“Навбаҳор” ва “Нефтчи” жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етгач, матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дастлаб журналистларнинг саволларига “Нефтчи” устози Андрей Фёдоров жавоб қайтарди:
"Бугунги баҳс “дерби” мақомига тўла мос келди деб айтишим мумкин. Ўйинни мухлисларга манзур бўлганлиги айни ҳақиқат. Аммо, мураббийлар борасида бундай деб бўлмайди. Кескин кураш кечганлиги сабабли босим кучли бўлди. “Навбаҳор”га қарши учрашувга жиддий тарзда тайёргарлик кўргандик. Икки рақибнинг ўзаро ўйинлари доимо муросасиз ва кескин руҳда ўтиб келган. Футболчиларимизни майдонда кўрсатган матонатларидан қониқиш ҳосил қилдим. Балки ўйлаган ўйинимизни кўрсата олмаганимиз сабабли қаердадир ўхшамаган бўлиши мумкин. Лекин, бугун майдон эгалари бизга ўзларининг ҳаводан тўп оширишлари билан кўп ташвиш олиб келишди. Ҳар ҳолда уларнинг бўйдор ҳужумчилари борлиги сабабли ва Йовановични иккинчи қаватда яхши ўйнаш олиши сабабли қаердадир вазифани уддалай олмагандирмиз. Масалан пенальти белгиланган вазиятда ҳам шундай ҳолат кузатилди. Учрашувни қайта кўриб чиқиб, қаерда хатога йўл қўйганимизни ўрганиб чиқамиз. “Дерби”га хос ўйин бўлганлиги кўпчиликка манзур бўлди деб ўйлайман. Шу сабабли ҳар икки жамоа томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўзга кўринмаган бўлиши мумкин. Футболчилик даврида ҳам “дерби”да кўп бор майдонга тушганман. Ўша пайтлардан бери икки рақиб қарама-қаршилиги шиддатли ва муросасиз руҳда ўтиб келган. Баҳсни шундай тарзда кечиши олдиндан кутилганди. Бугунги ўйиндан эмас, аксинча футболчиларимизни бор имкониятларини ишга солганликларидан қониқиш ҳосил қилдим. Ўзимиз ўйлаган даражада тўп суришимизга “Навбаҳор” ҳам имкон бермади. Натижа эса бизни қониқтирди. Майдонда кўрсатган ўйинимиздан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлса бугун биз икки очко йўқотдик. Наманганга ғалаба илинжида келгандим. Аммо, якунда дуранга эришдик" - деди Фёдоров.