Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи иккинчи давраси олдидан Туркиянинг Анталия шаҳрида 8–12 февраль кунлари навбатдаги ўқув-машғулотлар йиғинини ўтказди.
Йиғин давомида терма жамоа иккита ўртоқлик учрашувини ўтказди. 10 февраль куни Самвел Бабаян шогирдлари Россия Премьер-лигаси вакили “Амкар” клуби билан куч синашиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 11 февраль куни эса Ўзбекистон термаси Арманистоннинг “Алашкерт” клубига қарши майдонга тушиб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари бугун Тошкентга қайтиб келади. Бош мураббий Самвел Бабаян бўлиб ўтган йиғин якунлари борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Терма жамоа учун муҳим ва сифатли йиғин ўтказилди. Асосий мақсад – ўзига яраша юқори даражадаги “Амкар” клуби билан назорат ўйини ўтказиш эди. Мазкур беллашув фонида терма жамоага номзод футболчиларни кўздан кечирдик. Аввал таъкидлаганимдек, “Амкар” билан ўйин натижаси ва футболчилар хатти-ҳаракатидан қониқиш ҳосил қилдим. Асосий таркибдан ташқари захирани ҳам шакллантирдик. Ёш футболчилар ўсишда давом этмоқда, уларга имконият берилди. Мазкур ўйинда майдонга тушганлар захира кучи саналади. Ҳужум чизиғи эса саралаш учрашувларидаги асосий потенциалимиздир”, – деди Бабаян.
“Йиғин доирасида “Алашкерт” билан ўйин ҳам ўтказилди. “Амкар” билан ўйин назорат ўйини бўлса, мазкур беллашув машғулот ўйини эди. Арманистон клубига қарши ўйинда “Амкар” билан учрашувда иштирок этган футболчилар майдонга тушмади. Нестеров оилавий сабабларга кўра йиғинни тарк этди, унинг ўрнига “Металлург” посбони Суҳроб Султоновни чақирдик. Шунингдек, Отабек Шукуров Туркияга бетоб ҳолатда келди. У “Ал-Жаиш”га қарши ОЧЛ ўйинида ҳам бироз шамоллаган эди. Унинг соғлиғи билан таваккал қилишни истамадик ва Шукуровга дам бердик. “Локомотив” футболчилари ОЧЛ 1-тур ўйинига тайёргарлик кўраётгани сабаб, уларни клуб сафига жўнатиб юбордик. Улар “Алашкерт” билан ўйинда иштирок этмади. Арманистон клуби билан тажрибавий таркибда ўйнадик. Бундан ташқари, Туркияга ўз клуби билан келган ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси футболчиларини синовдан ўтказдик”, – дея фикрини баён қилди терма жамоа устози.
“Умуман олганда, якунига етган йиғиндан кўнглим тўлди. Бундай ўқув-машғулотлар терма жамоа олдидаги вазифаларни бажаришда жуда муҳим саналади. Сурияга қарши ўйин олдидан клуб бош мураббийлари билан келишган ҳолда футболчиларни 14–15 март кунлари чақирамиз ва эҳтимол 1 кунлик йиғин ўтказамиз. Бир кунлик йиғинда жисмоний эмас, асосан назарий тайёргарликка эътибор қаратилади. Футболчилар билан доимо алоқада бўлиш катта аҳамият касб этади. Бу ўз навбатида йигитларга терма жамоа фалсафасини яхшироқ тушунишга кўмак беради”, – дея фикрини якунлади Самвел Бабаян.
Маълумот ўрнида, Сурия ва Ўзбекистон ўртасидаги ЖЧ–2018 саралаш босқичи 6-тур учрашуви шу йилнинг 23 март куни бўлиб ўтади. Учрашувда Сурия номинал мезбон бўлгани ҳамда мамлакатда сиёсий барқарорсизлик ҳукмронлик қилаётгани сабабли ОФК ўйинни нейтрал зона – Малайзияда ўтказилишини таъминлади.
Мазкур беллашув Малайзиянинг Серембан шаҳридаги Tuanku Abdul Rahman Stadium стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 17:00 да старт олиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи “А” гуруҳи 5-туридан кейин 9 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Сурия 5 очко тўплаган ҳолда тўртинчи ўринни банд қилиб турибди.