларда деярли 2 маротаба кам гол уришди.
Фаррух ФАЙЗИЕВ тайёрлади, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси