«Ливерпуль»нинг қийинчиликлари давом этмоқда. «Хавфли зона»да бўлган «Лестер»га қарши ўйинда «қизиллар» ғалаба учун яхши имкониятга эга эди ва бу орқали Премьер Лигада учинчи ўринга кўтарилиб олиши мумкин эди. Бироқ Ранерини истеъфога чиқарган амалдаги чемпионлар меҳмонларга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Агар биз ўзимизнинг энг яхши даражамизда ўйнасак, бизни енгиш қийин бўлади. Бироқ мен «Лестер»нинг Чемпионлар Лигасидаги ўйинини кўрдим ва уларнинг ўйинга қайтиши ажойиб бўлди. Биз ўзимизга жуда ишониб қолмаслигимиз керак. Қилиниадиган ишлар кўп, бироқ энг асосийси – энг яхши ўйинимизни кўрсатишдир», – деган эди «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп ушбу ўйин олдидан.
Ўйин давомида эса ҳақиқатан ҳам кузатилган энг катта муаммо – бу «Ливерпуль» ўзининг энг яхши даражасидан анча узоқда бўлганидир. Айни пайтда Премьер Лигада бешинчи ўринда бораётган «қизиллар» кейинги мавсумда Чемпионлар Лигасида ўйнашни мақсад қилган, бироқ Юрген Клопп жамоаси яна ғалабалрга эришиши учун керакли ечимларни топа олмаяпти.
«Ливерпуль» барча мусобақаларда ўтказган сўнгги 7 ўйинидан фақат биттасида ғалаба қозонди («Тоттенҳем» устидан). Жумладан, жамоа «Ҳалл Сити», «Соутгемптон» ва ҳатто «Суонси»га мағлуб бўлди. Бу Клопп ҳеч нарса қила олмаётганидан далолат беради. Унинг Премьер Лигадаги дастлабки 56 ўйини аввалги мураббий Брендан Рожерсга қиёсланса, натижа бир хил эканлиги маълум бўлади: иккала мураббийда ҳам 27 ғалаба, 16 дуранг, 13 мағлубият ва 97 очко.
Дастлабки 56 ўйинда Брендан Рожерс жамоаси 114 гол уриб (айниқса Луис Суарес хизматлари эвазига), 64 та гол ўтказиб юборган. Клопп жамоаси эса 110 гол уриб, ўз дарвозасидан 73 та тўп ўтказиб юборди. Шунингдек, Рожерс жамоаси «Энфилд»да кўпроқ ғалаба қозонган: 17 та (Клоппда 14 та).
Шундай экан, агар Чемпионлар лигасига чиқишни ва умуман «Ливерпуль» билан совринлар ютишни истаса, Клопп Англия Премьер Лигасига мослаштирилган ечимлар топиш орқалигина буни уддалаши мумкин.