Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Australian Open’нинг иккинчи даврасидаги кутилмаган ғалабаси билан нафақат жаҳон нашрлари сарлавҳаларида, балки Twitter’нинг жаҳон трендида ҳам пайдо бўлди.
Денис Истомин 19 январь, пайшанба куни Австралия очиқ чемпионати иккинчи давраси доирасида жаҳоннинг иккинчи ракеткаси, мусобақанинг эса олти карра ва шу баҳсгача амалдаги ғолиби саналган сербиялик Новак Жоковичга қарши кортга чиқди.
Бунгача Жоковичга қарши беш марта баҳс олиб бориб, фақат битта сетда ғалаба қозонган Истомин бу сафар сербиялик теннисчига қарши беш сет мардонавор кураш олиб бориб, сетлар бўйича 3:2 ҳисоби билан ғалаба қозонди ва сенсацион натижа қайд этди.
Истомин — Жокович баҳси якунига етиши билан, ҳар иккала теннисчининг фамилияси Twitter’да энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди. Ўйин тугаган вақтда Истоминнинг фамилияси трендда иккинчи ўринда, Жоковичники эса тўртинчи ўрнида турган эди.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонга боғлиқ мавзуларнинг, айниқса спорт тадбирлари вақтида Twitter’нинг жаҳон трендига чиқиши одатий ҳолга айланган. Жумладан, 2016 йилнинг февраль ойида Саудия Арабистони футбол клубларига қарши тўп сурган Тошкентнинг «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив» жамоалари Twitter’да энг кўп муҳокама қилинган мавзулар қаторидан ўрин ола билган эди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ўзида турли саналар, тадбирлар муносабати билан у ёки бу калит сўзлар (ҳештеглар)ни Twitter трендига чиқариш бўйича ташаббуслар 2012 йилдан бери мавжуд. Ўтган йиллар давомида #uzb21, #uzb22, #uzb24, #IrmatovBest, #Navoiy575, #BoburDay каби ҳештеглар маҳаллий фаолларнинг ҳаракатлари билан Twitter трендига чиқарилган.