«Атлетико»нинг фран-циялик форварди Кевин Гамейро L`Equipe нашрига берган интервьюсида нега айнан Мадрид клубига кўчиб ўтгани, Златан Ибрагимович ундан нима сўрагани ва Унаи Эмери билан қандай суҳбатлашиш лозимлиги ҳақида сўз юритди.
- 2013 йили Испанияга келганингиздан сўнг ўйинингизда қандай ўзгариш кузатилди?
- Жойимни тўғри ўзгартира бошладим, зарур пайтда тўхташни ўргандим. Ёшлик пайтингда у ёқ-бу ёққа шошиб, ҳамма ерга улгуришни хоҳлайсан. Эндиликда қачон ва қаерда тўпни сўраш лозимлигини биламан.
- Дастлабки испаниялик мураббийингиз Унаи Эмеридан нима ўргандингиз?
- У индивидуал тарзда кўпроқ ишлашимни сўради. Авваллари меҳнаткаш футболчи эмасдим.
- Самарали узатмаларингиз сони кўпайди...
- Францияда асосий эътиборим дарвозани ишғол қилишга қаратиларди. Испанияда эса кўпинча ҳужум ташкил этилишида ҳам қатнашяпман.
- Дарвоза томон йўлланаётган зарбаларингиз эса камайди.
- Бунинг учун кўп танқидларга учраяпман. Аммо мен шунақаман, қулайроқ вазиятда турган шеригимга тўп узатишни маъқул кўраман.
- «Атлетико»да ҳимояга ҳам ёрдам беришингиз керак, шундайми?
- Ҳа, бунинг натижасида ҳужумга қўшилишга куч қолмайди. Меъёрни қидирамиз - «Атлетико»да асосийси, югуриш, меҳнат қилиш керак. Шундагина голлар ҳам, ўйиндан роҳатланиш ҳам бўлади.
- Ҳимоя чизиғидаги ҳаракатлардан ҳам ҳузур оласизми?
- Йўқ, менинг ишим - ҳужум қилиш!
- Антуан Гризманн мудофаага кўмаклашаётганда худди гол ургандек роҳатланишини айтганди.
- Йўқ, бунақаси менга ёт! Бир сафар мураббий «Сенинг вазифанг - камида рақибдан уч марта тўпни олиб қўйиш», деганди. Мен эса шунга ўргандим.
- Диего Симеонедан бундай гапни эшитиб ҳайрон қолгандирсиз?
- Шундай деса ҳам бўлади, ахир мен ҳужумчиман. Аммо бошқа илож йўқ, бу мутахассис ўз айтганини қилиб, ўйинчиларни руҳлантиришни билади.
- Ундан нима ўргандингиз?
- Ҳимояда ўйнашга кўникдим, қувват олдим, футболга меҳрим ошди. Симеоне ҳамиша зафар қучишни истайди.
- У ўйиндан олдин қандай ҳолатда бўлади?
- Анча хотиржам. Футболчиларга қисқа нутқ сўзлайди, ўйин пайтида эса бир зум тинмайди.
- «ПСЖ»да Златан Ибрагимович билан ўйнагансиз. У қандай шерик?