Англия премьер-лигасининг 25-турида, кўплаб мухлисларнинг эътибори “Ливерпуль” ва “Тоттенҳэм” жамоалари ўртасидаги баҳсга қаратилади.
Мазкур превьюда жамоаларнинг бу ўйинга қандай ҳолда етиб келганини ва бу баҳс тарихи ҳақида маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.
“Тоттенҳэм” (50 очко, 2-ўрин).
Айни дам турнир жадвалида етакчи “Челси”нинг асосий тақибчиси бўлиб турган Маурисио Почеттино шогирдлари 9 турдан буён мағлубиятга учрагани йўқ ва бор йўғи иккита ўйинда (“Манчестер Сити” ва “Сандерленд”) очко йўқотишди холос. Қолган еттита ғалабалар орасида эса “Челси”нинг ҳам мағлуб этилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ундан ташқари, лондонликлар Англия кубогида ҳам иккита учрашувда ғалаба қозонишга улгуришди. АПЛнинг турнир жадвалида эса “Тоттенҳэм” 50 очко билан 2 поғонани эгаллаб турибди.
Жамоа яна бир жиҳат бўйича ҳам Англияда етакчилик қилмоқда, яъни клуб 24та ўйинда бор йўғи 16 маротаба ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан.
“Тоттенҳэм” меҳмондаги ўйинларда қайд этган натижалари бўйича ҳам энг яхши натижага эга (“Челси” билан бирга). Клуб рақиб майдонида ўтган 12та учрашувнинг бор йўғи 2тасида мағлуб бўлган. Шунда ҳам АПЛнинг етакчи жамоаларига, яъни “Челси” ва “Манчестер Юнайтед”га. Меҳмонда урилган голлар нисбати эса 18га 11 “Тоттенҳэм” фойдасига. Шунингдек, жамоа рақиб майдонида ўтган 12 ўйининг фақат 3тасидагина рақиб дарвозасини ишғол эта олмаган (етакчи “Челси” 2та ўйин).
“Ливерпуль” (46 очко, 5-ўрин).
Мерсисайдликлар ҳақида гапирадиган бўлсак, сўнгги пайтларда уларнинг иши юришмаяпти. “Ливерпуль” бундан тўртта тур олдин турнир жадвалида иккинчи поғонани эгаллаган ва “Челси”дан бор йўғи 5 очко ортда қолаётган эди. Бироқ, Юрген Клопп шогирдлари мана 5 тур ўтибдики, ғалаба қозона олмаяпти ва турнир жадвалида бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу ҳам етмагандек, мерсисайдликлар Англия кубогида, чемпионшипда қатнашаётган жамоа “Вулверхемптон”га ҳам имкониятни бой бериб, мусобақадан чиқиб кетди. Англия Лига кубогида эса “Саутҳемптон” мазкур жамоа юришини тўхтатди.
“Ливерпуль”нинг яна бир камчилиги - учрашувнинг сўнгги дақиқалари бўлиб қолмоқда. Сабаби, клуб 90 дақиқа юқори темпни ушлаб қола олмаяпти. “Ҳалл Сити”дан 84, “Саутгемптон”дан 90, “Суонси”дан 79, “Манчестер Юнайтед”дан 84, “Сандерленд”дан 84-дақиқаларда ўтказиб юборилган голлар жамоанинг нозик нуқтаси қаерда эканлигини кўрсатиб қўйди. Бу футболчиларининг жисмоний тайёргарлиги борасида жамоада камчиликлар борлигидан далолат беради.
Лекин ўзаро ўйинларга назар ташласак, сўнгги 5 йил ичида “Тоттенҳэм” мерсисайд клубини ҳали мағлуб эта олганича йўқ. Яъни 11 учрашувда 7та мағлубият ва 4та дуранг. Балки, энди Почеттино бу қора анъанага барҳам бера олар. Ҳар холда жамоа чемпионлик пойгасида “Челси”нинг асосий рақобатчиси бўлиб турибди.
Ўзаро учрашувлар: 165 та
Ғалабалар: 76та (“Ливерпуль”) – 47та (“Тоттенҳэм”). 42та дуранг.
Голлар: 257та (“Ливерпуль”) – 187та (“Тоттенҳэм”)
Энг йирик ғалабалар: 7:0 (“Ливерпуль”) – 7:2 (“Тоттенҳэм”)
Мазкур учрашувни УЗРEПОРТ каналида Тошкент вақти билан 22:30да жонли эфирда томоша қилинг.