«Шанхай СИПГ» яримҳимоячиси Одил Аҳмедов нега «Краснодар» клубини тарк этгани ҳақида гапириб берди.
«Россияга қайтмайман, 2-3 йил Хитойда ўйнаб, кейин уйга қайтаман. Вақти келди.
Шалимов «Краснодар»ни бошқарганида, у билан бор йўғи бир марта гаплашганман. Ўшанда мураббий менга: «Сенга майдон марказида жой йўқ. Гап тамом» - деган. Балки унга ўйин услубим ёқмагандир. Нима ҳам дердим...
Шалимов қўли остида ўз нуқтамда бирор марта ўйнамадим, гоҳ чап, гоҳ ўнг қанотда майдонга туширилдим. Ахир мен марказий яримҳимоячиманку?! Қанотларда самарадорлигим икки баробар пасайиб кетадику?!
Хуллас, мураббий билан бўлган суҳбатдан сўнг, кетишга қарор қилдим. Вазиятни таҳлил қила туриб, 2017 йилда «Краснодар»да ҳеч нарсага эришолмаслигимни тушундим.
Ўзим «Краснодар» ўйинларини кузатмайман. Танишларимнинг гапига кўра, ўйин унчалик яхшимас. Бу «Краснодар» бошқача ўйнамоқда, аммо Кононов қуйиб кетган пойдевор ҳалиям мавжуд. Кейинги мавсумда Шалимов билан нималарга эришилиши катта сўроқ остида турибди.
«Краснодар» хўжайини Сергей Николаевич Галицкий Россия футболи учун кўп нарса қилмоқда. Унинг жамоаси чемпион бўлиб, Европа лигасининг финалида ўйнашга муносиб. Жамоадан кетишим маълум бўлгач, Галицкий билан боғландим, унга миннатдорчилик билдирдим. Айнан у мени Краснодарга таклиф қилган эди. Биламан, унга ўйиним ёқарди. Бундай инсон билан ишлаш ёқимли бўлган» - деди Аҳмедов «Футбол» ҳафтаномасига берган интервьюсида.