“Шўртан” ва “Навбаҳор” жамоалари учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Шўртан” жамоаси бош мураббийи Ихтиёр Каримов ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди:
- Бугунги ўйин чиройли ва мазмунли тарзда ўтди. Бундан ташқари ҳар икки жамоага ҳам майдонда оғир бўлди. “Навбаҳор” жамоаси аъзолари баҳс давомида бизга етарлича қаршилик кўрсата олишди. Ҳимояда бехато ҳаракат қилиб, кўплаб имкониятларимизни зое кетишига сабабчи бўлишди. Биринчи бўлимда гол уриш учун бир нечта вазиятларга эга бўлгандик. Танаффусдан кейин эса ўзинглар гувоҳи бўлганларингдек, мағлубиятга учраётиб, сўнгги сонияларда ғалабани илиб кетдик. Барча футболчиларимизга охиригача ҳаракат қилишгани учун раҳмат айтаман. Ғузорлик мухлисларни эса ғалаба билан табриклайман. “Навбаҳор” биз учун кучли рақиб саналади. Футболчиларимиз рақибни менсимагандек тарзда тўп суришгани сабабли бошида осон бўлмади. Ўз-ўзидан ғалаба қозониб бўлмаслигини учрашув кўрсатиб берди. Йигитлар ўйин охирларида масъулиятни оширган ҳолда тўп суриб, юзага келтирилган имкониятлардан самарали тарзда фойдаланиб, ютуқни қўлга киритишди. Йигитларга якуний лаҳзаларда совуққонлик етишмаяпти. Машғулотлар давомида ана шундай камчиликларимиз устида ишлаймиз.