1−10 октябрь кунлари Болгариянинг Благоевград шаҳрида армрестлинг бўйича 38-жаҳон чемпионати ҳамда пара-армрестлинг бўйича 19-жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақаларда дунёнинг 52 мамлакатидан 1200 спортчи, шу жумладан, 29 нафар Ўзбекистон вакили иштирок этди, дея хабар қилди Армрестлинг федерацияси «Газета.uz"га.
Тўртта олтин, учта бронза ва учта бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон термаси дунёнинг энг кучли ўн жамоаси рўйхатидан жой олди.
Ўсмирлар ўртасида Зоҳир Файзуллаев (50 кг гача, ўнг қўл), Мухлиса Турсунбоева (45 кг гача, ўнг ва чап қўл) ва Дониёр Мирзаев (75 кг гача, ўнг қўл) армрестлинг бўйича жаҳон чемпиони бўлди.
Мирзаев «олтин"дан ташқари, чап қўлда кумуш медалга ҳам сазовор бўлди. Султон Неъматуллаев (80 кг, чап қўл) ва Шохруҳ Абдуёқубов (65 кг, чап қўл) катталар ўртасида вице-чемпион бўлди.
Ҳумора Раҳмонқулов (50 кг гача), Шаҳноза Абдураҳмонова (65 кг) ва Дилобар Абдураҳмонова (60 кг) ўнг қўлда «бронза» соҳибаларига айланди.
Баҳслар якунига кўра ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакам Дмитрий Дукаев энг яхши рефери деб топилди.