Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Коутиньо: «Хитой ёки Испанияда ўйнамоқчи эмасман – тамом»

Баҳо:
+ | -

«Ливерпуль» клуби плеймейкери ва бош юлдузи - Филиппе Коутиньо The Daily Mail нашри журналистлари билан суҳбат чоғи қатъий ишонч ва оҳангда таъкидлади: «Ҳозирда «қизиллар» сафидан қаергадир кетишни ҳаттоки, ўйлаётганим йўқ, чунки айнан шу ерда максимал даражада қулайликни ҳис қиляпман».

Гап шундаки, яқинда тарқалган битта хабар бутун Англиянинг Шимоли Ғарбидаги мухлисларни хавотирга солди. Зеро, «Ливерпуль» футболчиларидан бирининг Хитой ёки «Барселона»га йўл олиши мумкинлиги ёзилганди. Кўпчилик бу хабар ақл бовар қилмас иқтидор соҳиби, АПЛдаги асосий ўзгача ҳаракатланувчи футболчи Фелиппе Коутиньо ҳақида эканлигини  дарҳол тушунди.

Тўғри, бразилиялик ярим ҳимоячининг ўзи тезда бунга муносабат билдириб, «Ливерпуль» билан хайрлашиш нияти йўқлигини айтди. Аммо мухлисларнинг кайфиятлари қайта бузилди. Яъни жамоа Лига кубогида «Саутгемптон»дан 0:1 ҳисобида енгилди. Бу «Ливерпул»нинг «Уэмбли»даги финалда ўйнамаслигини билдирарди.

Шунга қарамай, Юрген Клопп хурсанд - Коутиньо билан шартноманинг узайтирилиши клубнинг иштиёқи баландлигидан далолат экан. Шунинг баробарида айтиш керак, музокаралар силлиқ кечмади. Муҳими, якунда рекорд муддатли битим хусусида келишувга эришилди.

- Фелиппе, агар сизни битта ибора ёрдамида таърифлаш зарурати туғилса, қайси калимани ишлатиш мақсадга мувофиқ?

- Плеймейкер. Аслида ўз ҳақимда гапиришни хушламайман. Қилаётган ишларимга четдагилар баҳо беришсин. Яна ўз режаларимни достон қилишни ҳам истамайман. Тушунарлики, майдондаги позициямдан келиб чиқиб, мендан кўп нарса кутишади. Демак, жамоадошларимни имкон қадар яхши вазиятга чиқариш баробарида ўзим ҳам гол уришга уринишим керак.

- 10-рақамли футболка сизга босим юклайдими ёки кўтаринкилик улашади?

- «10» футболда нимани англатишини Бразилиядаёқ тушунганман. Бу алоҳида ажралиб турувчи белги. Шундай экан, айнан 10-рақам остида майдонга тушиш ҳар қандай футболчига ғурур бағишлайди. Уни бежиз энг муҳим ўйинчиларга беришмайди. Зиммамга шундай масъулият юклашаётганидан хурсандман. Аммо унутмаслик керак, сенга футболкангдаги рақам эмас, балки майдондаги ишингга қараб, баҳо беришади.

- Ҳафта давомида 2та мағлубият - аввалига АПЛда «Суонси»дан, кейин Лига кубогида «Саутгемптон»дан. Воқеаларнинг бундай ёқимсиз ривожи жароҳатдан эндигина қутулган Коутиньога қанчалик таъсир қилди?

- Салбий натижаларни тезда унутиш керак. Ҳарқалай, уларни ўйлаб, сиқилиш ва надомат тортишдан наф йўқ. Яхшиси, бўлажак ўйинлар ҳақида бош қотирган маъқул.

- «Ливерпуль» чиндан ҳам, юксакликка интилмоқда. Шундай бўлсада, аввало, мавсум тугашини кутишингиз ва жамоанинг ЧЛга йўлланма олиш-олмаслигига қараб, қолаверса, қандай трансферларни амалга оширишидан келиб чиқиб, иш тутишингиз мумкин эди. Яъни шартномани узайтиришга шошилмадингизми?

- Йўқ, кутиш ортиқча. «Ливерпул»нинг муваффақият қозонишига ишончим комил. Ахир ҳар куни шу жамоа муҳитида нафас оляпман ва барчасини кўриб турибман. Клуб иштиёқи зўр, жамоадошларим ва мураббийимизда ишонч ҳисси катта. Шубҳадан асар ҳам йўқ экан, шартнома тузишни пайсалга солишдан маъно нима?

- Демакки, келажагингизни айнан «Ливерпул»да кўряпсиз.

- «Ливерпуль» қандай жамоа эканлигини жуда яхши биламан. Бу Далглиш, Раш, Хансен, Сунесс, Суарес, Жеррард каби буюклар тарихи. Жамоага келганимга 2 йилдан ошди, бу ерда янги ўйинчи эмасман. Хуллас, қандай клубда тўп сураётганимни қалбан ҳис қиляпман. Янги шартнома остига имзо чекиб, мақсадим шу буюклар қаторидан жой олиш эканлигини кўрсатдим. Улар клубнинг чинакам афсоналари. Футболчининг муваффақияти клубга содиқлиги ёки қўлга киритган совринлари билан ўлчанади. Икки жиҳатнинг салмоғи тенг. Шу маънода айтсам, элит рўйхатдан жой олиш учун бор маҳоратимни ишга солишим керак. «Ливерпул»нинг қандай совринлар ютиши эса, мутлақо бошқа масала. Умид қиламанки, янги 5 йиллик келишув давомида совринларни ҳам ўзимизга «бўйсиндириш»ни эплаймиз. Муҳими, узоқ муддати шартнома хотиржам ишлашга имкон беради.

- Хабарларда айтилишича, Хитой клуби сизга астрономик миқдорда маош ваъда қилибди. Айрим юлдузлар каби Осиёга йўл олишингиз мумкинмиди?

- Хитойда тўп суриш мен учун қизиқарли эмас. Таклиф хусусида ҳаттоки, бир лаҳза ҳам ўйлаганим йўқ. Зеро, менинг футболим шу ер - Ливерпулда. Қалбим «қизиллар»га тегишди. Бошқа жамоа ҳақида гапиришим ҳам ортиқча.

- Испания ОАВда эса, «Барселона»га ўтишингиз роса муҳокама қилинди. Дейлик, Sport нашри ўз муқовасини суратингиз остига қў-йилган Objetivo Coutinho сарлавҳаси билан безади. Хуллас, журналистлар ишонч билан «қон таҳлили» бўйича Каталония клубига мутлақо мос тушишингизни ёзишди...

- Бундай гапларни эшитиш ёқимли. Бироқ қайтараман, ҳозир ўз жойимни топганман ва нималарга қодирлигимни айнан шу ерда исботлашим зарур. «Ливерпуль» муайян стратегияга эга. Клуб чўққига қайтиш ҳаракатида ва менимча, бунинг учун имконият етарли. Мақсадим - қайтиш-тикланишнинг бир қисмига айланиш. Клуб хўжайини, мураббийи, футболчилар - ҳамманинг мақсади бир. Демоқчиманки, катта клублар билан курашадиган даражага чиқишга тўсқинлик қилувчи омил йўқ. Ҳали нафақат Англия, балки Европа грандларига ҳам тенглашишимиз мумкин. Дейлик, ўша «Барселона»га ҳам.

- «Ливерпул»нинг буюк клуб эканлиги тайин. Шаҳардаги турмуш тарзи ҳақида нима дейсиз?

- Эсимда, Англияга кўчиб келганимда, атрофимдаги кишилар бирдек ёрдам беришганди. Демоқчиманки, ливерпулликлар ғоят меҳмондўст. Клуб раҳбарияти ҳам барча масалада имкон қадар шароит яратиб берди. Яъни мен учун аввало, футбол, иккинчи даражада яна футбол ҳақида ўйлаш қолди, холос. Умумий олганда, Ливерпулда яшаш қулай. Оилам ҳам бу ерда бахтиёр.

- Ягона ноқулайлик жароҳатингизга боғлиқ бўлса керак. Ахир шу туфайли ноябрдан январнинг бошигача майдонга тушолмадингиз.

- Бу ҳақда гапиришнинг ўзи азоб. «Энфилд» қиёси йўқ стадион, фанатлар ҳар бир ўйинда қойилмақом муҳитни таъминлашади. Шундай ажиб жараёндан четда қолиш кимга ҳам ёқарди? Албатта, жароҳат футболнинг ажралмас қисми. Умидворманки, бунчалик узоқ мажбурий дам олиш қисматига бошқа дуч келмайман.

- Айтишларича, машғулотлар базасидан 15 дақиқалик йўл узоқликда жойлашган уйингиз доимо гавжум экан. Шуни назарда тутиб айтсак, бразилияликларга хос хушчақчақ ҳаёт тарзига мойилсиз, чоғи...

- Ҳа, уйим ҳеч қачон бўшамайди - дўстларим, қариндошларим мудом меҳмон бўлишади. Бундай гавжумлик аввало, ўзимга ёқади. Дейлик, дўстларимни стол футболида баҳслашишга чорлашим мумкин. Тўғри, хотиним Айне ва қизим Марияга кўпроқ вақт ажратаман, барибир.

- Футбол мавзусига қайтамиз: АПЛда «Челси» анча илгарилаб кетишга улгурди. Буёғига ЧЛнинг қолган 3та йўлланмаси учун «Ливерпуль», «Арсенал», «Тоттенхэм», «Манчестер Сити» ва «МЮ» ўртасида кураш боради, шекилли.

- Ҳа, АПЛ - мураккаб чемпионат. Буни зинҳор унутмаслик керак. Шахсан мен «Челси»ни бўлажак чемпион сифатида кўрсатаётганларга қаршиман. Ҳарқалай, биз охиригача курашамиз. Чунки олтин медалдан ҳали умид узганимизча йўқ. Афсуски, кутилмаган очко йўқотишлар панд беряпти. Акс ҳолда, пешқадам бунчалик узоқлашиб кетмасди. Тан олиш керак, «Челси» ажойиб жамоа. Менга айниқса, Эден Азар ва Виллиан ижросидаги ўйинлар ёқади. Уларни менга қаршилик қилган энг кучли рақиблар сифатида таърифлашим мумкин. Лекин такрор айтаман, бизнинг жамоа ҳам чакки эмас ва чемпионлик учун курашда «интрига» сўнмаслиги йўлида боримизни берамиз. Шунинг учун ҳам «Ливерпул»даман.

- Табиий савол туғилади: шартномани бирданига 5 йилга узайтиришни клуб хоҳладими ёки сиз?

- 5 йиллик келишувни 2та асосий фактор билан асослашим мумкин. Биринчиси - клубнинг мақсадлари. Шубҳа йўқ, бизни олдинда ажойиб дамлар кутмоқда. Иккинчиси - мени доимо қўллаб-қувватлайдиган оилам хоҳиши. Бу ерда ҳар бир футболчига нисбатан ажойиб муносабат ҳукмрон. Клубнинг бундай ёндашуви бор эътиборни футболга қаратишни тақозо этади. Фақат мен эмас, барчага бирдек ғамхўрлик қилиняпти. Умуман, «Ливерпул»да мақташга арзийдиган тизим йўлга қўйилган. Дейлик, сафимизга янги футболчи қўшилса, бутун жамоа уни ва оиласини тўлақонли қўллаб-қувватлайди. Айниқса, легионерларга эътибор катта. Табиийки, футболчи бундай муҳитда ортиқча муаммоларни сезмайди ва чинакам профессионал жамоага тушганини яққол ҳис қилади.

- Филиппе, футболни қаттиқ севишингиз тушунарли. Хўш, ўйинларни томоша қилиш масаласида қандайсиз?

- Очиқ айтаман, футбол томошасига хушим йўқроқ. Ўйинда бевосита иштирок этганим маъқул. Тўғри, баъзида телеэкран олдида эҳтиросли мухлисга айланаман. Аммо бунақаси аҳён-аҳёнда кузатилади.

- Англия чемпионатининг алоҳида характерли томони нима?

- Фаоллик. Доимий фаоллик. Шунингдек, тезлик юқори, тўп ҳеч қачон тўхтаб қолмайди, маром ва суръат барқарор. Тажовузкорлик ҳам бор, аммо фаоллик биринчи ўринда туради, барибир.

- Энди ҳар кимда чуқур таассурот уйғотадиган Юрген Клопп шахсига ҳам тўхталсак. Шахсан сиз уни қандай мураббийлар гуруҳига қўшардингиз?

- Клоппга хос барча ҳаракатлар - табиий. Яъни у сунъийлик ёки сохталикдан холи. Унинг барчасини дилдан бажариши кўпчиликка ёқади. Юрген яна ҳар бир майда жиҳатни эринмай тушунтиради, қайсидир услубнинг фойда келтиришига шубҳа қолдирмайди. Умуман, у билан ишлаш кишига роҳат бағишлайди. Клопп «Ливерпул»да ҳам 100 фоиз муваффақият қозонади - бунга тўлиқ ишонаверинг.

- Стивен Жеррарднинг клуб тизимида иш бошлаши футболчиларни ҳам руҳлантиргандир...

- Англияга кўчиб ўтганимдан буён Стивга меҳрим баланд. Ундан кўп нарса ўрганишга ҳам улгурдим. Мисол учун, Жеррарднинг тўпни қандай назорат қилишини диққат билан кузатардим. Унинг ҳаракатлари шунчаки, фантастика эди. Хуллас, буюк инсоннинг қайтиши клуб учун катта аҳамият касб этади. Қайтараман, шахсан мен унга устоздек қарайман. Умид қиламанки, эндиликда муваффақиятларни биргаликда нишонлаймиз.

Трансфер нархи бўйича ўсиш

Коутиньо ҳар сафар клуб базасига кираверишдаги «Чемпионлар девори»га ўзгача диққат билан нигоҳ ташлайди. Зеро, унда «Ливерпуль» тарихи мужассам - 18та чемпионлик ва ЕЧК|ЧЛда қўлга киритилган 5та кубок. Тўғри, улар ва бразилиялик футболчи ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Умуман, Коутиньо «Ливерпуль» сафига 2013 йили «Интер»даги омадсизликдан сўнг қўшилганди. Филиппе «Васку да Гама»дан «А» сериясига ўтиб, бирданига ўзини кўрсатолмагач, «нерадзурралар» уни ҳеч қандай надоматсиз чамаси 10 миллион фунтга сотишди. Эътиборлиси, тransfermarkt.dе сайти айни пайт Филиппе трансферини деярли 3 баравар қимматга баҳолаяпти. Умуман, харидорлар бундан анча кўп таклиф этишлари мумкин. Коутиньонинг Англиядаги ўйинлар орқали Бразилия терма жамоаси таркибидан жой олганию, 23та ўйинда 6та гол урганини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:22, 17.02.2017.
Ўқилди: 6196 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.