Ўзбекистон биринчилиги баҳслари аста секинлик билан қизғин паллага кириб бормоқда.
Мусобақанинг 4-тур доирасида 16 апрел куни бу йилги мавсумда ўз олдига Олий лигага чиқиш вазифасини қўйган икки жамоа Термиз шахрининг “Сурхон” ва Қувасой шахрининг “Цементчи” жамоалари тўқнаш келади.
Сурхандарё вилоятининг “Сурхон” жамоаси 1968 йилда “Чегарачи” номи билан ташкил этилган. Жамоа турли даврларда Олий ва биринчи лига баҳсларида турлича номлар билан иштирок этган.
• 1968—1968 — «Чегарачи»
• 1969—1973 — «Автомобилист»
• 1974—1974 — «Спартак»
• 1975—1983 — «Автомобилист»
• 1984—1993 — «Сурхон»
• 1994—1996 — «АСК»
• 1997—2008 — «Сурхон»
• 2009—2010 — «Динамо-Ҳамкор»
• 2012 — «Сурхон»
2017 йилдан Сурхондарёда вилоят хокими ва футбол мутассади рахбарларининг ташаббуси билан «Нефтчи» (Жарқўрғон) номи билан яна жамоа қайтадан ташкил этилди. Жамоа пулка бахсларида ғолиб чиқиб биринчи лига йўлланмасини қўлга киритгач яна бу жамоага “Сурхон” номи берилди.
Турли йилларда «Насаф» (Қарши), «Қизилқум» (Навоий) профессионал футбол клубларида матбуот хизмати раҳбари бўлиб ишлаган Эркин Холбобоев «Сурхон» профессионал футбол клуби Ижрочи директори, «Машъал» (Муборак), «Норин» (Ҳақулобод) ва «Хоразм» каби жамоаларда фаолият кўрсатган мутахассис Вали Келдиев эса жамоа бош мураббийи сифатида иш бошлади.
Ушбу мавсумда “Сурхон” ўз олдига элитага чиқиш вазифасини қўйган бўлсада мавсумни у қадар омадли бошлай олмади. Ўтган учта турда рақиблар дарвозасига фақат битта гол киритиб, барча учрашувларда дурранг натижаларни қайт этди;
1-тур. «Локомотив-БФК» – «Сурхон» – 0:0.
2-тур. «Хотира-79» – «Сурхон» 1:1
3-тур. «Сурхон» – «Уздонгжу» 0:0
Янги ташкил этилган “Сурхон” жамоаси билан бизнинг “Цементчи” жамоамиз илк маротаба тўқнаш келади.
Учрашув 16 апрел якшанба куни Термиз шахридаги марказий ўйингохда бўлиб ўтади.