Олимпиаданинг учинчи кунида 6 нафар ўзбекистонлик спортчилар баҳсларда иштирок этди.
Рио-2016. Ўқ отиш.
Пневматиқ милтиқдан ўқ отиш бўйича Вадим Скороваров саралаш баҳсларида иштирок этди. Ҳамюртимиз 620.9 балл билан 28-ўринни банд этди. Финалга фақат 8 нафар спортчи йўл олишини инобатга олсак, Вадим Рио-2016даги ўз иштирокини якунлади.
Академик эшкак эшиш, эркаклар, яккалик, 2000 метр.
Рио-2016да спортнинг академик эшкак эшиш турида иштирок этаётган Шаҳбоз Холмурзаев чорак финал босқичига чиқиша муваффақ бўлди. 2000 метр масофага қўшимча ўтказилган саралаш босқичида иштирок этган ҳамюртимиз финишга иккинчи бўлиб етиб келди. Шаҳбоз 2000 метр масофани 7:14.58 дақиқа ичида босиб ўтди ва чорак финалга йўлланма олди. Чорак финал босқичи эртага бўлиб ўтади.
Рио-2016. Дзюдо. 73 кг.
Дастлабки икки кунда иккита бронзани бизга тақдим этган дзюдо, бу сафар бизни анча эрта умиддан мосуво қилди. 73 кг. вазн тоифасида мусобақани бошлаган спортчимиз Мирали Шарипов дастлабки саралаш босқичидаёқ имкониятни бой берди. Европа чемпиони ҳисобланган голландиялик Декс Элмонт ҳамюртимизни "вазари" баҳоси билан мағлуб этди.
Рио-2016. 49 кг ва 91 кг.
Бокс бўйича 91 кг.гача бўлган вазнда Рио-де-Жанейро олимпиадасида иштирок этаётган Рустам Тўлаганов ўзининг дастлабки баҳсида ғалаба қозонди. Ватандошимизга эквадорлик Хулио Сезар Кастильога рақиблик қилди. Бу боксчига қарши жанг Рустам учун осон кечмади. Биринчи ва иккинчи раундларда ҳакамларнинг барчаси устунликни ўзбек боксчисига берган бўлса, сўнгги раундда бир ҳакам эквадорлик спортчининг устунлигини эътироф этди. Ҳакамларнинг баллари — 3:0 (29:28, 30:27, 30:27). Тўлаганов чорак финалда Абдулқодир Абдуллаев (Озарбойжон)га қарши рингга кўтарилади. Бу вазнда чорак финал баҳслари 10 август куни бўлиб ўтади.
Энг енгил вазн тоифада Рио-2016 олимпиадасида иштирок этаётган боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов ўзининг илк жангида ғалаба қозонди ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Ўзбекистонлик спортчи нимчорак финалда мексикалик Хоселито Велазкесга қарши рингга кўтарилди. Биринчи ва иккинчи раундларда ҳакамлар Ҳасанбойнинг устунлигини қайд этишган бўлса, учинчи раундда Велазкеснинг фаоллиги эътироф этилди. Якуний натижа — 3:0 (29:28, 29:28, 29:28). Ҳамюртимиз чорак финалда қозоғистонлик Биржан Жакиповга қарши жанг олиб боради.
Рио-2016. Сузиш, 200 метрга комплекс
Ўзбекистонлик сузувчи Раънохон Амонова Рио-2016да иккинчи йўналишда ўз омадини синаб кўрди. Спортчимиз 200 метрга комплекс усулда сузиш бўйича саралаш беллашувларида қатнашди. У ўз гуруҳида финишга еттинчи бўлиб етиб келди. Унинг натижаси ярим финалга чиқиш учун етарли бўлмади.
Аввалроқ Амонова 400 метр масофага комплекс услубда сузиш баҳсларида иштирок этиб, саралашдан кейинги босқичга ўта олмаганди.