«Матч ТВ» шарҳловчиси Нобель Арустамян Одил Аҳмедовнинг «Шанхай СИПГ»га ўтиш борасида айрим тафсилотларга ойдинлик киритди.
"Одил Аҳмедов — Осиёда жуда таниқли футболчи. Одил — Осиёнинг етакчи терма жамоаларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг етакчиси. Хитой учун Аҳмедов легионер. Клублар эса хорижлик футболчилар учун катта маош тўлашади. Хитойда кўп ўзбек футболчилари ўйнамоқда. Одилнинг ўзи айнан Хитойда ўйнашни хоҳлади. «Краснодар» бунга қаршилик кўрсатмади, Аҳмедовнинг олдига ҳеч қандай талаблар қўймади.
Аҳмедовга Европанинг бир нечта жамоалари қизиқиш билдирганди, аммо ўзининг айтишича, у «Краснодар» учун манфаатли бўлган таклифни қабул қилган. Ҳа, маош томонлама Одил учун Хитой варианти Европа жамоаларига нисбатан яхшироқ. Умуман олганда, Одилга Европанинг қандайдир катта жамоаси жиддий қизиққан, деб ўйламайман. У ерда Аҳмедов "Краснодар"даги маошини ҳам олмаган бўларди.
Етти миллион евро — бу рақам кўп жамоаларни чўчитиб юборади. Лекин, адашмасам, футболчи «Анжи»дан «Краснодар»га тахминан шундай пул эвазига ўтган. Афсуски, албатта, Одил сўнгги 2 йил давомида «Краснодар» сафида топ-ўйинчи даражасига ўсмади. У ўсишдан тўхтаб қолди. Шунга қарамай, шубҳасиз, у сифатли ўйинчи. «Шанхай» билан 3 йиллик шартнома — у учун ёқимли жиҳат.
Хитой чемпионати учун ажратилган легионерлар лимити футболчининг фойдасига хизмат қилади. Хитойда осиёлик футболчилар учун имтиёз бор. Аҳмедов айнан шунга тўғри келади.
Яна бир муҳим жиҳат бор. Аҳмедов Андре Виллаш-Боаш бошқарувидаги «Шанхай СИПГ»га ўтди. Одилнинг трансферини амалга оширган Герман Ткаченко португалиялик мутахассис билан яхши муносабатларга эга. Ткаченко «Краснодар» ушбу трансферга кўндира олган. Айнан шу ҳолатлар трансфернинг амалга ошишида муҳим роль ўйнаган.
Шанхай шаҳри жамоалари Хитойда фаол трансфер сиёсатини амалга оширишмоқда. «Шангхай Шенхуа» клуби Тевесга 40 миллион евро йиллик маош тўласа, «Шанхай СИПГ»да Виллаш-Боашдан ташқари, Халк ва Оскар ҳам ўйнайди. Уларнинг сафига энди Аҳмедов ҳам қўшилди. Витцель ҳам бу жамоага ўтиши мумкин.
Ёзда Халкнинг «Зенит»дан кетиши қандайдир ноодатий бўлганди. Аҳмедов эса — Европа даражасидаги юлдуз эмас. Биринчи навбатда у футболчи. Шунинг учун ҳам у Хитойга йўл олди", - дейди Арустамян.