Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

“Насаф” яна “Бухоро”ни таслим этди. Бу сафар йирик ҳисобда

Баҳо:
+ | -

“Насаф” жамоаси ўз майдонида олий лига 21-тури доирасидаги учрашувни “Бухоро” жамоасига қарши ўтказди.

Учрашув бошланиши олдидан, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сўнмас хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Учрашув кутилганидек жамоамиз ташаббуси билан бошланди. Дастлабки дақиқалардан майдоннинг ҳар бир нуқтасида тўп учун кураш кескин тус олди.

Ўйиннинг бундай кечиши илк дақиқаларданоқ меҳмонлар таркибида мажбурий ўйинчи алмаштирилишига сабаб бўлди. Баҳодир Пардаев жароҳат олиб майдонни тарк этди. 10-дақиқада унинг ўрнини майдонда Вадим Чемиртан эгаллади.

Учрашувдаги ҳисоб жамоамиз томонидан 11-дақиқадаёқ очилди. Чап қанотдан ташкил этилган тезкор ҳужумда Огнен Красич тезлик билан олдинга борди ва тўпни жарима майдонига етказиб берди. Дарвоза яқинида ҳамиша ҳозиру-нозир бўлган Шахбоз Эркинов чаққонлик билан тўпни дарвозага йўллади ва гол муаллифига айланди – 1:0. Тажрибали ҳужумчимиз Шахбоз Эркинов бу билан ўзининг 102-голини киритди.

Ўйинда ҳисоб бўйича олдинга ўтиб олган  жамоамиз кейин ҳам ўйинни умуман сусайтирмади. Ўйинчилармиз кетма-кет ҳужумлар ташкил қилишиб, ҳимоячиларни саросимада ушлаб туришди. Шундан сўнг футболчиларимиз меҳмонларга ҳам олдинга ўтишга имкон беришди. Бундан фойдаланишни кўзлаган “Бухоро” жамоаси ҳам бор эътиборини ҳужумларга қаратди. Футболчиларимиз эса қарши ҳужумда ҳаракат қилишди. Уларнинг бир неча уюштирган ҳужумлари гол билан якунланишига жуда яқин бўлди. Аммо бунда дарвозани ишғол қилишда ўйинчиларимизда аниқлик етишмади.

Учрашувнинг 36-дақиқасига келиб, жамоамиз ҳисобни 2:0га ўзгартирди. Худди дастлабки гол бўлган вазият яна деярли такрорланди. Тезкор ташкил этилган қарши ҳужум яна чап қанотдан ривожлантирилди. Яна Огнен Красич тўпни жарима майдонига етказиб берди. Ўзининг чаққон ҳаракати билан рақиб ҳимоячиларни ортда қолдирган ярим ҳимоячимиз Фаррух Сайфиев бир зарба билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди – 2:0.

Учрашув биринчи бўлими ана шу ҳисобда якун топди.

Танаффус пайтида иккинчи даврадан жамоамиз аъзосига айланган тажрибали ҳужумчимиз Шахбоз Эркиновга мамлакатимизнинг Красницский номидаги тўпурарлар клуби аъзосига айлангани муносабати билан, унга Ўзбекистон Футбол Федерацияси футбол фахрийлари кенгаши раисининг ўринбосари, спорт устаси Тўлаган Исоқов махсус совринни топширди. Клубимиз раҳбари – Шамил Ярулин эса унга “100” рақами акс эттирилган махсус футболка топширди.

Иккинчи бўлим ҳам худди дастлабки бўлимдагидек жамоамизнинг устунлигида бошланди. Албатта, “Бухоро” жамоаси ҳам бор кучи билан ҳаракат қилиб, Санжар Қувватов қўриқлаётган дарвозамиз олдида бир неча хавфли вазиятларни ташкил қилишди.

Иккинчи бўлимда мураббийлар таркиб бўйича бир неча ўзгаришларни амалга оширишди. Албатта бу ўзгаришлар ўйин суръатини янада оширди. Аммо жамоамизнинг ташкил этган кўплаб ҳужумлари самарасиз якунланди.

Иккинчи бўлимда майдонга тушган легионер ҳужумчимиз Драган Черан ҳам учрашувда ўз ҳисобига гол ёздириб қўйишга эришди. 75-дақиқада Красичнинг бурчакдан ошириб берган тўпини у ҳаммадан баланд сакраб, боши билан дарвозага жойлаб қўйди – 3:0.

Ўйиннинг қолган дақиқалари ҳам курашларга бой тарзда ўтди. Бугунги учрашувни томоша қилиш учун стадионимизга ташриф буюрган 4756 нафар томошабин жуда чиройли ва мазмунли ўйин гувоҳи бўлишди. Майдонда ҳаракат қилган футболчиларнинг барчаси бугун бор маҳоратларини намойиш қилишди десак, муболаға бўлмайди. Жамоамиз футболчилари эса бугун энг чиройли ўйин кўрсатишди.

Шундай қилиб, жамоамиз ўз майдонида ўтган “Бухоро” жамоасига қарши, яна бир учрашувда, ўз анъанасига содиқ ҳолда, ғалабага эришди. Жамоамизнинг кетма-кет ғалабали ўйинлари сони 9тага етди. Чемпионатнинг иккинчи даврадасида жамоамиз ўзининг олтинчи ғалабасини нишонлади. Футболчиларимизга ғалабали юришлари бардавом бўлишини тилаб қоламиз.

“Насаф” жамоаси навбатдаги 22-тур учрашувини 17 сентябр куни сафарда “Андижон” жамоасига қарши ўтказади.  

ЎзПФЛ 21-тур. 09.09.2016 й.

“Насаф” (Қарши) – “Бухоро” (Бухоро) 3:0 (2:0). 4756 томошабин

Қарши ш., “Марказий” стадион. Соат 19:15да

Бош ҳакам: Равшан Эрматов (Тошкент)-9,0

Қанот ҳакамлари: Абдуҳамидулло Расулов (Тошкент)-9,0, Жаҳонгир Саидов (Тошкент)-9,0.

Захира ҳаками: Бахтиёр Юльчараев (Гулистон)-9,0.

Назоратчи: Гали Имамов (Тошкент)

ЎзПФЛ вакили: Бобур Ҳайдаров.

Голлар: Шахбоз Эркинов, 11’-1:0, Фаррух Сайфиев, 36’-2:0, Драган Черан, 75’-3:0

“Насаф”: 35.Санжар Қувватов, 6.Азиз Ғаниев, 7.Шуҳрат Муҳаммадиев, 15.Шахбоз Эркинов (69.Драган Черан 55), 18.Баҳром Абдураҳимов, 22.Игорь Голбан, 23.Шерзод Аъзамов, 24.Огнен Красич (45.Бобир Абдухолиқов 84), 28.Фозил Мусаев, 31.Сайдулло Раҳматов (38.Дониёр Нарзуллаев 74), 34.Фаррух Сайфиев.

Захира: 25.Элдор Суюнов, 4.Мақсуд Каримов, 5.Ильдар Маматказин, 27.Ислом Рашидхонов.

“Бухоро”: 1.Муҳиддин Худоёров, 7.Сухроб Неъматов, 11.Санъат Шихов, 18.Баҳодир Пардаев (70.Вадим Чемыртан 10), 19.Жасур Ҳасанов (10.Шавкат Саломов 46), 23.Александр Мерзляков, 23.Бобиржон Аманов, 55.Шавкат Муллажонов, 61.Азиз Ибрагимов, 87.Алишер Саноев (8.Саламат Қуттибоев 75), 93.Максимилиан Фомин.

Захира: 25.Шохжаҳон Насимов, 16.Артем Филипосян, 17.Жалолиддин Убайдуллаев, 30.Асилбек Аманов.

Огоҳлантириш: Фаррух Сайфиев 40 - Бобиржон Аманов 18, Шавкат Муллажонов 38, Сухроб Неъматов 73.

Манба: fcnasaf.uz
Киритилди: 23:52, 09.09.2016.
Ўқилди: 6349 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.