Вьетнамнинг Да Нанг шаҳрида соҳил спорт турлари бўйича Осиё 5-ўйинлари давом этмоқда. Унда Ўзбекистон делегацияси спортнинг тўрт тури бўйича мусобақаларда иштирок этяпти. Делегациямиз жами йигирма бир нафар спортчи билан мусобақаларда қатнашмоқда.
Ҳамюртларимиз кураш, самбо, соҳил футболи ҳамда муайтай каби спорт турларида ўз омадларини синаб кўришлари лозим эди. Кураш бўйича мусобақаларда 3 та спортчи билан иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 3 та медалга сазовор бўлди. Яъни ҳар уччала полвонимиз совринли ўринларни эгаллашди.
Вазни 73 кг.гача бўлган спортчилар баҳсида Суҳроб Худойбердиев 1/8-финал босқичида суриялик Жарида Мунзерни, чоракфиналда мусобақа мезбони Нгуен Тан Конгни, ярим финалда филиппинлик Ллойд Деннисни ва ниҳоят финалда туркманистонлик Нурёғди Жербаровни мағлубиятга учратиб олтин медалга сазовор бўлган бўлса, яна бир ҳамюртимиз Миржон Тўхтаев -66 кг. вазн тоифасида ҳиндистонлик Сежвал Кунал, Хитой Тайпейи вакили Чан Хао Ченг ва эронлик Ганбарали Ганбариларни енгиб шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади.
Шунингдек, яна бир полвонимиз Муҳаммадали Шамсиддинов 81 кг.гача бўлган вазн тоифасида кумуш медали билан тақдирланди. У 1/8-финалида вьетнамлик Буи Мин Куанни, чоракфиналда ҳиндистонлик Шривраж Шриважираони ва яримфиналда туркманистонлик Муҳаммад Темировларни таслим этганди, аммо ҳал қилувчи финал баҳсида эронлик рақиби Али Акбар Илёсга имкониятни бой бериб иккинчи ўрин билан чекланди. Натижада кураш спорти бўйича полвонларимиз иккита олтин ва битта кумуш медалига эга бўлишди.
Афсуски муайтайчиларимиз саралаш баҳсларидан ўта олишмади ва Тошкентга қайтиб келишди.
Соҳил футболи бўйича терма жамоамиз эса дастлабки учрашувни БАА терма жамоасига қарши ўтказди. Учрашувнинг асосий вақти 3:3 ҳисобида дуранг натижа билан якунланди. Пеналтилар сериясида эса ҳамюртларимиз омадлироқ бўлишди ва учрашувни ўз фойдаларига ҳал қилишди. Эртага Аҳат Юсупов шогирдлари Афғонистон термасига қарши иккинчи учрашувни ўтказишади.
Шунингдек, эртадан самбочиларимиз ҳам баҳсларга киришишади. Бугун самбо бўйича терма жамоамиз Вьетнамга етиб борди. Эслатиб ўтамиз самбо бўйича мусобақаларда олти нафар спортчиларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Терма жамоамиз аъзолари ҳозирча умумжамоа ҳисобида 41 та мамлакат вакиллари орасида 2 та олтин ва 1 та кумуш медаллари билан 10-ўринни банд этиб туришибди. Биринчи ўринда мусобақа мезбонлари вьетнамлик спортчилар боришмоқда. Улар ҳисобида 18та олтин, 17та кумуш ва 23та бронза медаллари мавжуд, кучли учликка шунингдек Таиланд (18, 12, 15) ва Хитой (6, 8, 11) делегациялари киришган.