Бундан 4 йил муқаддам "Бавария" "Барселона"ни 4:0 ҳисобида енгганда ўшанда ҳам ўз уйида "Барселона" "камбэк" кўрсатишига ишонганлар истаганча топиларди. Шахсан ўзим ҳам "Бавария"ни муддатидан олдин финалда тасаввур қилмаётгандим. Лекин футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Чемпионлар Лигасининг 1993/1994 йиллардаги мавсумидан ўрин олган "Вердер"- "Андерлехт" ўйинини томоша қилганимда ундан-да кучли интригани кўрганмиз. Биринчи таймдан кейин 0:3 ҳисоби билан имкониятни бой бераётган "Вердер" танаффусдан кейин ҳисобни 5:3 кўринишига олиб кела олди.
Евро-2000 гуруҳ босқичининг Югославия-Испания ўйинида ҳам худди кечаги "Камп Ноу"да кечган манзаранинг гувоҳи бўлдик. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳисоб 3:2. Югославия фойдасига. Ана шундан сўнг Испания терма жамоаси ҳимоячиси Абелардо рақиб жарима майдончасига бориб "артистлик" ишлатди. Пенальтидан испанлар унумли фойдаланишди. Ҳисоб — 3:3. Бу ҳисоб ҳам уларни гуруҳдан чиқишларига ёрдам бермайди. Ана шунда ҳакам яна бир марта имконият яратиб берди — ўйин испанлар ғалаба тўпини киритгунларича ушлаб турилди. Мана сизга спектакль.
Ана энди кечаги ўйинга қайтамиз. Биринчи таймда "Барса" зўр ўйнади. Ҳар томонлама. Улар 0:4 ҳисобини йўққа чиқариб, тарихга қолиш учун астоидил ҳаракат қилишди. Голлар ҳам тоза урилди. ПСЖ эса ўзига умуман ўхшамади. Иккала гол ҳам ҳимоячиларнинг хатоларидан, деярли бартараф этса бўладиган вазиятлардан киритилди. Танаффусга "Барса" минимум вазифани бажариб чиқиб кетди.
Танаффусдан кейин ПСЖ дарвозаси томон шубхали пенальти. Менимча, пенальти бермаса ҳам бўларди. Месси жарима тўпини қойилмақом ижро этди. Кейин Каванининг зарбаси устунга тегди. Бу Каталония клуби учун ўзига хос огоҳ кунғироғи эди. Аммо ўша кимлардир хавотир олган воқеа содир бўлди. Кавани ниятига эришди. Эҳтимол ана шу гол ПСЖнинг кечаги аламли мағлубияти учун асос бўлгандир. Ахир "Барселона" охиригача курашадиган жамоа.
Голдан кейин ПСЖ зўр ўйнади. 88-дақиқагача ҳам ўзлари тузган сценарийни кўнгилдагидек намойиш этиб келишаётганди. Каванининг голидан кейин вазифа бажарилган ҳамма ҳакамнинг финал ҳуштагин кутмокда. 89-дақиқадан кейин асосий вакт тугайди, ундан кейин ҳакам нари борса 3 дақиқа қўшар. Ўзи ўйинда унча тўхталишлар бўлгани йўқ, футболчилар ҳам кам алмаштирилди. Ана шу сўнгги дақиқаларда парижлик футболчилар ўзларини муддатидан олдин чорак финалда ҳис этиб юборишди. 88-дақиқада ҳам шахсан мен ўйин тақдири ҳал бўлганига ишонмаётгандим. Ўйлаганимдай бўлиб чикди. Дастлаб Кавани ва Ди Мария юз фоизлик имкониятни барбод этишди. Агар ПСЖга гол сув ва ҳаводек зарур бўлганда улар бу ишни уддалардилар. Неймар «кўк-анорранглилар»нинг тўртинчи голини урганда ҳам дарвозабон зарбани қайтарса бўларди. Қолаверса, жонли девор ҳам нотўғри қўйилди. ПСЖ футболчилари бундан буёғига "Барселона" 3 та гол уролмайди, деб ўйлашган чоғи. Кавани ва Ди Мариялар қулай вазиятни кўкка совуришганда улар ҳам шуни ўйлашган, менимча. Футболда сен урмасанг, сенга уришади деган нақл бор. Чорак финалда эканига ортиқча ишониб юборган ПСЖ охирида муносиб жазоланди.
Ана энди бу ёғига ўйин ҳаками Дениз Айтекин хўжайин. Биласизми, ЕЧЛ-2011/2012 ярим финалидаги "Барселона" -"Челси" ўйинидан кейин "Челси" ҳужумчиси Дидье Дрогба нима деган?" Биз рақибга қарши алоҳида тайёргарлик кўрдик, ҳакамларга қарши алоҳида тайёргарлик кўрдик. Чунки 2009 йилда ҳакамлар худди ана шу рақибга қарши баҳсда бизни синдиришганда, бу бизга яхшигина сабоқ бўлганди". Энди ўйлаб кўринг, кечаги Суареснинг вазиятида пенальти бормиди?
Суарес, мен сенинг ўйинларингни яхши курардим. Ҳар қандай вазиятда ҳам эркак бўл, инсон бўл. Майли, жамоанг чорак финалга чиқмаса чиқмасин, лекин сен голни тоза ур, футболни тоза ўйна. Лоақал, ЖЧ-1962 да сенинг ватандошларингга қарши баҳсда Иттифоқ терма жамоаси етакчиси Игор Неттонинг мардлиги ҳакидаги афсонани эшитмаганмисан? Ўшанда Нетто ҳакамга жамоасининг голи ноҳаққоний бўлганини билдирганини эшитган бўлсанг, сен ҳам Дениз Айтекинга йўқ мени йиқитишмади, ўзим йиқилдим деб айта оласанми?
Нима бўлганда ҳам бу ПСЖ учун муносиб жазо эди. Улар иккала ўйинда ҳам яхши ўйнашди. Вазиятларни ҳам кўкка совуришди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида эса ташлаб қўйишди. Бундай кечирилмас хатоларга йўл қўйган жамоани эса, Сержи Роберто муносиб жазолади. Агар Неймарнинг 89-дақиқадаги голи бўлмаганда ҳакам пенальти ҳам белгиламасди, ўйинга 5 дақиқа эмас, камроқ қўшиб берарди. Ишонаверинг! Бўларнинг ҳаммасига ПСЖнинг ўзи айбдор. Демак, ҳаёт ҳали давом этади. ПСЖ ҳам бу ўйинлар орқали барчада яхши таассурот қолдирди. Биз бу жамоадан келгуси мавсумларда ҳам ана шундай ўйинлар кутиб қоламиз. "Барселона"га эса омадлар тилаймиз!
Сафарали СИДДИҚОВ