Бугун Олий лиганинг 26-тур баҳсларига старт берилади. "Локомотив" сафарда "Бухоро" меҳмони бўлади.
Марказий стадионда кечадиган учрашув 17:00да бошланади. Ўйинни таниқли футбол ҳаками Равшан Эрматов бошқариб боради.
Турнир жадвалидаги ўрни: "Бухоро" 4-ўринда (46 очко), "Локомотив" 1-ўринда (62 очко).
Очколар орасидаги фарқ - 16 очко.
Таъриф: Чемпионлик учун ҳаракат қилаётган жамоа бугун сафарда тўртинчи ўриндан пастга тушишни хоҳламаётган жамоага қарши баҳс олиб боради. Ўтган йил Бухородаги учрашув жуда қизиқ кечганди. Ўйин дарвозаларга киритилган бешта гол, иккита қизил карточка ҳамда ҳимоячи Тўхтахўжаевнинг охирги дақиқаларда дарвозабон ролини бажаргани билан ёдда қолган.
Бугун ҳам қизиқарли беллашув бўлиб ўтиши кутилмоқда. Чунки иккала жамоа ҳам юқори кайфиятда ва стадионга 10 мингдан зиёд мухлис келиши тахмин қилинмоқда. Бугунги баҳсда мезбонлар сафида Шавкат Муллажонов билан Баҳодир Пардаев, меҳмонлар таркибида эса Ислом Тўхтахўжаев дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди.
Факт: "Бухоро" иккинчи даврада ҳозирча 23 очко жамғарди: 7 ғалаба, икки дуранг ва бир мағлубият. Жамоа иккинчи даврадаги мағлубиятни "Насаф"дан қабул қилиб олди. "Бухоро" тўртта учрашувни ўз майдонида ўтказиб, шундан учтасида зафар қучган ва бир бор дуранг ўйнади. Бухорода "Обод" (1:0), "Қўқон-1912" (3:1), ва "Қизилқум" (2:0) мағлуб этилди. "Бунёдкор" билан эса дуранг (0:0) ўйналди.
Факт: "Бухоро" мавсум бошидан бери ўз уйида 12та учрашув ўтказиб, шундан иккитасида мағлуб бўлган. Жамшид Саидов шогирдлари "Насаф" ва "Машъал"га имкониятни бой беришган, бунинг устига "Бухоро" шу ўйинларда тўп кирита олмаган.
Факт: "Локомотив" ҳам иккинчи даврада "Бухоро" билан бир хил очко жамғарди - 23. "Темирйўлчилар" ўтказилган 10та ўйиндан 7тасини ғалаба билан тугатишди. Икки бор дуранг қайд этилган бўлса, жамоа битта ўйинда ютқазиб қўйди. "Локомотив" мавсум бошидан бери 12та ўйинни сафарда ўтказган: 8 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият. Тўплар нисбати 30-14.
Факт: Тошкентда кечган биринчи давра учрашувида "Локомотив" рақибини 3:1 ҳисобида мағлуб этган. Майдон эгалари сафида Сервер Жепаров ва Сардор Мирзаев гол урган, шунингдек "Бухоро" дарвозабони Муҳиддин Худоёров кутилмаганда ўз дарвозасига тўп киритиб қўйган. Меҳмонлар таркибида эса Баҳодир Пардаев гол муаллифи бўлган.