Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Сардор Мирзаев: «Ҳиссиётларимни таърифлай олмайман»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, Тошкентнинг «Локомотив» клуби ўз тарихида илк бор футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг олтин медалларига сазовор бўлди. Бошқача айтсак, «темирйўлчилар» бир неча йиллик уринишлардан сўнг ниҳоят, ўз ниятларига етишди. Энг қизиғи, «Локомотив»га ашаддий рақиб - «Бунёдкор» ҳам қайсидир маънода, «ёрдам бериб» юборди. Негаки, «қалдирғочлар» 29-тур доирасидаги «Навбаҳор»га қарши ўз майдонларида ўтган ўйинда дуранг (1:1) қайд этишди. Бу эса табиийки, Мирко Йеличич шогирд­ларини муддатидан олдин чемпион бўлишларини таъминлади. Шу боис, «Локомотив» футболчилари «Металлург» билан ўйинда ортиқча босимларсиз, чемпионларга хос ҳаракат қилишди. Ана шу беллашув якунига етгач, биз «темирйўлчилар»нинг энг фаол футболчиларидан бири - Сардор Мирзаевни суҳбатга тортдик.

- Сардор, аввало, сизни ва жамоангизни чемпионлик билан табриклаймиз. Хўш, таассуротлар қандай?

- Табрик учун катта раҳмат. Таассуротларни эса сўз билан ифода этиб бера олмайман. Биз бу кунни узоқ кутган эдик. Шукрки, якунда мақсадимизга етиб, чемпион бўлдик.

- Сизнингча, жамоа муваффақиятининг асосий сири нимада?

- Менимча, асосий масала - иноқликда. Чунки ҳозирги «Локомотив»даги барча инсонлар худди бир оила аъзоларидек бўлиб қолган. Ҳаммамиз бирлашиб, ягона мақсад йўлида ҳаракат қилдик ва бунга эришдик.

- «Бунёдкор»нинг ўз майдонида очко йўқотишига қандай муносабат билдирасиз?

- Тўғриси, бу бироз кутилмаган натижа бўлди. Яхши биласиз, чемпионат якунланишига икки тур қолган бўлса-да, олтин медаллар тақдири ҳали очиқ турганди. Шундай ҳолатда «Бунёдкор»нинг очко йўқотишини эса очиғи, кутмагандик.

- «Металлург» - «Локомотив» учун ноқулай рақиб ҳисобланади. Зеро ўтган йилги мавсумда ҳам айнан шу клубни мағлуб эта олмагансизлар...

- Ҳа, чиндан ҳам «Металлург»ни сўнгги икки йилдан бери чемпионат баҳсларида енга олмай келаётгандик. Лекин «Бунёдкор»нинг очко йўқотиши, бунинг оқибатида чемпион номига аниқлик кириши ишимизни анча енгиллаштирди. Катта босимдан халос бўлиб, юқори кайфият билан тўп сурдик. Бунинг натижасида ўйинимиз ҳам қовушди, менимча.

- Хато бўлмаса, фаолиятингизда илк бор чемпион бўлдингиз...

- Худди шундай. Биринчи марта Ўзбекистон чемпионатининг олтин медалларига эга чиқмоқдаман. Очиғи, бу - ҳозиргача ушалмаган орзуларимдан бири эди. Аммо ниятимга эришишни жуда ҳам истагандим. Умид қиламанки, бу - охиргиси бўлмайди.

- Энди ортга назар солиб, мавсум ҳақида умумий хулосалар чиқариш мумкин. Бизнингча, бу мавсум - фаолиятингиздаги энг яхшиси бўлди. Бу фикрга қўшиласизми?

- Шак-шубҳасиз. Чиндан ҳам, олий лигадаги фаолиятим бошлаганидан бери энг яхши мавсумни ўтказдим. Тақдиримдан асло нолимайман: Ўзбекистоннинг энг кучли жамоасида ўйнаяпман, жорий мавсумда эса ўзим кутгандан ҳам кўпроқ голлар урдим.

- Бу йилги чемпионат савияси ҳақида нималар дея оласиз?

- Шуниси аниқки, мавсумдаги ҳеч бир ўйин биз учун осон ўтмади. Таркибимиз кучли бўлишига қарамай, ғалабаларни катта машаққатлар эвазига қўлга киритдик. Лигадаги ҳар бир жамоа бизга жиддий қаршилик кўрсатди. Фикримча, шунинг ўзиёқ чемпионат савияси сезиларли даражада ошганини кўрсатади.

- Мавсумнинг уч нафар энг яхши футболчиси сифатида кимларни кўрсатган бўлардингиз?

- «Пахтакор» клубидан Жалолиддин Машариповни, шунингдек, «Локомотив»даги дўстларим Темур Кападзе ва Темурхўжа Абдухолиқовларни.

- Ўзингиз орзу қилган жамоадамисиз ёки бу истак ҳали амалга ошмадими?

- Фахр билан айтишим мумкинки, айни пайтда Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси шарафини ҳимоя қиляпман. Лекин мен ҳам аксарият ҳамкасбларим қатори, ўз кучимни хориж клубларида синаб кўришни истайман. Ўйлайманки, бу орзуим ҳам вақти келиб, амалга ошади.

- Дунё футболида қайси клубларга мухлислик қиласиз?

- Мадриднинг «Реал» клубига меҳрим бўлакча. Севимли жамоам куни кеча «Мадрид дербиси»да «Атлетико»ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди. Бу ўйинни мириқиб томоша қилдим.

- Демак, бу йилги «Олтин тўп» соврини Роналдуга насиб қилишини хоҳлайсиз, шундайми?

- Албатта. Агар «Олтин тўп»ни Криштиануга беришмаса, адолатсизлик бўлади. «Атлетико» билан ўйинда Роналду «хет-трик»ка эришди ва бунга ҳар томонлама ҳақли эканлигини яна бир бор исботлади. Қолаверса, Криштиану Португалия терма жамоаси сафида Европа чемпиони, «Реал» таркибида ЕЧЛ ғолиби бўлди.

- Суҳбатимиз сўнггида футболдаги илк қадамларингиз, мураббийларингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз...

- Миллионлар ўйинига кириб келиб келишимга отам сабабчи бўлганлар. Футболнинг илк сир-асрорларини эса Ойдинбек Алиев ва Дурбек Мирзабоевдан ўрганганман. Шунинг­дек, бугунги даражага етишимда Юрий Саркисяннинг хизматлари ҳам бениҳоя улкан бўлган. 

- «Нефтчи»ни нима учун тарк этганингизни изоҳлаб бера оласизми?

- Биласизми, мен футболчи сифатида «Нефтчи»да ўсиб-улғайдим ва бундан жуда хурсандман. Лекин янада ўсишим учун ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган жамоа сафида ўйнашим зарур эди. Ана шундай имконият юзага келган пайтда ундан фойдаланиб қолдим. Бироқ қаерда ва қайси жамоа сафида ўйнамай, «Нефтчи» ҳамиша қалбим тўрида бўлиб қолаверади. Рақиб сифатида бу жамоага қарши майдонга тушиш - мен учун ҳамиша қийин бўлиб келган.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:45, 26.11.2016.
Ўқилди: 9000 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.