Ўзбекистон миллий терма жамоаси катта мураббийи Равшан Ҳайдаров гуруҳ босқичидаги рақиблардан бири ҳисобланган Эрон терма жамоасининг ўйинини кузатиш учун Теҳронга жўнаб кетди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2018 3-саралаш босқичидаги рақиби – Эрон миллий терма жамоаси расмий ўйинларга тайёгарлик жараёнида 7 июнь куни Теҳронда Қирғизистон миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Таъкидлаш жоиз, миллий терма жамоа рақибларининг ўйинлари Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги миллий терма жамоа мураббийлар штабида катта қизиқиш уйғотган. Шу боис, миллий терма жамоа катта мураббийи Равшан Ҳайдаров Эрон терма жамоаси иштирокидаги ўйинни кузатиш ва ўрганиш учун Эронга жўнаб кетди.
Эслатиб ўтамиз, Эрон терма жамоаси ўтган ҳафтада Македония терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Қирғизистонга қарши учрашув Карлуш Кейруш жамоаси учун расмий ўйинлардан олдинги тайёргарлик босқичидан ўрин олган навбатдаги учрашув ҳисобланади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам расмий ўйинларга тайёргарлик жараёнини бошлаган. Айни дамда Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси саралаш босқичи ўйинларидан олдинги илк йиғинини ўтказиш учун Австрияга жўнаб кетган. Австрияда миллий терма жамоа 7 июнь куни Канада терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.