«Эвертон»нинг янги бош мураббийи Рональд Куман The Telegraph нашрига берган интервьюсида «Саутгемптон»дан кетиш сабабларини ошкор этди. Голландиялик мутахассиснинг айтишича, у жамоа билан шартномаси охирига қадар ишламоқчи бўлган. Лекин «авлиёлар» мураббийга нисбатан талабларини оширишган.
- Клубда охирги мавсумимни ўтказиш ниятида эдим, лекин мақсадимни амалга ошириш учун имкон беришмади, — деди Куман. — Менга «Клуб эртанги кунига ишониши керак», дейишди. Бу борада муаммо йўқлигини айтдим. Масалан, «Фейенорд»да уч марта бир йиллик шартнома имзолаганман. Шундан сўнг «Саутгемптон»дан таклиф тушди. Аммо бу сафарги чорлов ҳам мен ўйлагандек эмасди. Шу орада «Эвертон» варианти пайдо бўлди. Ливерпулликлар ўзлари таклиф билан чиқишгач, буни эътибордан четда қолдирмадим.
***
- Лес Рид клубни келгуси мавсум аввалида нима кутишини айтмасам, шартномамнинг охирги йилини бемалол ўтай олмаслигимни таъкидлади. Бу эса вазиятни яна чигаллаштириб юборди. Ўша пайт «Эвертон» менга қизиқиш билдираётганди. «Саутгемптон» эса мерсисайдликлар билан музокара олиб боришимга рухсат берди. Мана, энди «ирискалар»нинг янги мураббийиман. «Авлиёлар» билан икки ажойиб мавсумни ўтказдим. Бунинг учун футболчилар ва клубнинг барча ходимларига миннатдорчилик билдираман. Энди ортга назар солмай, фақат олдинга интилиш муҳим.
Куман «Эвертон»нинг етакчи футболчилари - Ромелу Лукаку, Жон Стоунз ва Росс Баркли билан шахсан учрашишни режалаштирганини айтиб ўтди.
- Бундай ажойиб лойиҳада иштирок этаётганимдан хурсандман. Энди «Эвертон»нинг ғалабаларга чанқоқлигини кўрсатишимиз лозим. Мазкур клубнинг буюк тарихга эга эканидан барча хабардор. Мақсадимиз - еврокубокларда иштирок этиб, совринларни қўлга киритиш. Клубдаги барча олдинга қадам ташлашга тайёр. Жумладан, мен ҳам. Яхши жамоалар билан буни уддалаш осон. Энг аввало, клубнинг етакчи футболчиларини сақлаб қолмоқчиман. Самара келтириши мумкин бўлган ўйинчиларни сотиш ярамайди. Уларнинг ҳар бири билан шахсан учрашаман. Ривожланиш йўлида етарлича маблағга эгамиз. Шунингдек, ўз академиямиз борлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Қайсидир чизиққа кучли футболчи керак бўлсагина, уни харид қиламиз.
***
- У билан учрашмай турибоқ, илиқ таассурот олганман, — деди клуб хўжайини Билл Кенрайт. — Роберто билан хайрлашганимиздан сўнг Фарҳод Мошири биринчи навбатда, Куман вариантини ўртага ташлади. Бу қарор нафақат раҳбарият, балки мухлисларни ҳам қувонтирди. «Эвертон»ни танлагани учун Рональддан миннатдорман.
Манба: Football.ua,