ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 7-туридан ўрин олган Ўзбекистон – Қатар учрашувидан олдин ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ва яримҳимоячи Марат Бикмаев иштирок этди.
“Малайзияда қайд этилган натижалар учун мухлислар олдида узр сўрайман. Деярли барча ўйинлар ғалаба ва мағлубият орасида туради. Сурия билан ўйинда қаердадир мен хато ҳам қилгандирман.
Афсуски, ҳеч қайси ўйинда оптимал таркибда ўйнай олмаяпмиз. Аввалги ўйинларда йўқотишлар бўлди. Денисов эртага майдонга туша олмайди. Бундан афсусдамиз. Тўхтахўжаев эса сариқ карточка туфайли ўйинни қўйиб юборади. Бу гуруҳда кураш сўнгги тургача давом этади, чунки рақиблар ҳам очко йўқотмоқда.
Асосий мақсадимиз — эратага ғалаба қозониш ва шу йўл орқали ЖЧ–2018 турнирига йўл олиш. Айни вақтда энг кучли таркибга эга эканимиз ҳақидаги сўзлардан қочмайман. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай. Балки эратага ҳам истеъфога чиқарман. Асосийси, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига йўл олиши керак.
Жамоа яхши ўйнаганда стадион тўлади. Мухлисларга мурожаат қилмоқчиман. Стадионга қанча мухлис келишидан қатъи назар улардан далда сўраб қоламиз ва бизни қўллаб-қувватлашларига умид қилмамиз”, – деди Самвел Бабаян.
“Сурияга қарши ўйиндан кейин ўзимизга келиб олдик ва эртага ғалаба учун барча кучимизни беришга тайёрмиз. Мухлисларни стадионга келиб, қўллаб қувватларини сўраймиз”, – деди Марат Бикмаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Қатар учрашуви эртага, 28 март куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида ўтказилади. Ўйин 18:00 да старт олиши режалаштирилган.