Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Сервер Жепаров: «Кореяга қайтиш варианти ҳам бор эди»

Баҳо:
+ | -

Якшанба куни Эрон про-лигасида 23-тур ўйинларига якун ясалди.

Бу чемпионатда ўзбекистонлик икки футболчи - Сервер Жепаров ва Азиз Ибрагимов ҳам тўп суришяпти. Миллий жамоамиз вице-сардори «Сепахон» клуби шарафини ҳимоя қилаётган бўлса, ўтган мавсумни «Бухоро»да ўтказган Ибрагимов «Машин Сози» либосида майдонга тушяпти. Ниҳоят, ушбу тур Жепаров учун омадли келди: Сервер Эрон чемпионатидаги илк тўпини киритди. «Зоб-Оҳан»га қарши кечган баҳсда Жепаров урган голини ўзига хос тарзда нишонлаб, стадионга йиғилган мухлисларни машҳур сальтоси билан сийлади. Биз мазкур учрашувдан сўнг Жепаров билан боғланиб, ундан эксклюзив интервью олдик.

- Сервер, сизни ғалаба ва гол билан табриклаймиз. Келинг, суҳбатимиз аввалида ўйин ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Бу учрашув биз учун жуда аҳамиятли эди. Дерби мақомидаги ўйинлар ҳамиша мухлислар ва мутахассислар диққат-эътиборида бўлиб келган. Буни стадионга келган мухлислар сони ҳам тасдиқлайди. Айтишларича, бу икки жамоа турнир жадвалининг қайси поғонасини эгаллаб туришларидан қатъий назар, ўзаро учрашувлар кескин руҳда ўтиб келган. Навбатдаги дерби ҳам шу тарзда кечди. Биз бор имкониятимизни ишга солдик. Муҳими, ғалаба қозондик ва турнир жадвалидаги ўрнимизни бирмунча яхшилаб олдик. Ҳисобни очувчи голни урганимдан хурсандман.

- Бош билан унчалик кўп тўп киритмагансиз. «Зоб-Оҳан» дарвозасини эса айнан бош билан ишғол қилдингиз...

- Ўша пайтда бошқача тарзда гол уришнинг иложи йўқ эди (кулади).

- Адашмасак, ҳужумчиларга яқин позицияда ўйнаяпсиз?

- Худди шундай. Ҳужумчи ортида тўп суряпман.

- Клубдаги ҳолатингиздан кўнглингиз тўқми?

- Албатта. Ҳаммаси ўзим хоҳлагандек. Муҳими, доимий ўйин амалиётига эгаман.

- Эрон чемпионатига йўл олишингиз жуда ҳам қизиқ бўлди. Аввалига Теҳроннинг «Истиқлол» клуби билан шартнома имзоладингиз. Тақдимот маросими ҳам ўтказилди. Лекин кутилмаганда «Сепахон»да пайдо бўлдингиз. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Ўзим учун ҳам кутилмаган ҳолат рўй берди. «Истиқлол» билан шартнома имзолагандим. Лекин ФИФА Теҳрон клубининг ёзги трансфер бозорига қадар янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишини тақиқлади. Айнан шу сабаб билан «Сепахон» сафига қўшилдим. Омадим бор экан, тезда келишиб олдик. Трансфер ойнаси ёпилишига бир неча соатлар қолган бир пайтда Исфахон клуби билан шартнома имзоладим.

- Келишув қанча муддатга тузилди?

- «Сепахон» билан шартномам мавсум сўнгида ниҳоясига етади. Кейин «Истиқлол»га қайтаман.

- Эрон чемпионатида жисмоний жиҳатлар устун туради. Футболчилар бироз қўпол ўйнашади. Мослашиш қийин кечмаяптими?

- Бу борада ҳали бир нарса дейишим қийин. Камида 3-4 турдан сўнг фикримни айтишим мумкин.

- «Локомотив»дан кетиш қийин бўлгандир? Клуб раҳбарияти осонликча қўйиб юбормагандир?

- Ўзаро келишган ҳолда дўстона хайрлашдик. «Темирйўлчилар» раҳбарияти қароримга ҳурмат билан қарашди.

- Эрон варианти агентлар орқали юзага келдими?

- Футбол оламида дўстларим жуда ҳам кўп. Ўзим агентларга хориж клубида ўйнаш истаги билан мурожаат қилдим.

- Бошқа таклифлар ҳам бормиди?

- Албатта. Ҳаттоки, Кореяга қайтишим ҳам мумкин эди. Лекин алал-оқибат Эрон клубига ўтдим.

- Келинг, энди миллий жамоа мавзусида ҳам суҳбатлашсак. Олдинда термамизни ҳал қилувчи ўйинлар кутиб турибди. ЖЧ-2018 3-саралаш босқичининг аёвсиз кечиши кутилаётган иккинчи давра учрашувларига тайёрмисизлар?

- Албатта, фикру хаёлимиз ЧЖ-2018 саралаш баҳсларида. Ҳар бир футболчи мундиалга чиқиш истаги билан яшаяпти. Ўйинларни сабрсизлик билан кутяпмиз. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади.

- 23 март куни Куала-Лумпур шаҳрида Сурия терма жамоаси меҳмони бўламиз. Рақибни ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкин?

- Фақат кучли иштиёқ эвазига. Лекин сурияликларнинг имкониятларини ҳам паст баҳоламаслик керак. Бу терма мезбон сифатида ўйнаган ўйинларида Кореяга ҳам, Эронга ҳам ютқазмади. Иккала баҳсда дурангга эришди. Боз устига, эронлик футболчилар ҳам, кореяликлар ҳам Сурия терма жамоаси дарвозасига йўл топа олишмади. Сурияликлар саралашнинг биринчи даврасида ўз дарвозаларидан бор-йўғи 2та тўп олиб чиқишди. Қатар терма жамоаси ва биз Сурия дарвозасига йўл топа олганмиз. Шунинг ўзиёқ 23 март кунги ўйин қанчалик қийин бўлишини кўрсатиб турибди. Ўйлайманки, мураббийлар штаби мазкур баҳсга энг тўғри тактикани танлайди. Ўз вазифамизни сидқидилдан бажарсак, бўлажак учрашувда ғалабага эришамиз. Бизни ўзга натижа қониқтирмайди.

- Бундан аввалги саралаш баҳсларида Эронни мағлуб этишнинг уддасидан чиққанмиз. Лекин ҳозирча Жанубий Корея терма жамоасидан устун кела олмаяпмиз. Бизнинг бу анъанага чек қўйишнинг ҳам фурсати етди. Шундай эмасми?

- Олий мақсадга эришиш учун йўлимиздан чиққан барча рақибни мағлуб этишимиз шарт. Бизнинг кўчамизда ҳам байрам бўлади. Бунга оз қолди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:27, 15.03.2017.
Ўқилди: 9750 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.