Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду Европанинг кўзга кўринган икки нашри — Marca ва La gazzetta dello Sport ўқувчилари талқинига кўра Чемпионлар Лигасининг ўтган мавсумидаги энг яхши футболчиси бўлди. Бу ҳақда «Чемпионат» хабар берди.
Роналду ўз жамоадошлари билан турнир финалида зафар қучганди. «Атлетико»га қарши бўлиб ўтган ҳал қилувчи ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунига етган бўлса, ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида омад «қироллик клуби»га кулиб боққанди.
Ўзи учун аталган совринни қабул қилиб олган Криштиану айни вақтда «Реал»га Лука Модрич, Серхио Рамос, Карлос Касемиро каби жароҳат олган футболчилар етишмаётганини айтиб ўтган. Шунга қарамай «Реал» ўша-ўша кучини сақлаб қолгани ва исталган рақибга қарши кураша олиши таъкидланган.