Мадриднинг «Реал» жамоаси ярим ҳимоячиси Тони Кроос УЕФА расмий сайтига интервью берди. Мазкур суҳбат испанияликларнинг «Бавария»га қарши ўйинидан олдин уюштирилди. Хабарингиз бор, Кроос «Қироллик клуби» аъзосига айланишдан олдин айнан мюнхенликлар шарафини ҳимоя қилган.
- Чемпионлар Лигаси чорак финалида «Бавария»га қарши ўйнайсизлар. Сиз учун бу ўйин қандай аҳамиятга эга?
- Мюнхенда узоқ йиллар фаолият олиб бордим ва жамоадаги футболчиларнинг кўпчилигини яхши биламан. Шу боис ҳам мазкур баҳс арафасида алоҳида ҳиссиётлар йўқ. Умуман олганда, «Бавария»нинг ўйинларини кузатиб бораман, аммо ўзимизнинг тақвим тиғиз бўлгани учун бунга ҳар доим ҳам имкон топиш қийин. ЕЧЛ чорак финалидаги муҳим баҳсларни интизорлик билан кутяпмиз. Олдинда бизни иккита фантастик ўйин кутиб турибди.
- «Бавария»нинг қайси футболчилари билан яқин муносабатдасиз?
- Германия термасидаги шерикларим Ману (Мануэль Нойер) ва Томас (Мюллер) билан кўпроқ мулоқот қиламан.
- «Реал»га ўтганингиздан сўнг футболчи ва шахс сифатида қанчалик ўсдингиз?
- Менга янги чақирувлар ёқади. Мюнхендаги тўрт-беш йиллик фаолиятимдан сўнг «Реал»га ўтиш ҳақиқий синов бўлди. Профессионаллик ва ички муҳит нуқтаи назаридан бу ерда талаб ўта юқори. «Реал»га ўтганимга деярли уч йил бўлди. Ўйлайманки, ўшанда жамоа таклифини қабул қилиб адашмаганман.
- Ўсишингизда Зиданнинг ўрни қандай? Унинг мураббийлик фаолиятига баҳо берсангиз...
- Муносабатларимиз жуда яхши. Мураббийлар футболчилар учун ҳамиша муҳим ўрин тутишади. Унинг жамоага таъсири катта бўлди. Бошқарувни қабул қилиб олганидан сўнг бизни тўғри йўлга солди. Аввалгидан кучлироқ ўйин кўрсата бошладик. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган мавсум Чемпионлар Лигасида зафар қучдик. Айни пайт ҳар икки фронтда ишларимиз кўнгилдагидек кетмоқда. Ушбу муваффақиятларда Зиданнинг ҳиссаси бор. У билан ишлаш ёқади. Қарашларимиз бир-бирига мос, ҳозирги мураббийимиз қўл остида ўзимни жамоанинг муҳим ўйинчиларидан бири ҳисобламоқдаман.
- Зидан ҳам ярим ҳимояда ўйнаган. У сизга амплуангиз борасида қандай маслаҳатлар беради?
- Ўз тажрибасидан келиб чиқиб, тавсияларини аямайди. Учрашув пайтида қийин вазиятдан чиқиб кетишимиз учун унда бир нечта ғоялар бўлади. Зидан ҳамиша инсонларга ёрдам беришни истайди. У каби буюк профессионалларнинг маслаҳатларини тинглаш фойдали, деб ҳисоблайман.
- Сизнингча, «Реал»даги босим «Бавария»дагидан кўпроқми?