«Бунёдкор» Ўзбекистон чемпионатидаги иккинчи ўйинда очко йўқотди.
«Олмалиқ» клубига қарши учрашувдан кейин «Бунёдкор» бош мураббийи Сергей Лушчан журналистлар саволларига жавоб қайтарди ва клубнинг етакчи футболчиси Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штабининг таклифига кўра майдонга тушмагани ҳақида айтиб ўтди.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳозир муҳим ўйинларга тайёргарлик кўрмоқда. Шу боис терма жамоа устозлари билан суҳбатдан сўнг кичик жароҳати бор бўлган Шомуродовга бироз дам беришга қарор қилдик. Таркибда унинг ўрнини тўлдира оладиган футболчилар бор.
Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Маълумот учун, «Бунёдкор» футболчилари «Олмалиқ» дарвозасига 77 дақиқа давомида йўл топа олмагач, Лушчан кичик жароҳати бор бўлган Шомуродовни барибир майдонга туширди. Мураббий бунда ҳам терма жамоа мураббийлари билан маслаҳатлашганми ёки йўқ — аниқлик киритилмаган.
Сергей Лушчан бунга қадар ҳам таркибни терма мураббийлари билан маслаҳатлашиб белгилаганми ёки йўқ маълум эмас. Терма мураббийлар штабида фаолият олиб бораётган мутахассислар ўзи Олий лига клубини бошқарганида ҳам шундай ишлаганми ёки йўқ — маълум қилинмаган. Лушчан, шунингдек, «Олмалиқ»нинг мағлуб этилмаганига Шомуродовнинг йўқлиги сабаб бўлдими ёки йўқ — ошкор қилмади.
«Бунёдкор» Осиё Чемпионлар лигасининг 3-турида Эроннинг «Зоб Аҳон» клубига қарши майдонга тушади. Мазкур беллашувда ҳам «қалдирғочлар» терма манфаатлари асосида таркиб танлайдими ёки йўқ яқин кунлар ичида маълум бўлади.