Португалия термаси бўлажак қитъа чемпионатида ниҳоят, шоҳсупага кўтарилмоқчи. Охирги биринчиликларга қарасак, португалларнинг ҳар сафар муносиб иштирок этишгани кўзга ташланади. Айниқса, Криштиану Роналду бош ролга чиққанидан сўнг бу жамоага катта эътибор билан ёндаша бошладилар. Фернанду Сантуш ўзини мутлақо бахтли инсон, деб билади. Ахир у жаҳон футболи дурдонасига устозлик қилмоқда. Табиийки, Португалия термаси бош мураббийи Евро-2016да айнан Роналдуга катта умид боғлаяпти, лекин шунинг баробарида ихтиёрида бошқа муносиб ижрочилар ҳам борлигини тез-тез такрорлайди.
- Евро-2016га ташланган қуръа натижалари эълон қилингач, Португалияда ҳамма қувончдан сакради ва чемпионлик орзуси ҳақида гап-сўзлар қайнади. Бироқ шундай фикр ҳам борки, жамоангиз ўйинининг Криштиану Роналдуга ҳаддан зиёд боғлиқ эканлиги сизларга панд бериши мумкин. Бу борада нима дея оласиз?
- Ҳар бир инсон ўз фикрини айтишга ҳақли. Қуръанинг омадли келгани хусусида эса фақат бир нарсани таъкидлашим мумкин - бўлажак рақибимиз Австрия термаси ўта кучли. Эътиборлиси, австрияликлар ҳам қуръа натижаларидан хурсанд эканликларини яширишмаяпти. Демак, ўйинни кутамиз - барчаси бевосита майдонда ойдинлашади.
- Португалия термасининг ғолибликка даъвогар эканлиги, аммо турнир фаворитлари қаторига кирмаслигини бир неча марта таъкидладингиз. Буни қандай тушуниш керак?
- Ҳа, 2 йил олдин ҳам, 4 йил олдин ҳам худди шундай гапларни айтганман. Яъни Eвро-2012 ва ЖЧ-2014 арафасида жамоа олтин медалга даъво қилиши, аммо фаворит эмаслиги ҳақида гапирганман. Барчаси оддий - Португалия термаси 3-4та яққол фаворит сирасига кирмайди, лекин доимо, ҳар қандай ҳолатда фақат 1-ўринни кўзлайди.
- Лекин ўшанда имкониятларни четдан туриб баҳолагансиз.
- Табиатан ўйлаганимни тилга чиқаришга одатланганман. Менинг ақидам шундай.
- Португалияда ҳамма битта гапни тез-тез такрорлаяпти - «Сантуш бошқарувни қўлга олганидан сўнг терма жамоага омад қайтди». Бундай ёндашув мураббийлик хизматларингизни тан олмасликдек туюлмаяптими? Ҳа, яна қуръадан сўнг бир ғалати хабар пайдо бўлдики, унга кўра, тошга урилиб кетиб, унинг остидан 500 евро топиб олибсиз...
- Йўқ, ҳеч қандай пул топиб олмадим. Ўша куни лотерея ўйнаб ҳам, нимадир ютмадим. Умуман, лотереяда ҳеч қачон омадим юришмаган. Қолаверса, йиллар давомида мени омадсиз мураббийлар қаторида тилга олишган. Энди эса ногаҳон омадли бўлиб қолдим-ми? Яна нимадир дейишим қийин. Аслида бундай гап-сўзларга эътибор қаратмайман.
- Бир қарашда, «F» гуруҳида 2-ўринни олиш яхшироқ бўлиши мумкин. Шунда кейинги раундда енгилроқ рақиб тушиши эҳтимоли бор. Ушбу ғояга қандай қарайсиз?
- Биласизми, мени фақат бир нарса ўйлантиради - нима қилсакки, турнирга максимал даражада яхши тайёрлансак. Ҳозирча бошқа ҳеч бир жиҳат устида бош қотираётганим йўқ.
- Терма жамоада янги ўйинчилар учун йўл очдингиз. Ваҳоланки, ўтмишдошларингиз маълум вақт битта тажрибага таяниб, умумий ёндашувни ўзгартирмай келишганди. Қизиқ, ўша тажрибанинг нимаси ёқмади?
- Иш жараёнида кўп нарсаларни ўргандим. Мисол учун, Грецияда ҳам шундай эди - терма жамоа узоқ вақт битта таркиб билан ўйнади. Тўғри, маълум ўзгаришлар бўларди, аммо таркиб негизи сақланиб қоларди. Айнан шуни бош муаммо ўрнида кўрдим ва аввало, у билан шуғулландим. Бегона Грецияда шундай қилишга журъат этган эканман, ўз юртимда нега чўчишим керак? Билганим шуки, ҳар қандай жамоа мудом янги «қон томчиси»га муҳтожлик сезади. Янги футболчиларга имконият бериш рақобат нуқтаи назаридан ҳам фойдалидир.
- Фаворитлар масаласига қайтсак: сизнингча, бу мақомга қайси жамоалар муносиб? Жаҳон чемпиони Германия термасими ёки Европа биринчилигининг амалдаги ғолиби Испания? Эҳтимол, мезбон - Франция термаси бош фаворитдир...
- Шу 3та жамоанинг барчаси. Лекин ҳаммаси муайян жамоанинг умумий ҳолати ва футболчиларининг жисмоний тайёргарлигига боғлиқ. Агар номларга эътибор берсак, айнан Германия, Испания ва Франция терма жамоалари асосий фаворитлардир. Тўғри, бу фикрга итальянлар ва инглизлар қарши чиқишлари тайин.
- Криштиану Роналду Бразилия мундиали чоғи тиззасидаги жароҳатни янгилаб олганидан нолиганди. Бу сафар ҳам шу ҳолнинг такрорланиши хавфи йўқми?
- Фақат битта нарсани ишонч билан таъкидлай оламан: Роналду бор эътиборини навбатдаги қитъа чемпионатида ғалаба қозонишга қаратган. Бу борада бошқа гапим йўқ.
- Бироқ бордию, у яна жароҳатга йўлиқса-чи?
- Айни ҳозир Криштианунинг бугунги ҳолати ҳақида аниқ фикр билдиролмайман. Ликин унинг совринлар коллекциясига Португалия термаси билан йирик турнирда қўлга киритилгани етишмаётганидан хабарим бор. Демоқчиманки, жамоамиз етакчисида иштиёқ бобида ҳеч қандай муаммо йўқ.
- Терма жамоа ўйинининг Роналдуга боғлиқ эканлиги сизни хавотирга солмаяптими?
- Бундай гаплар моҳиятини ҳам тушунмайман. Нима, майдонда Роналдунинг ёлғиз ўзи ўйнайдими? Яна бир ҳақиқат шуки, ҳар қандай жамоа ҳаракати у ёки бу даражадаги юлдузларга боғлиқ бўлади. Ахир футболда етакчисиз ўйнаш жуда қийин. Умуман, ўйлашимча, бугунги Португалия термаси Роналдунинг ёрдамисиз ҳам бинойидек ўйнаш, дейлик, қитъа биринчилиги йўлланмасини қўлга киритишга қодир. Лекин ҳозир бундай гапларни айтишдан заррача маъно йўқ. Факт шуки, Криштиану - мамлакат рамзи. Шахсий қарашим бўйича ҳам, у айни кунда жаҳондаги энг яхши футболчи. Яширмайман, Криштианудан умидим катта. Лекин моҳиятан тушунарлики, у бутун жамоа эмас, балки бир футболчи, холос. Бундан ортиғи эмас. Қолаверса, ихтиёримизда бошқа ижрочилар ҳам бор.
* * *
- Европа чемпиони бўлиш орзусидаман. Бунинг имкони борлигига ишонаман. Мана, жамоамизда ажойиб футболчилар етарли. Оддий айтганда, Португалияда ўта кучли терма жамоа бор, сардоримиз эса - дунёнинг энг яхши ўйинчиси! Хавфсизлик масаласи? Францияда рўй берган охирги воқеаларга қарамай, хавотирланиш учун асос йўқ ва бўлмайди, деб ўйлайман. Ҳозир умумий ҳолат мўътадил. Қолаверса, ташкилотчилар барча иштирокчи жамоалар хавфсизлигини максимал даражада таъминлашса керак.Виллиам КАРВАЛЬЮ (Лиссабоннинг «Спортинг» клуби ярим ҳимоячиси).
* * *
Португалиялик энг иқтидорли ёш футболчилардан бири Бернарду Силва жароҳат сабаб, Eвро-2016ни ўтказиб юборади, шунингдек, Фабиу Коэнтрау ва Данни ҳам Францияда ўз жамоаларига ёрдам беролмайдилар.
Манба: «СЭ»