«Арсенал» бош мураббийи Арсен Венгер АПЛ 22-туридан ўрин олган «Бёрнли» (2:1) клубига қарши ўйиндан сўнг ўз фикрини айтди.
«Ғалаба қозонган бўлсак-да, уни осонликча қўлга киритмадик. Биз иккинчи голни тезроқ уришимиз лозим эди. Бир футболчи кам бўлиб қолганимиздан сўнг, рақиб яхшироқ ўйнади. Бироқ якунда керакли уч очкога эга бўлдик.
«Бёрнли» – батартиб жамоа экан, улар оддий, аммо самарали ўйин намойиш этади. Биз уларга қарши аввалги ўйинда ҳам сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлга киритгандик. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
Чаканинг четлатилиши? Мен бундан хафа бўлдим. Дарвозамизга белгиланган пенальтидан ҳам, чунки очко йўқотишга яқин эдик. Аммо хафа бўлсам-да, оғзимни юмишим керак эди. Узр сўрайман» - деди Венгер.
«Арсенал» дарвозасига белгиланган пенальтига норозилик билдирган Венгер майдондан четлатилган эди.