Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Александр Востриков: «Ўзим истамаган ҳолатда фаолиятимга якун ясадим»

Баҳо:
+ | -

Бу ҳужумчи ёдингиздами? Унинг ўйинларини кўргансиз. Фаолиятининг ёрқин дамларини пойтахт вилоятининг «Олмалиқ» жамоаси таркибида ўтказиб, тўпурарлик маҳоратини намойиш этган. Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, Востриков 19та гол билан «Олмалиқ» тарихидаги мерганлар рўйхатида учинчи ўринни эгаллаб турибди. Биринчи поғонадаги Мўйдин Мамазулунов ҳисобида 41та гол бор. Зафар Полвонов эса олмалиқликлар сафида 23та тўп киритган. Икки йил аввал ўйинчилик фаолиятини якунлаган Саша бугунги кунда оиласи билан бирга Россиянинг Липецк шаҳрида истиқомат қиляпти. Биз Востриков билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Саша, футболдаги фаолиятингиз қандай бошланган? Нима учун айнан миллионлар ўйинини танлагансиз?

- Футболга акам сабаб кириб келганман. Улар билан биргаликда тўгаракка борганман. Тўғри, дастлабки икки йил машғулотларга мунтазам қатнамаганман. Кўп машғулотларни ўтказиб юборардим. Лекин кейинчалик футболсиз ўтган кунимни тасаввур ҳам қила олмай қолдим. Ўйинчилик фаолиятим Олмалиқ шаҳрида бошланган. Биринчи мураббийим Дилшод Ҳамидуллаевич бўлганлар. Ўша пайт «Олмалиқ» Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи лигасида қатнашарди. Аввалига ўринбосарлар жамоасида тўп сурдим. 2003 йилдан эса асосий таркиб футболчисига айландим. Ўша йилги мавсум якунларига кўра, лига ғолиби бўлиб, биринчи дивизион йўлланмасини қўлга киритдик. Аммо 2004 йилги мавсумда фақат бир давра «Олмалиқ» шарафини ҳимоя қилдим. Йилнинг иккинчи ярмида «Тўпаланг» сафига бориб қўшилдим. Сариосиёликлар ҳам қуйи лигада ўйнашарди. Биринчи даврада адашмасам, 12 ёки 13та тўп киритгандим. «Тўпаланг» либосида яна 12та голга муаллифлик қилдим. Якунда биз олий лигага чиқдик. 2005 йил элитадаги дебют мавсумимни ўтказдим. Худди ўша кезлари ўғлим дунёга келди. Мен учун қўшалоқ байрам бўлганди.

- Фаолиятингиздаги энг эсда қоларли мавсум қайси?

- Менимча, 2009 йил. Ўшанда «Олмалиқ»да ўйнардим. Тўғри, аввалига ишим юришмади. Ҳамма учрашувларда ҳам асосий таркибда майдонга тушавермадим. Ҳаттоки, ўйин қайдномасига киритилмаган ўйинларим бўлди. Бахтимга биринчи давра охирлари таркибимизда жароҳатланган ва сариқ карточкаси сабаб ўйинларни ўтказиб юборадиган футболчилар кўпайиб қолди. Бу эса мен учун юзага келган яхшигина имконият эди. Вазиятдан унумли фойдаланиб, асосий таркибдаги муқим ўрнимга эга бўлиб олдим. Ёзги йиғинимиз чоғида ўз устимда астойдил ишладим, ўзимни умуман аямадим. Бунинг натижасида иккинчи давра учрашувларида майдонда шунчаки, учиб юрдим (кулади). Мавсум якунида биз чемпионатда 4-ўринни эгалладик.

- Фаолиятингизни якунлаш ҳақидаги қарорни қабул қилиш осон бўлмагандир?

- Биласизми, ўзим истамаган ҳолда футболчилик фаолиятимни якунлашга мажбур бўлдим. 2014 йили биринчи лигада «Шўртан» жамоаси шарафини ҳимоя қилдим. Афсуски, иккинчи давра бошланишига бир ҳафта қолган бир пайтда машғулот чоғида жиддий жароҳат олдим. Бунинг натижасида тўрт ойга сафдан чиқдим. Оёғимга гипс қўйишди. 2015 йилнинг январь ойига келибгина югуришни бошладим. Аммо керакли спорт формага кира олмадим ва бунинг натижасида жамоасиз қолиб кетдим. Кейинчалик ўйлаб кўриб, Россияга кетишга қарор қилдим. 2015 йилнинг ёзида кўчиб кетдим. Ҳозир Липецкда оилам билан бирга яшаяпман. Икки йилга яқин вақт мобайнида футболдан йироқда бўлдим. Лекин бу узоқ муддат давом эта олмасди. Клин шаҳрининг «Титан» клуби билан шартнома туздим. Бу жамоа Москва вилоятининг учинчи лигасида қатнашади. Афсуски, эски жароҳатим яна панд берди ва фаолиятимни узил-кесил якунладим.

- Бугунги кунда нималар билан бандсиз? Қаерда ишлаяпсиз?

- Нима билан шуғулланаётганимни айта олмайман. Шунчаки, ишлаяпман.

- Мураббийлик қилиш истаги йўқми?

- Албатта, хоҳлардим. Лекин ҳозирча бунинг имкони ҳам, иложи ҳам йўқ. Биринчи галда мураббийлик гувоҳномаси керак. Бунинг учун махсус курсларда таҳсил олишим шарт. Дипломсиз сизни ҳеч ким ишга олмайди.

- Фарзандлар ота изидан кетишдими?

- Тўнғич фарзандим футболни жуда яхши кўради. «Олмалиқ»да ўйнаб юрган кезларим у ҳар бир уй учрашувимизга онаси билан бирга келарди. Липецкка кўчиб келганимиздан кейин ҳам маълум муддат ўйинларга бориб турди. Лекин кейин дангасалиги тутиб, умуман футболга бормай қўйди. Кичик ўғлим яқинда бир ёшга тўлди. Агар ўзлари хоҳлашса, бунга тўсқинлик қилмайман. Мажбурлаб футболга олиб бориш ниятим йўқ.

- «Олмалиқ» клуби ҳаётингиз ва фаолиятингизда алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда ҳам жамоанинг ўйинларини интернет орқали бўлсада кузатиб борасизми?

- Аввалига ҳар бир турни кузатиб борардим. Қайси жамоа нечанчи ўринни эгаллаб турибди? Кимлар тўпурар бўляпти? Аммо ҳозир бироз вақтим чегараланган. Шундай бўлсада, имкон қадар кўришга ҳаракат қиламан.

- «Олмалиқ» жамоасига улкан меҳнати синган Игорь Шквирин жамоадан кетди. Бундан хабарингиз борми?

- Ҳа, бу ҳақда дўстларимдан эшитдим. Билмайсизми, у ҳозир қайси жамоада ишлаяпти?

- Яқинда «Металлург» клубида селекционер мураббий сифатида иш бошлади. Саша, Ўзбекистон клубларида ўйнаб юрган кезларингиз ҳужум чизиғида қайси футболчи билан ўйинингиз чиройли чиқарди?

- Мўйдин Мамазунунов билан бир-биримизни жуда яхши тушунардик. Шунингдек, Артурас Фоменко билан ҳам. У рақиб жарима майдончасига тўпни ҳаволатиб етказиб берарди. Мендан эса тўпга бошимни шунчаки, теккизиб қўйиш талаб этиларди, холос (кулади).

- Футболчилик фаолиятингиздан кўнглингиз тўлганми?

- Албатта. Юқорида айтганимдек, «Олмалиқ», «Тўпаланг» жамоаларида жуда яхши ўйинлар ўтказдим. Голлар уриб, тўпурар бўлдим. Лекин жароҳат сабаб фаолиятимни эрта якунлаганимдан афсусланаман. Жароҳатга дуч келмаганимда ҳамон майдонда жавлон ураётган бўлардим. Чунки ҳали кучга тўламан.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:43, 06.02.2017.
Ўқилди: 6215 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.