Чемпионлар Лигасида энг кўп зафар қучган мураббий бу Карло Анчелоттидир. Янги мавсумда у «Бавария»ни бошқаришидан хабарингиз бор. Гарчи Анчелотти юлдуз мураббийлардан ҳисоблансада, ўзини камтар тутадиган инсон. Яқинда sport-magazine нашри италиялик мутахассис билан суҳбат уюштирди.
- Сиз қандай ўйинчи бўлгансиз?
- Марказий ярим ҳимоячи бўлганман. Фаолиятимни бошлаганимда жарима майдонидан жарима майдонигача ўйнардим. Лекин «Милан»га борганимдан сўнг тўпни ушлашга ҳаракат қилардим. Арриго Сакки шуни талаб қилганди. Умуман олганда, тезкор футболчи бўлмаганман. Лекин позиция танлашни яхши билганман. Кучли футболчи бўлмасамда, ақл билан тўп сурганман. Шу боис, мураббийликни танладим.
- Ўша пайтларда сизга ким кўпроқ таъсир ўтказган?
- Сакки футболнинг энг катта инноватори эди. У прессингни яхши кўрарди. Ҳаттоки, машғулотларда ҳам. Ундан кўп нарсани ўрганганман. Унгача Свен-Йоран Эрикссон яхши устоз бўлган. Фаолиятим аввалида Нильс Лидхольм билан ишлаганман. У бошқалардан фарқ қиларди. Руҳият билан ишлашни ундан ўзлаштирганман. У футболчиларга ҳеч қачон қаттиқ гапирмаган.
- Айтишларича, юлдуз футболчилар билан ишлаш ҳадисини олгансиз. Бунинг сири нимада?
- Агар футболчи мамнун бўлишини истасангиз, уни майдонга туширинг. Лекин мен 25 нафар футболчини бирданига майдонга тушира олмайман. Фақатгина 11 киши ўйнайди. Демак, 14таси бахтли эмас. Бу машғулотларга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Менинг вазифам барчани бирдек руҳлантириш. Ҳаттоки, мендан хафа бўлганларни ҳам
- Сиз ҳақингизда кўплаб футболчилар илиқ фикрлар билдиришади. Нима учун?
- Мен учун улар биринчи ўринда футболчилар эмас, балки инсонлардир. Уларнинг ҳар бири билан гаплашишга уринаман.
- Футболчилар тактикадан муҳимми?
- Агар футболчиларга қулай бўлмаса, қандай тизимда ўйнашингизнинг аҳамияти йўқ. Масалан, Роналду. Уни ўткир ҳужумларга қўйишни истагандим. Лекин у менга қанотда ўйнашни ёқтиришини тушунтирди. Бир мавсумда шундоқ ҳам 50та гол урадиган футболчининг позициясини алмаштиришимга на ҳожат? Бир устозим: «Икки хил мураббий бўлади. Биринчиси кузатади, кам нарсани ўзгартиради ва футболчиларга эркинлик яратиб беради. Иккинчиси ҳар нарсага тегаверади ва клубни бузади», деганди.
- Клуб хўжайинлари билан ишлаш футболчилар билан ишлашдан қийинроқми?
- Раҳбарлар билан муносабатлар натижаларга боғлиқ. Агар яхши ўйнасак, яхши муносабатда бўлишади, ёмон ўйнасак, ёмон. Футболчилар билан бошқачароқ.
- Шунга қарамай, бир пайтлари Роман Абрамович 6:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин ҳам сизга танбеҳ берганди. Ўшанда ажабланганмисиз?
- Унчалик эмас. У мени янада яхши ишлашга ундамоқчи бўлган. «Милан» хўжайини Сильвио Берлускони билан ҳам шундай ҳолатлар рўй берган. Жамоа яхши ўйнаганида менга босим ўтказарди. Ёмон ўйнаса, ёрдамлашарди.
- «Челси» бу йилги муваффақиятсизликдан сўнг қандай қайтади?
- Ҳар қандай жамоанинг яхши ва ёмон мавсумлари бўлади. Айни пайт «Челси» ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Жамоа Жон Терри, Фрэнк Лэмпард ва Эшли Коуллар ўйнаганда ажойиб мавсумларни ўтказди. Энди «Челси»га янги Терри, Лэмпард ва Коуллар керак. «Милан»да ҳам Паоло Мальдини, Женнаро Гаттузо ва Андреа Пирлолар кетганидан сўнг шундай ҳолат кузатилди. Яхши жамоа тузиш учун вақт керак.
- Сиз бирга ишлаган буюк футболчиларни нима боғлаб туради?
- Профессионализм. Мен кўплаб иқтидорли футболчилар билан ишлаганман. Лекин иқтидорни сайқаллаш лозим. Акс ҳолда, ҳаммаси барбод бўлиши мумкин. Роналду нафақат майдонда, балки машғулотларда ҳам, шахсий ҳаётида ҳам ҳақиқий профессонал. Мураббий футболчини майдонда ёки машғулотларда бошқариши мумкин. Лекин стадион ташқарисида ҳаммаси футболчининг ўз қўлида. Замонавий футболда иқтидорнинг ўзи камлик қилади. 20 йил олдин бошқача эди. Масалан, Диего Марадона формада бўлмасада яхши ўйнайверарди. Ҳозир эса жисмоний ҳолатни доим бир хилда ушлаб туриш керак.
- «Реал»да Зайниддин Зидан билан бирга ишладингиз. Ундан яхши мураббий чиқадими?
- Албатта. У кучли характерга эга. Шунингдек, уни буюк футболчи сифатида хурмат қилишларини унутмаслик лозим. Менга ҳам шу ҳолат бир пайтлари ёрдам берган.
- Шогирдларингиздан кийиниш хонасининг етакчиси кимлар бўлган?
- Бундай футболчиларнинг кўпини кўрганман. Аммо улар бир-бирларидан фарқ қилишади. Қайсидир етакчи кучли характерга эга бўлади. Яна бири ўйиндан олдин футболчиларни руҳлантира олади. Бундай пайтларда хаёлимга Мальдини ва Рамос келишади. Шунингдек, майдонда ажойиб ҳаракат қиладиган етакчилар бор. Роналду, Кака, Пирло, Ибрагимович шулар жумласидандир. Улар қаторига Гаттузони ҳам қўшса бўлади.
- Қўлга киритган совринларингиз орасида энг муҳими қайси?
- 2003 йилги Чемпионлар Лигаси бош соврини. Мазкур финал фаолиятимда муҳим ўрин тутган. Бунга қадар ҳамиша иккинчи эдим. Ҳаттоки, Италияда мени «абадий иккинчи», деб ҳам аташарди. Айнан «Олд Траффорд»даги «Ювентус»га қарши кечган учрашув барчасини ўзгартириб юборди. «Милан» пенальтилар сериясида ғалаба қозонган.
- Яқинда «Бавария»ни бошқарасиз. Футболда яна қанча ишламоқчисиз?
- Ўйин қувонч бағишламай қўйгунча. Машғулотлар менга ёқмай қолса, кетаман.
Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади