Сўнгги пайтларда Қатарнинг араб давлатлари билан юзага келган жанжали авжига чиқмоқда.
Sky Italia хабарига кўра, Саудия Арабистони давлати ҳам БАА, Миср, Яман ва Баҳрайнга қўшилиб, Қатар билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсага тақиқ қўйди. Уни бузган фуқаролар катта миқдорда жаримага тортилиши ёки бундан ҳам оғир жазо – қамоққа маҳкум қилиниши мумкин.
Хусусан, энди Qatar Airways номи туширилган «Барселона» футболкалари ҳам бу тақиқдан жой олди. Уни кийган ёки у билан суратга тушиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирганлар 135 минг евро жаримага тортилиши ёки 15 йилга қамалиши мумкин.
Маълумки, янги мавсумдан бошлаб «Барселона» футболкаларида янги ҳомий – Rakuten номи пайдо бўлади. Бироқ, каталонияликлар Қатар компанияси билан ҳамкорликни давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 5та араб мамлакати Қатарни ҳудуддаги барқарорликни издан чиқаришда айблаб, барча алоқаларни узган эди.