Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мухлис мақоласи. Терма жамоа ҳужумидаги камчиликлар

Баҳо:
+ | -

Мен 2000 йилдан буён ўзбек футболи билан ҳамнафасман. Бошқача айтганда, 16 йилдирки, Ўзбекистоннинг ҳар қандай ёш тоифасидаги терма жамоаларига мухлислик қиляпман. Аввало, очиқ тан олиш керак, ўтган даврда футболимиз техник томондан сезиларли даражада кучайишга эришди.

Дейлик, бундан бир неча йил олдин ҳам Осиёнинг ўртамиёна жамоалари саналган БАА, Қатар, Баҳрайн каби термаларнинг ҳужумчи ва ярим ҳимоячилари бизнинг ҳимоячиларимизни бемалол ортда қолдирардилар. Чунончи, миллий жамоамиз ушбу ўртамиёна жамоаларга қарши баҳсларда биргина Миржалол Қосимов ижросидаги бетакрор жарима зарбаларию, омадга таяниб иш кўрарди. Шу ҳолатда баъзан ғалаба қозонарди, гоҳо ютқазарди. Қитъамиз футболи грандлари - Жанубий Корея, Япония, Эрон ва Саудия Арабистони терма жамоаларига дуч келганда эса, кўпинча мағлубиятни тан оларди. Энди-чи? Нафақат ўртамиёналар, балки грандлар ҳам бош жамоамиз билан алоҳида ҳисоблашишга мажбур бўлишяпти. Хусусан, эндиликда 4-5та жамоани айтмаганда, қолганларини енгиш унча мушкул иш саналмай қолди биз учун.

Грандларга келсак, улар фақат мукаммал тактик тайёргарлик эвазига ҳамон устун кўринмоқдалар. Шунингдек, улар қандайдир жузъий камчиликларимиздан устамонлик билан фойдаланишяпти. Оддий мухлис сифатида шахсий кузатувларимга таяниб, баъзи хулосаларимни баён этишни лозим топдим. Аниқроғи, миллий жамоамизга ҳужум пайти панд бераётган 3та асосий хато-камчиликни санаб ўтишга жазм этдим. Ўйлашимча, ушбу камчиликларни бемалол йўқотиш мумкин.

Биринчи камчилик. Жамоамиз ҳужумлари кенг фронт бўйлаб амалга оширилмайди. Масалан, ўнг қанотдан ҳужум бошланса, футболчиларимиз негадир беихтиёр марказий ҳудуд ва айнан тўп ўйналаётган томонда йиғилиб қолишади. Яъни бор эътибор, айнан ўнг қанотга қаратилади. Натижада чап қанот «томошабин»га айланади. Ваҳоланки, бу тарафдан ҳам кимдир ҳужумга фаол қўшилиши керак-ку. Кўп кузатганмиз, ҳужум чоғи тўп бир томондан жарима майдонига узатилади, рақиблар хавфни бартараф этишда уни кўпинча иккинчи қанот тараф йўналтиришади. Афсуски, шундай ҳолатда бизда тўпга эга чиқиб, ҳужумни қайта жонлантирадиган футболчи топилмайди. Ахир тартибли ва чуқур ҳимояга асосланган ҳозирги футболда рақиб дарвозасини бир уринишда ишғол қилиш мушкул. Агар футболчиларимиз такрорий ҳамла уюштиришни ўзлаштирсалар, жамоамизда самарадорлик анча ошарди.

Иккинчи камчилик. Ҳужумларимизда бир хилликни осонгина пайқаш мумкин: қанотларда тўп сурадиган футболчилар тўпни жарима майдони томон асосан «парашют» услубида оширадилар. Ҳужумчиларимиз эса хоҳлашса-хоҳлашмаса, ҳаводаги тўп учун курашишга мажбурлар. Ҳа, бу усул дунё тажрибасида кенг қўлланилади. Аммо шуниси борки, «иккинчи қават»даги курашларнинг 80-90 фоизи бой бериляпти. Хуллас, қанотлар орқали тўп ошириш тактикаси деярли самара бераётгани йўқ. Демакки, ҳаво курашларида устунликни таъминлашга қаратилган алоҳида қўшимча машқлар тизимини ишлаб чиқиш зарур. Муқобил вариант ҳам йўқ эмас - асосий урғуни қисқа ва ўртача «пас»ларга қаратиб, марказ орқали ҳужумга ўтиш тактикасини мукаммаллаштириш лозим. Менимча, бизга иккинчиси мосроқ. Зеро, футболчиларимизда жисмоний тайёргарликдан кўра, техник салоҳият баландроқ, барибир.

Учинчи камчилик. Бурчак тўплари. Бундан икки йилча олдин «ИнтерФутбол»да бурчак тўплари ижроси ҳақида таҳлилий мақола берилганди. Унда ушбу стантарт вазият қандай бажарилса, тўп жарима майдонининг қайси нуқтасига узатиб берилса, фойдали коэффициенти юқори бўлиши алоҳида чизмалар билан кўрсатилганди. Хусусан, бурчак тўпи 11 метрли жарима нуқтаси ҳудудига йўналтирилса, ҳужумдаги жамоа вакилларида имконият нисбатан ошиши аниқ фактлар асосида таъкидланганди. Қисқаси, шу ҳолатда тўпни ҳужум қилаётган жамоага насиб этиши ва зарба бериш ёки «пас» узатиш фоизи баланд бўлади. Хўш, биздаги статистика қандай? Сервер Жепаров тўпни шунчалик бураб тепадики, у тўппа-тўғри дарвозабон қўлига бориб тушади. Неча йилдирки, шу ҳолат давом этяпти. Ваҳоланки, жамоамизга дуч келмаган рақиблар ҳам барчасини билиб улгуришган. Тўғри, охирги вақтларда Сервер бу одатини анча камайтирди, аммо у ҳамон шундай тепишга мойил. Боз устига, Александр Гейнрих ҳам тўпни бураб тепишга ишқибоз. Йўқ, бундай тепишдан бутунлай воз кечиш шарт эмас. Дейлик, битта ўйин давомида бир марта шу усулни қўллаш мумкин, албатта, ҳеч ким кутмаган ҳолда. Яъни рақибларни чалғитиш мақсадида. Ахир бурчак зарбасидан тўғридан-тўғри гол урилиши камдан-кам ҳолатда кузатилади. Агар еврофутболга қарасак, бурчак зарбалари тепилаётган пайт жарима майдонига кирган футболчилар тинмай ҳаракатланиб, ўз жойларини тез ўзгартириб, ҳимоячилар тинкасини қуритишади. Охир-оқибат, рақиб вакиллари ўзлари «қўриқлаётган» футболчини «йўқотиб», қўйишади ва хато қилишади. Бизнинг футболчиларга айнан шундай ҳаракатчанлик етишмаяпти. Улар гўёки, ҳимоячилар хато қилишларини кутиб, жойларида қимирламай туриб қолишади. Наҳотки, рақиблари ҳам профессионал кўникмага эга эканликларию, ҳаракатсиз турган футболчини осонгина ёпишни уддалашларини билишмаса...

Ўйлайманки, ушбу камчиликларни бартараф эта олсак, жамоамиз нафақат Осиё, балки жаҳон ареналарида ҳам ўз сўзини бемалол айтади. Чунончи, кўриб турибмиз, аслида бизнинг футболчилар имкониятлари-салоҳиятлари етарли. Албатта, мен мутахассис эмас, шунчаки, ўзбек футболининг куюнчак бир мухлисиман. Футболни мендан кўра, минг чандон яхши тушунадиган мутахассислар борлигини ҳам яхши биламан. Аммо шунинг баробарида юқорида зикр этилган камчиликлар бизга кўп марталаб қимматга тушганини ҳам инкор этиш қийин-да.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 22:58, 13.01.2017.
Ўқилди: 10007 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.