Осиё Чемпионлар лигасининг 2017 йилги мавсуми гуруҳ босқичини кетма-кет икки мағлубият билан бошлаган Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби ҳимоячиси Акром Комилов «Maydon» нашрига интервью бериб, феъл-атворини ўзгартиргани ҳақида гапирди.
«Ал Айн»га қарши ўйинда қизил карточка олиб, жамоамни қийин аҳволга солиб қўйдим. Буни тан оламан. Айнан шу қизил карточка туфайли «Бунёдкор» мағлуб бўлди, деб ҳисоблайман. Бунинг учун жамоадошларимдан ва мухлислардан узр сўрайман. Бу менга қаттиқ таъсир қилди» - деди Акром Комилов.
Тошкентда кечган «Ал-Айн»га қарши учрашув «Бунёдкор»нинг 2:3 ҳисобидаги мағлубияти билан якунига етган бўлиб, шундандан кейин бош мураббий Сергей Лушчан Акром Комиловни ечиниш хонасидан топа олмагани учун ундан хавотирда эканини маълум қилганди.
«Икки ўйинда кўп хатога йўл қўйдик ва буни ўзимиз ҳам биламиз. Мураббийлар буни тушунтиришаяпти. Лекин бу вақтинчалик эканига ишонаман. Биз ҳаммасини тўғирлаймиз. Шунчаки, бизга бироз вақт керак, мавсум энди стартга кирди» - деди Акром Комилов.
Футболчи Сардор Рашидовнинг Лушчан ҳақида айтган фикрларига қарамай, «Бунёдкор» аъзолари у билан яхши алоқада экани ҳақида ҳам айтиб ўтган.
«Рашидов билан барчамиз яхши муносабатдамиз. У билан гаплашиб турамиз. Бизда унга нисбатан ҳеч қандай реакция бўлгани йўқ. Вазиятни журналистлар кўпиртириб юборган кўринади. Тўғриси, бунга жиддий эътибор бермадик. Унинг гапи бизнинг муносабатларимизга таъсир қилмайди. Мен интервьюни ўқимаганман ҳам» - деди Акром Комилов.
«Ал-Айн»га қарши учрашувдан кейин журналистлар Акром Комилов ўзини қачон ўзини босиб олади қабилида савол берганди. Футболчи шу масалага ҳам жавоб қайтарди.
«Мен энди ўзгардим ва бундан кейин қизил карточка олмасликка ўзимга сўз бердим. Яна бир бор ўша ўйин учун мухлислардан узр сўрайман» - деди Акром Комилов.