«Шанхай СИПГ» яримҳимоячиси Одил Аҳмедов Хитойдаги фаолияти ҳақида гапириб берди.
«Хитойга кетишимдан олдин, араб клубларидан таклиф олдим. Улар мени анчадан буён «таъқиб» қилиб келмоқда. Яна бир вариантда Франция чемпионатига ўтишим ҳам мумкин эди. Аммо улар менинг трансфер нархимни кўтара олишмади. «Шанхай» эса керакли пулни беришга рози бўлди.
Ҳозир «Краснодар»дагидан сал зиёд маош олмоқдаман. Бироқ, Хитойга пул учун келмадим. Мен учун пул масаласи ҳеч қачон биринчи даражали бўлмаган.
Янги лимит туфайли, Суперлига ўйинларида уч нафар легионерни таркибга киритиш мумкин. Бошқалар эса захира ўриндиғида ҳам ўтирмаслиги шарт. Шу туфайли бош мураббий таркибни тез-тез ўзгартириб туришга мажбур. Бир ўйинда майдонга тушсам, кейингисида дам оляпман. Агар бош мураббийимиз Виллаш-Боаш лимит жорий қилинишини билганида, яна бир легионерни, яъни мени таклиф қилиб ўтирмасди. У менга: «Ротация қилишга мажбурман, тўғри тушун» - деди. Мен тушундим.
Мухлисларга қойилман. Биринчи марта келганимда, аэропортда гуллар билан кутиб олишди, бунақаси ҳеч бўлмаган. Одамлар чин дилдан футболга мухлислик қиларкан. Ютасанми, ютқазасанми, уларга фарқи йўқ. Ҳар доим қўллаб-қувватлаб ўтиришади.
Жамоадошим Халкни россиядагиларданам жуда яхши кўришади, бу аниқ. Одамлар уни кўрганида, хурсандчиликдан бақириб юборишади. Қаерга борсак ҳам шу ҳолатни гувоҳи бўламиз. Ўз уйимиздаги ўйинларда эса камида 25-30 минг томошабин ташриф буюради» - деди Аҳмедов «Футбол» ҳафтаномасига берган интервьюсида.