Der Spiegel журнали «Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг айбини исботловчи ҳужжатларни ошкор қилди.
Футболчи 2010 йил январида бир қизни зўрлаганлик айбловидан қутилиш учун, унга 375 минг доллар товон пулини тўлаганлиги ҳақида аввалроқ хабар берилганди. Немис нашри бу хабарнинг исботи сифатида, Роналду ва унинг маслаҳатчиси Осорио де Кастро ўртасидаги ёзишмаларни чоп этди.
Қуйида бу ёзишмалардан парчалар келтирилмоқда.
Кастро: «Ўртадаги одамнинг гапига қараганда, қиз даҳшатга тушиб, йиғлаётганмиш. Аммо ҳозирча товон пули ҳақида гап-сўз йўқ. Балки кейинроқ пайдо бўлиб қолар»
Роналду: «Хўп»
Кейинчалик Кастро Роналдуга СМС жўнатган.
Кастро: «950 минг доллар»
Роналду: «Шу пулни сўрамоқдами?»
Бироздан кейин Кастро: «Бу дастлабки талаб эди. Энди 660 минг евро сўрамоқда. Биз рад жавобини берамиз. Музокара давом этмоқда»
Роналду: «Жуда катта пулку?»
Кастро: «Ҳа, ўйлашимча бу пулни камайтирамиз»
Роналду: «Бундан ҳам камроқ тўлаш керак»
Кейинчалик Кастро Роналдуга музокара натижаларини гапириб берган: «Биз 260 минг еврога келишдик. Бундан ташқари, ўртада турган одамга ҳам тўлаш керак. Шунингдек, пулни ўтказиб бериш билан шуғулланувчи ҳуқуқшуносларга ҳам пул бериш керак. Биламан, бу оз пул эмас. Аммо бу вазиятдан чиқиб кетиш учун энг яхши йўл – мана шу. Келишувга эришиш ҳам осон бўлмади».
Der Spiegel ўз маълумотларига Роналдунинг имзоси туширилган ҳужжатларни илова қилган. Бироқ, шуни таъкидлаш лозимки, немис нашри товон пулини тўланганлигига исбот келтирмоқда. Зўрлаш борасида ҳеч қандай далил келтирилмаган.