Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

«Реал» кимни сотиб олди ёхуд Тео Эрнандес ҳақида маълумот

Баҳо:
+-1 | -

«Реал Мадрид» клуби «Атлетико» ҳимоячиси Тео Эрнандес трансфери бўйича келишувга эришгани хусусида хабар тарқатди. «Ла-примеро: ёш испан қайдномалари» блоги (Bombardir.ru сайти) эса дарров «тафтиш» ишларини бошлаб, бу футболчи билан яқинроқ танишиш асносида унинг «Қироллик клуби» учун нечоғли зарурлигини аниқлашга уринди. Айтиш ўринли, Тео Эрнандес бразилиялик Винисиус Жуниор қатори Испания лигасидаги бош ньюсмейкер (эътибордаги  иқтидор) сифатида эътироф этилмоқда. Табиийки, ОАВда трансфер ҳуқуқи бўйича «Атлетико»га тегишли футболчи (у охирги мавсум «Алавес»да ўйнади)нинг азалий рақиб жамоа сафига қўшилиши кенг муҳокама қилинмоқда. Дарҳақиқат, ушбу ўтиш тарихида жуда кўп нозик жиҳатлар бор.

Тео Эрнандес - бу йигит ким ўзи?

Тео 1997 йилнинг 6 октябрида Франциянинг Марсель шаҳрида туғилган. Унинг отаси ҳам вақтида профессионал футболчи бўлган ва Испанияда узоқ йиллар давомида «Атлетико» ҳамда «Райо Вальекано» клублари шарафини ҳимоя қилган. Тўғри, у ўғли туғилган йил Франция олий дивизионида тўп сурарди. Катта Эрнандес кейинчалик фаолиятини давом эттириш учун Ла-лигани танлайди ҳамда оиласи билан Испанияга кўчиб ўтади. Хуллас, Тео акаси Лукас каби «Атлетико» академиясида шуғулланади. Ака-ука бутун ёшлар тизимини бир йўналишда босиб ўтишди ва уларни «Атлетико» ўринсобарлар жамоасига деярли тенг вақтда жалб этишди. Мана, жорий мавсум Лукас секин-аста асосий таркибга кириш уринишини бошлади, Теони эса тажриба ошириши учун меҳнат сафарига жўнатишни лозим топишди - «Алавес»га. «Матрасчилар» шунинг баробарида йигитча билан шартнома тузиш орқали кутилмаган воқеликлардан ўзига хос ҳимояни таъминлашди. Хуллас, йигитчанинг келишувида аниқ суммани ҳам белгилашни унутишмади - 30 миллион евро.

Ўйин услуби

Теонинг эътиборга тушганига анча бўлди. Хусусан, кўзга кўринган скаутлар ҳам унинг истиқболи хусусида ижобий фикр билдириб, беқиёс иқтидорини мақташдан ўзларини тийишмади. Муҳими, четдан янграётган мақтовлар Эрнандесга салбий таъсир ўтказгани йўқ. Ҳарқалай, йигитча ўсиш суръатини бир маромда ушлаб турибди. Дейлик, у яқиндаги якунига етган чемпионат мобайнида «Алавес»нинг муҳим «фигура»ларидан бири сифатида жамоага етарлича наф келтирди. Тео амплуа бўйича чап қанот ҳимоячиси ролини бажаради. Ёш футболчининг асосий устунлиги - бу серқирралик. Бошқача  айтганда, Тео ҳар томонлама талаб даражасида ривожланган. Мисол учун, орқа чизиқда сифатли ишлаш баробарида ҳужум ҳаракатларига ҳам беқиёс ҳисса қўшади. Рақамларга мурожаат этсак, Эрнандес Ла-лига доирасидаги ўйинларда рақиблар дарвозаси ёнида жами 21 марта хавфли вазият яратди. Дарвоқе, Европанинг энг кучли 5та чемпионатига қарасак, ҳеч бир ҳимоячи бундай кўрсаткич билан мақтанолмайди. Унинг муваффақиятли юришлари тамал тоши - дриблинг маҳорати. Яна рақамлар - ҳимоячи мавсум давомида 60 марта самарали алдаб ўтиш ҳаракатини амалга оширди. Буниси энди 5та топ-биринчиликдаги барча ёш иқтидорлар учун энг яхши натижадир. Тео мукаммал дриблинг салоҳиятини юқори тезлик билан омухта тарзда ишга солади. Рақиб жамоалар дарвозасига зарба йўллаш бобида эса «Барселона» ва «Реал»нинг асосий ҳимоячилари - Хорди Альба ҳамда Марселодан олдинда. Муҳими, йигитча ҳужумга шу қадар фаол қўшилиши билан бирга ҳимоявий ишларни ўта сифатли бажаришни уддаламоқда. 56 марта тўп олиб қўйиш - бу 5та топ  чемпионатдаги тинейжер (ёш ижрочи)лар учун энг юқори кўрсаткич. Умуман, биргина Маланг Сарр («Ницца») Теога нисбатан кўпроқ ҳимоявий ҳаракатларни амалга оширган - 120 марта.

Сотқинликми ёки ҳақиқатпарварлик?

«Реал» ва «Атлетико» ўртасида трансферлар масаласида бир-бирига «кўз олайтирмаслик» бўйича тарихий келишув бор. Тушунарлики, бу борада қандайдир расмий ҳужжат йўқ, аксинса, ҳаммаси жентльменча муроса кўринишида. Бир томондан тахмин қилиш мумкинки, оғзаки келишув асосан «матрасчилар»га қўл келади. Ахир қайсидир суперюлдузнинг «Реал» даргоҳидан «қочиб», нисбатан камтарин «Атлетико» сафига қўшилишини кутиш унча тўғри эмас. Эътиборлиси, Теонинг акаси Лукас иккинчи томонда қолишни афзал биляпти. Яъни Эрнандеслардан бири ўз келажагини фақат ва фақат «Атлетико»да тасаввур қиляпти. Аслида Теонинг трансфер масаласи етарли даражада баҳсли, айниқса, футбол тижорати нуқтаи назаридан. Чунончи, кўпчилик бу келишувни шунчаки, бизнес сифатида баҳоламоқда. Аммо бемалол айтиш мумкин, Теонинг «Реал»даги истиқболи чакки эмас, боз устига, «Қироллик клуби» унга ҳавас уйғотадиган маош таклиф қилди. Ҳар ҳолда, 6 миллион евро 19 ёшли йигитча учун кам сумма ҳисобланмайди. Шунингдек, унда яқин келажакда Марсело ўрнини эгаллаш имконияти ҳам бор. Ҳа, бу кафолатланган эмас, йигитча бразилиялик тажрибали ҳимоячи билан рақобатда устун келиш учун қаттиқ тер тўкиши керак. Агар бу ишни уддаласа, «Реал» мухлислари алоҳида меҳр беришни пайсалга солишмайди. Бошқа томондан, Тео ҳали жуда ёш ва йўл-йўл футболкада узоқ вақт тўп сурмаган. Дейлик, «Реал» ёки «Барселона»да камол топган қанчадан-қанча тарбияланувчилар бутун дунёга тарқалиб кетишган. Умуман, тарихдан шунга ўхшаш трансферларни етарлича келтириш мумкин. Устига-устак, агар клуб сенинг хизматингга эҳтиёж сезмаган бўлса ёки услубинг унга мувофиқ келмаса, нега энди бошқа жойда ишлашни ихтиёр этмаслигинг керак? Айниқса, Тео каби алоҳида иқтидорга эга ёш футболчи бундай ҳолатда клубдан бемалол кетишга ҳақли...

Хўш, у «Реал»га керакми?

Шубҳасиз, ҳа. «Реал» ҳимоясининг чап қанотида анчадан буён яққол муаммолар кўзга ташланмоқда. Дейлик, ҳозирда бу позицияда биргина ишончли футболчи бор - Марсело. Номинал вариант сифатида Коэнтрауни айтиш мумкин, аммо унга таяниш таваккалчилик бўлади. Боз устига, португалиялик футболчи энди ёш эмас ва жароҳатланишга ҳам мойилроқ. Чап қанотда ҳаракатланишга яна бир номзод - Начога келсак, унинг бошқа позицияда кўпроқ наф бериши тайин. Чорасиз вазият юзага келганида эса, Серхио Рамосни ҳам чап томонга суриш мумкин, бироқ шундай қилинган тақдирда «Реал» ўйини сифатига путур етади. Шуни унутмаслик керакки, Тео - келажак учун киритилган сармоя. Ҳа, Марсело ҳамон кўп нарсага қодир ва камида яна 2 мавсум юқори савияда ўйнаш салоҳиятига эга. Аммо бразилияликка муносиб ўринбосар зарурлиги ҳам айни ҳақиқат. Тео эса ўйин услуби бўйича унга яқин. Шундай экан, «Реал» кейинги мавсумданоқ чап қанот ҳимоясида ротацияга кенгроқ йўл очиб, Теони «пишитиб» бориши мумкин. Ахир Марселони «Мадрид»га боғлаб қўйишмаган-ку, яна футболда ҳеч ким жароҳатланишдан ҳимояланган эмас...

Шартномада товон пули сифатида 30 миллион евро кўрсатилган ва «Реал» шунча тўлашни ихтиёр этган экан, бу ҳолатда «матрасчилар» трансфернинг амалга ошишига халақит беролмасдилар. Обрўли Don Balon нашри маълумотларига кўра, мадридликлар ёш футболчи билан 2023 йилга қадар мўлжалланган шартномани расмийлаштиришади. Унинг йиллик маоши эса 6 миллион еврони ташкил этади. Тео 8 май куни «Реал» базасида тиббий кўрикдан ўтди, таништирув маросими эса 30 июндан кейин бўлиб ўтади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:25, 25.05.2017.
Ўқилди: 17441 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.