Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Санжар Турсунов: «Учинчи марта «Ворскла»га қайтиш? Ҳамма нарса бўлиши мумкин»

Баҳо:
+ | -

Фаолиятини Қатар чемпионатида давом эттиришга қарор қилган Санжар Турсунов FootBoom нашрига интервью берди. Ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

— Ёзда "Ворскла"га қайтгандингиз. Нима учун яна ушбу клубни танладингиз?
— Бу жамоадан кетаётганимда, мени ҳамиша кутишларини, исталган пайтда жамоага қайтишим мумкинлигини айтишганди. Шу боис, яна "Ворскла"ни танладим. Боиси, менга Полтава, "Ворскла", жамоа ва мухлислар ёқади. Полтавада барча нарса мен учун қадрдон бўлиб қолган, десам ҳам бўлади.

— Қатардаги жазира иқлимдан кейин Украина шароитига мослашиш қийин кечмадими?
— Йўқ, дарҳол мослашиб олдим. Ўзбекистонда ҳам йил давомида ёз бўлмайди (кулади).

— "Ворскла"га қайтганингизда, етакчи ўйинчилар — Арменд Даллку ва Артем Громов жамоани тарк этишганди. Яна нималар ўзгарганди?
— Ҳа, яхши ўйинчилар клубни тарк этишганди. Ҳар бир кучли ўйинчининг жамоада ўз ўрни бор. Аммо вақт ўтган сари барча ўзгаради. Уларсиз қийин бўлди, албатта, аммо ҳозир "Ворскла"ни ўз ортидан эргаштира оладиган яхши футболчилар бор.

Ўзгаришлар ҳақида тўхталадиган бўлсам, ўйинчилардан тортиб шаҳарнинг ўзигача яхши томонга ўзгарди. Машғулот жараёни ва ўйинимиз борасида ўзгаришлар кўп бўлмади.

— Даллку кетганидан кейин қайси футболчи жамоанинг етакчисига айланди?
— Албатта, сардоримиз — Владимир Чеснаков.

— Чеснаков қандай сардор — қаттиққўл ёки аксинча?
— У ажойиб сардор-мотиватор.

— Сиз янги таркибга ҳам тезда мослашиб кетдингиз. "Волинь" дарвозасига урган голингиз — бунга исбот. Ниманинг эвазига янги жамоадошларингиз билан тезда тил топишиб кетдингиз?
— Бунгача Полтавада икки йил ўйнагандим. Таркиб деярли ўзгармаганди. Шу боис мослашишга вақт кетмади. Жамоага яхши футболчилар келишди. Улар билан тил топишиб кетиш қийин кечмади.

— Сиз келганингизда, жамоада пасайиш кузатилаётганди. Ўшанда молиявий муаммолар ўйинчиларга таъсир кўрсатаётганмиди?
— Ҳа, мен келганимда, ўйинчиларнинг маошлари кечикаётган эди. Аммо йигитлар руҳан тушкунликка тушишмади ва охиригача ўйнашди. Афсуски, ҳар доим ҳам очколарни қўлга киритиш насиб этмади. Лекин йилни 6-ўринда якунлаганимиз яхши бўлди.

— Жамоа билан шартнома имзолагингизда, бундай муаммолар борлигини билармидингиз?
— Ҳа, билардим, аммо яна "Ворскла"да ўйнашни жуда ҳам истадим ва Полтавага қайтишга қарор қилдим.

— Ярим йиллик фаолиятингизга қандай баҳо берасиз?
— Режалаштирган мақсадларимдан айримларига эришдим, айримларига — йўқ. Ёмон ўйнамадим, аммо янада яхшироқ иштирок этишим ҳам мумкин эди.

— Қачон "Ворскла"ни иккинчи марта тарк этишга қарор қилдингиз?
— Декабрь ойи ўрталарида. Менга таклиф тушганидан кейин Қатарга ташриф буюрдим ва "Ал-Харитият" билан шартнома имзоладим.

— "Ворскла" футболчиларига қайтадан шартнома имзолаш таклиф этилди. Қандай шартлар таклиф қилинди? Нима учун шартномани қайта имзолашга рози бўлмадингиз?
— Шартлар 3 йил аввалгидек эмасди. Маошларни бироз камайтиришди. Уни қайта тузмасликка қарор қилдим.

— Шунинг учун ҳам жамоани тарк этишга қарор қилдингиз. Маошнинг тўланишига умид қилмаяпсизми?
— Келажак борасида аниқ қарорга келишим керак эди. Маошлар борасида клубнинг катта қарзлари йиғилиб қолганди.

— Кўп футболчилар ўзларининг собиқ жамоалари билан судлашадилар. Маошни тўлаб беришмаса, судга мурожаат қиласизми?
— Йўқ. Судга мурожаат қилмасам керак.

— Яна Қатар чемпионатида ўйнашга қарор қилдингиз. Яна қандай таклифлар бор эди? Қатар клуби таклифини қабул қилишингизга асосий сабаб нима бўлди?
— Барқарорлик. Шунингдек, оилам ва яқинларимга Ўзбекистондан Қатарга учиб бориш узоқ эмас.

— Яна қандай таклифлар бор эди.
— Бу сир бўлиб қола қолсин (кулади).

— Украина клубларидан қизиқишлар бўлдими?
— Йўқ, Украина клубларидан таклифлар бўлмади.

— Янги жамоангиз ҳақида нималар биласиз?
— Бу ерда атиги бир неча кундан бери шуғулланяпман. Шу боис, ҳали кўп нарса билмайман. Клуб — Қатар чемпионатининг ўртамиёна жамоаси. Жамоага янги мураббий келди ва у таркибни шакллантирмоқда.

— Қатар ва Украина чемпионатларини таққослай оласизми? Фарқи, ўхшашлик жиҳати?
— Ҳар бир чемпионатнинг ўз услуби бор. Шу боис, уларни таққослаш қийин. Бу ерда кўпроқ тактикага эътибор қаратилади, деб ўйлайман.

— Кўп футболчилар сизнинг яна Полтавага қайтишингизга умид қилишяпти. Учинчи марта "Ворскла"га қайтишингиз мумкинми?
— Ҳамма нарса бўлиши мумкин (кулади).

Манба: xsport.ua
Киритилди: 08:51, 28.12.2016.
Ўқилди: 6379 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.