Бундан олти йил муқаддам, у вақтларда ҳали «Насаф»ни Анатолий Демьяненко бошқарарди, украиналик мураббий билан суҳбатда бўлган эдим. Табиийки, суҳбат айланиб-айланиб, Ўзбекистон чемпионатида бораётган курашга бориб тақалди. Менинг саволим шундай бўлди: «Насаф» сизни бежизга чақирмади, ўзингиз ҳам Украинадан озгина пулга келмагандирсиз? Демак, «Насаф» ҳам ниҳоят, олий лигада ғалаба учун курашса керак?»
Демьяненко бу саволга анъанавий тарзда «Насаф» фақат ғалаба учун курашади» ёки «Мақсадимиз - чемпионлик» каби баландпарвоз гаплар билан жавоб бермади, балки гапнинг индаллосини айтиб қўя қолди. «Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозониш умуман имконсиз иш. Бу ерда «Бунёдкор» ва «Пахтакор»дан ҳеч нарса ортмайди. Олий лигада ғолиб чиққандан ОФК кубогини қўлга киритиш икки баробар осонроқ. Биз вазиятга реал қараймиз ва қурбимиз етадиган соврин учун курашамиз», - деганди Демьяненко. Мураббий бу ишни қай даражада уддалаганини ҳаммамиз яхши биламиз. Олий лигада эса шундан буён кўп нарсалар ўзгариб кетди. Хусусан, ўша «Бунёдкор» ва «Пахтакор» борасида ҳам. Ҳозир бу клублар ўртамиёна жамоага айланиб қолишган.
Гарчи юртимизда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланса-да, тан олиш лозим, ҳамма ҳам миллионлар ўйинига қизиқавермайди. Қизиқадиганларнинг аксарияти эса Ўзбекистон чемпионатидан кўра, Европа футболини афзал биладилар. Яъни, ярми «реалчи» бўлса, қолгани - «барсачи». Олий лига ҳақида сўз очсангиз, уларнинг афти буришиб кетади. Қўшимчасига: «Мен ўзбек футболига умуман қизиқмайман», деган иддаони қабул қилиб олишингиз эҳтимоли ҳам жуда катта. Бир томондан, уларни ҳам тушуниш мумкин. Дарҳақиқат, Европанинг шиддатли ва жозибали футболи турганда Ўзбекистон чемпионатининг секинлаштирилган кадрга мос ўйинини томоша қилиш мантиққа зид. Аммо шу билан бирга таъкидлаш жоиз, йил ўтгани сари олий лигада ҳам вазият анча ўзгариб бормоқда. Энди илгаригидек чемпион номи 4-5 тур олдин маълум бўладиган даврлар ўтди. Ўйинлар шиддати ошмоқда, аввалгидек фаворитлардан қўр-қиш ва майдонга олдиндан мағлубиятни тан олиб тушиш деярли барҳам топиб бормоқда. Энди ўзбек клублари ҳам футбол ўйнашни ўрганиб олишган.
Сўз - исботи билан гўзал. Шу ўринда оддийгина бир фактни келтиришга изн берсангиз - «Шўртан»нинг ишлари ҳозир унча юришмаяпти, жамоа ўтказилган 8 учрашувда 9 очкогина жамғарди. Аммо мана шу очколарнинг олтитаси қайси ўйинларда қўлга киритилганини биласизми? Бўлмаса эшитинг, бирида «Локомотив» (2:0), бошқасида «Пахтакор» (3:0) мағлубиятга учратилган! Ва бу учрашувларда «Шўртан» бирорта ҳам гол ўтказиб юбормаган. Ўша Демьяненко Ўзбекистон чемпионатида ишлаб юрган вақтларда шундай бўлишини тасаввур қила олармидингиз?
Айтишларича, «Динамо» олий лигага қайтгач, таркибни кучайтириш мақсадида янги футболчиларни сотиб олиш учун муассислардан маблағ сўраганда рад жавобини олган экан. Клубдан ёш футболчиларни майдонга тушириш талаб қилинган. Бунга нима сабаб бўлганини биз билмаймиз, балки ҳомий ташкилотлар пул беришдан чарчагандир. Бу ўринда ёдга фақат тоғ билан боғлиқ икки нақл келади - «Уларнинг ҳам олтиндан тоғи йўқ» ёхуд «Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди». Хуллас, «Динамо» мавсум бошланиши олдидан пулсиз қолди ва ҳар йили клуб алмаштириб, кўтарма пули ишлаб юрадиган «тажрибали» футболчиларни таркибга жалб эта олмади. Қийинми? Қийин! Аммо ким ўйлабди дейсиз, айнан шу нарса жамоага бу қадар шуҳрат келтиришини?!
Худди шу ёшлар мавсум бошида