«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Луи ван Гал «Борнмут»га қарши (3:1) учрашувда Англия чемпионати 38-туридан сўнг ўз лавозимини тарк этиш нияти йўқлигини айтди, деб хабар бермоқда «Чемпионат».
«Мен уч йиллик шартномага имзо чекканман ва уни охиригача етказмоқчиман. Жамоанинг ўтиш даври якунига етмади, мен ҳамон ‘МЮ’ бош мураббийиман. Бугун ҳимояланишни биладиган жамоага қарши иккинчи бўлимда яхши ўйнадик. Аммо кераксиз гол туфайли де Хеа ‘Олтин қўлқоп’ совринидан қуруқ қолди. Афсус, ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини уддалай олмадик, лекин Англия Кубоги финал ҳам бор. Ҳар биримиз ортда қолган мавсум борасида фикр юритиши ва таҳлил қилиши керак», – деди голландиялик мутахассис.
Қайд этиш жоиз, 64 ёшли мутахассиснинг «Манчестер Юнайтед» билан шартномаси 2017 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.