Вьетнамнинг Дананг шаҳрида бошланган V Осиё соҳил ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар иккита олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Осиё олимпия кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур спорт анжуманида қитъанинг 40 дан зиёд давлатидан 2 200 дан ортиқ спортчи 22 спорт тури бўйича ғолиблик учун баҳслашмоқда.
Осиё соҳил ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари соҳил футболи, кураш, муайтай ва самбо бўйича иштирок этмоқда.
Кураш бўйича эркаклар ўртасида вазни 66 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида Миржон Тўхтаев Осиё соҳил ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди.
Вазни 73 килограммгача бўлган курашчилар ўртасида Суҳроб Худойбердиев ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Вазни 81 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида қатнашган Муҳаммадали Шамсиддинов эса кумуш медалига эришди