“Алавес”, “Атлетико”, “Сельта” ва “Барселона” кўҳна мусобақанинг бу йилги турнирида ярим финалга қадар етиб келди. “Атлетико” ва “Барселона”нинг бу босқичда борлиги ажабланарли ҳолмас. Аммо “Алавес” ва “Сельта” турнирда сенсация қилишга улгурди.
“Алавес”
Баск клублари Қирол Кубогида ҳар доим ўз иродаларини кўрсатишни уддалай олишади. Мусобақа тарихида энг кўп ғалаба қозонган жамоалар орасида баскларнинг бош жамоаси – “Атлетик”нинг рўйхатда иккинчилиги бунга далил. “Атлетик” бу йилги баҳсларда нимчоракда тўхтатилди. Уни Кубокни энг кўп қўлган киритган жамоа – “Барселона” тўхтатди. Баскларнинг иккинчи гранд жамоаси – “Реал Сосьедад” эса чорак финалда курашдан чиқиб кетди. Яна – ўша каталонияликлар басклар йўлига ғов бўлди. Бошқа бир баск жамоаси – “Эйбар” ҳам чорак финалгача етиб кела олди. Буни қарангки, Ла Лиганинг бу йилги дебютанти - “Алавес” баск жамоалари орасида ярим финал йўлланмасини уддалай олди. Албатта, қуръадаги омад ҳам бу борада уларга қўл келди. Нимчоракда “Депортиво” билан икки дуранг (2:2, 1:1) қайд этиб, сафардаги гол қоидасига кўра кейинги босқичга чиқди, чорак финалда эса “Алькоркон”ни енгиб (2:0, 0:0) ярим финалчига айланди.
“Сельта”
Эдуардо Бериццо жамоасининг бу босқичгача бўлган йўли осон кечмади. “Сельта” ўтган мавсумда ҳам Кубок баҳсларида шов-шувли натижа кўрсатиб, ярим финалга қадар етиб келишганди. Ўшанда ҳам Мадрид жамоаси уларнинг “қурбони” бўлганди. “Атлетико”ни чорак финалда қолдириб кетишганди виголиклар.
Бу сафар эса “Қироллик клуби” Бериццо жамоасининг юқори прессингига дош бера олмади. Зайниддин Зидан жамоани жароҳатлар ботқоғидан тактик схемаларни ўзгартириш орқали олиб чиқишга уринди. Аммо натижа у ўйлаганидек бўлмади. Кетма-кет 40 учрашувда мағлуб бўлмаган “Реал” январга келиб икки дуранг, икки мағлубият қайд этишга улгурди. Жамоадаги жисмоний зўриқиш қийин ва тиғиз тақвимга дош бера олмади. Энди улар бир мусобақадан четга чиқиб, бироз тин олиш имконига эга бўлади.
“Сельта” эса икки фронтдаги курашни давом эттиради. Улар “Реал”га қадар нимчоракда “Валенсия”ни “қон қақшатишганди” (4:1, 2:1).
“Атлетико М”
Мавсумни бир текис ўтказа олмаётган Симеоне шогирдлари учун Кубокдаги ғалабалар жуда аҳамиятли. Жамоа яна ўзига бўлган ишончни қайтариши керак. Аммо мусобақада курашни давом эттиргани сари тақвимдаги тиғизлик клубни жисмоний синовларга чорлайди. Ҳозирча аргентиналик мутахассис ва унинг шогирдлари бахтига тақвимдаги омад ҳам уларга қўл келяпти. Нимчоракда “Лас Пальмас”, чоракда “Эйбар” мадридликларга жиддий муаммо туғдира олмади.
“Барселона”
Каталонияликларга нимчорак ва чорак финал қуръаси анча мураккаб келди. Ҳар икки босқичда ҳам ноқулай рақиблар рўбару келди. Аввалига “Атлетик” қийинчилик билан (1:2, 3:1) мавҳ этилди. Қийин кечиши кутилган “Реал Сосьедад” билан баҳсда эса Энрике шогирдлари ишончли ўйин кўрсата олишди (1:0, 5:2). Бир ой аввал Ла Лига доирасида бўлиб ўтган баҳсда каталонияликлар “Аноэта”да зўрға дурранг натижани ушлаб қола олганди. Ўшанда Энрике ҳали ҳеч бир жамоага қарши бу қадар қийинчиликка учрамаганини айтиб ўтганди. Кубокдаги тўқнашувда эса Лучо ўша хатолардан хулоса чиқарди ва юқори прессинг қўллайдиган баскларга қарши майдон марказида фаолликни оширди. Бу фаоллик “Реал Сосьедад”нинг босимини йўққа чиқарди ва уларнинг хатоларини оширди. Рақиб хатосидан эса “Барселона” қандай фойдаланишни жуда яхши билади.
Эътиборлиси, бу мавсумда Ла Лигадаги баҳслар доирасида “Барселона” кубок ярим финалига етиб келган юқоридаги уч жамоадан ҳам очко йўқотган. “Атлетико” билан дуранг қайд этган, “Алавес” ва “Сельта”гаку 3 очкодан тақдим қилган. Мана, Энрике шогирдларига қўшимча мотивация ҳам тайёр.
Қуръа
Испания кубоги ташкилотлари бу мавсумда қуръа борасида ўзгаришларга қўл урди. Агар авваллари мусобақанинг нимчорагидан турнир сеткаси шакллантирилган бўлса, бу йил ҳар бир босқич олдидан алоҳида қуръа ташланмоқда. Ҳозиргина ярим финал учун қуръа ташланди. Унинг натижалари қуйидагича бўлди:
Атлетико – Барселона
Ўзаро баҳс натижаларига клубларнинг февралдаги тақвими ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Январдаги оғир ўйинлардан кейин ўзида куч сақлай олган жамоада устунлик бўлади, албатта.
“Атлетико”нинг тақвими:
28.01. Ла Лига. Алавес - Атлетико
01.02. Кубок. Атлетико – Барселона
05.02. Ла Лига. Атлетико – Леганес
08.02. Кубок. Барселона - Атлетико
12.02 Ла Лига. Атлетико – Сельта
“Барселона”нинг тақвими:
29.01. Ла Лига. Бетис - Барселона
01.02. Кубок. Атлетико – Барселона
04.02. Ла Лига. Барселона – Атлетик
08.02. Кубок. Барселона - Атлетико
12.02 Ла Лига. Алавес – Барселона
Ким фаворит: 50/50.
Даҳшатли қарама-қаршилик. Февралнинг дастлабки кунлари футбол мухлисларига шундай тўқнашувни тақдим этди. Луис Энрике кечаги баҳсдан сўнг финалда "Сельта" билан ўйнаш орзусида эканини айтган эди. Мана, унинг орзусига мос қуръа бўлди. Фақат бунинг учун ярим финал дуэлида Диего Симеонени енгиши керак бўлади.
Сельта – Алавес
“Сельта”нинг тақвими:
28.01. Ла Лига. Леганес - Сельта
01.02. Кубок. Сельта - Алавес
05.02. Ла Лига. Сельта – Реал
08.02. Кубок. Алавес - Сельта
12.02 Ла Лига. Сельта – Атлетико
“Алавес”нинг тақвими:
28.01. Ла Лига. Алавес - Атлетико
01.02. Кубок. Сельта - Алавес
04.02. Ла Лига. Спортинг Хихон – Алавес
08.02. Кубок. Алавес - Сельта
12.02 Ла Лига. Алавес – Барселона
“Алавес” клубини бу қарама-қаршиликда яққол аутсайдер сифатида баҳолаб бўлмайди. Басклар сўнгги 13 ўйинининг фақат биттасида мағлубиятга учраган. Аммо ўша биргина мағлубият айнан "Сельта"дан қабул қилиб олинган. Тажрибали мутахассис – Маурисио Пеллегрино шогирдлари натижа учун ўйнай оладиган жамоа саналади. Бу жуфтликда ҳам кураш қизғин кечиши тайин.
Ким фаворит: Сельта 60/40.
Испания кубоги ярим финалининг дастлабки ўйинлари 1 феврал кунлари, жавоб баҳслари эса 8 феврал саналарида бўлиб ўтади.