«Лестер» мавсум давомида омма эътиборини ўзига қанчалик жалб этган бўлса, тарихий чемпионлик қўлга киритилганидан кейин ҳам айни ҳолат давом этмоқда. Бу клубга кучли меҳр қўйган айрим ишқибозлар сал қолса ақлдан озишди: ичимликлар ва озиқ-овқат маҳсулотларида «тулкилар» сурати акс этди. Лестерликларнинг ноёб муваффақияти кимларнидир тижорий томондан руҳлантирган бўлса, айримлар Риёд Маҳрез сиймосидан шунчаки фойдаланиш билан чекланишмади. Қуйида ушбу мавзуга батафсил тўхталамиз.
БИР КУНЛИК ЎЗГАРИШ
Жорий йилнинг 16 май куни «Лестер»нинг чемпионлик паради муносабати билан шаҳардаги университет биносига 24 соат мобайнида клуб номи берилди. Англия ва Европанинг энг нуфузли таълим муассасаларидан бирининг раҳбарияти ўз ташаббусини қуйидагича изоҳлади: «Шу тариқа, «Лестер»нинг ажойиб мавсуми ва тарихдаги илк совринидан университетимиз ҳамда шаҳримизнинг фахрланишини хоҳладик. Бу каби акциялар камдан-кам учрайди, аммо клубнинг ушбу натижа билан чекланиб қолмаслигига ишонамиз».
Ишга ўта оқилона ёндошишди, ҳар бир жиҳат ўзига хос рамзий маънога эга бўлди. Илм-фан ва улкан тажриба манбаи ҳисобланган кутубхонага Клаудио Раньери номи берилди. Ректорат жойлашган корпуснинг эса Уэс Морган билан боғлангани мантиқан тўғри. Нима деб ўйлайсиз, геология бўлими кимнинг номи билан аталди? Талабалар Леонардо Ульоанинг «Норвич»га урган голининг магнитудаси 0,3 балли сейсмик силкинишга қиёслашди. Албатта, бу ерда хато қилиш мумкин эмасди. Бир пайтлари ягона топилма эвазига Лестернинг тарихий ва сайёҳлик потенциалини оширган археология факультетидаги ҳолат ҳам ёмон кўринмади. Гап қирол Ричард IIIга тегишли қолдиқлар ҳақида кетмоқда. Қиролми? Яхши, демак, бизга Энди Кинг керак. Жейми Варди номи эса бир кун мобайнида университетга тегишли энг баланд иншоот билан боғланди.
ХИЗМАТДА - ЧЕМПИОНЛАР!
«Эндиликда ишқибозлар севимли юлдуз футболчилари келтирган таом ва ичимликлардан баҳраманд бўлишади. Қачонлардир шундай воқеа рўй беришини ким ҳам ўйлабди, дейсиз?» - деди Pizza Hut тизимидаги пиццериялардан бирининг менежери Шарлотта Раньери қувонч билан.
Гап шундаки, пиццериядаги 12 нафар ходим «Лестер» чемпионлиги муносабати билан «тулкилар» номларидан фойдаланишди. Ҳаммаси ҳужжат асосида, юридик нормаларга тўлиқ жавоб беради. Йўқ, бу тентаклик эмас, зеро ҳеч ким ҳақиқий исм-шарифидан воз кечмади. Шунчаки, Pizza Hut ходимлари муайян бир номни тахаллус сифатида ишлатишди. Айтайлик, махсус бейжикдаги исмни ўзгартириш кифоя, барибир, у билан чегарани кесиб ўтиш мумкин эмас.
Клаудио Раньерининг мавсумдаги илк «қуруқ» ўйин учун ваъда қилган пицца зиёфатига ўзига хос сюжет, шундай эмасми?
КОСМИК ТАНТАНА
Лестердаги байрам оқшоми галлактика миқёсида ўтказилгани рост, аммо сарлавҳадаги «космик» сўзи ҳақиқатга янада яқинроқ кўриниш касб этди. Айнан Лестерда жойлашган Миллий космик марказ ходимлари муваффақиятни Ер сайёрасидан 2200 ёруғликдаги узоқликда тантана қилишни маъқул кўрдилар. Ташкилот сайтида ноодатий табрик матни пайдо бўлди. Оққуш юлдузлар туркумидаги планетарий (NGC 6826) ҳақидаги илмий маълумот унга асос сифатини ўтади: мовий кислород булути ва тўқ сариқ азот кўринишида бўлди. Бундан ташқари, оқ ва тилларанг, олимларнинг фикрича, «тулкилар»нинг чемпионлиги тимсолига айланиши лозим эди.
ЭНГ ЯХШИ СТРИТ-АРТ
Ҳаммаси Клаудио Раньерининг қойилмақом тарзда чизилган суратидан бошланди. Кейинчалик Ричард Уилсон унга «чемпионлар» сўзини қўшган бўлса, кўп ўтмай, бу ерда чемпионлик таркибини ҳам қайд этиш лозимлигини англади. Уилсон асли Лондондан ва умуман, ўзини футболнинг ашаддий мухлиси деб ҳисобламайди. Аммо вазият шуни тақозо этаркан, демак, у «Куинз Парк Рейнжерс»ни қўллаб-қувватлайди. Бироқ Ричарднинг фикрича, «Лестер» кўрсатган каромат спорт сарҳадларидан чиқиш демакдир.
Уилсон тез-тез Англия бўйлаб саёҳатга чиқаркан, деворларга мусиқа юлдузларининг суратларини чизиш билан шуғулланади. Раньери тимсолини гавдалантириш ғояси эса «Суонси» устидан қозонилган ажойиб ғалаба(4:0)дан сўнг пайдо бўлди. Нарвон ва бир нечта бўёқ баллончаларини олиб, Лестерга жўнади. Электроника дўкони девори ўзига хос санъат анжоми вазифасини ўтади. Буни қайсидир маънода тақдир ҳазилига ҳам қиёслаш мумкин: Раньери бир сафар шу ердан телевизор харид қилганди.
Воқеалар ривожини Уилсоннинг инстаграмдаги саҳифаси орқали кузатиш мумкин. Ҳозир италиялик мутахассиснинг ёнида Каспер Шмейхель, Роберт Хут, Шинжи Оказаки ва яна айрим футболчилар ҳам ўрин олишга улгурдилар.
«МОНОПОЛИЯ»ЧА ИНҚИЛОБ
«Лестер» футболчилари билан боғлиқ янгилик инсоният томонидан ўйлаб топилган энг яхши ўйинлардан бири - «Монополия»ни ҳам четлаб ўтмади. Харид қилинажак мулкларнинг чарм тўп усталари номига ўзгартириш фикри IT-хавфсизлик бўйича консультация берувчи компания раҳбари Макс Аллендан чиқди. Ўйин майдонининг ўзгача варианти клубга тақдим этилди - Аллен «Лестер»нинг мазкур буюмни сотиш орқали хайрия ишларига ҳисса қўшишидан мамнунлигини яширмади.
«Монополия»даги ҳар бир бўлим «тулкилар» таркиби билан боғланди - дарвозабондан тортиб, ҳужумчиларгача. Каспер Шмейхелга энг арзон майдонча - 60 фунтлик Олд Кент-роуд насиб қилди. 300 фунтлик Риджен-стрит эса Риёд Маҳрезники бўлди. Жейми Вардига 350 фунтлик Парк-лэйн берилди. Энг қиммат мулк, табиийки, Клаудио Раньерига ажратилди: Лондоннинг энг нуфузли марказий ҳудуди - Мейфэр. Ташкилотчилар бу фикр дарвозабонларни ранжитади, деб ўйлашмаяпти. Бу шунчаки, ҳудудлар, кўчалар ва мулкларни тақсимлашнинг энг қулай ва содда усули, холос.