Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Максимилиан Фомин: "Уммон чемпионатида ўйнаганимдан афсусланмайман"

Баҳо:
+ | -

Ўтган мавсумни «Бухоро» жамоаси сафида ўтказган тажрибали ҳимоячи Максимилиан Фомин бу йил легионер сифатида Уммон чемпионатида ўйнади. У мамлакатнинг узоқ тарихга эга клубларидан бири «Саҳам» шарафини ҳимоя қилди. Унинг жамоаси 34 очко билан якунда 9-ўринни эгаллади. Фомин чемпионат якунланганидан сўнг Ўзбекистонга қайтди. Табиийки, унинг шартномаси якунланиб, эркин агентга айланганди. Биз Максимилиан билан учрашиб, ундан интервью олдик.

- Максимилан, умуман, Уммон клубига ўтишингиз қандай амалга ошганди?

- 2016 йилнинг январь ойида ўша пайтдаги жамоам «Бухоро» билан Дубайда йиғин ўтказаётгандик. Ўшанда Уммон клубларидан бирида ишлайдиган менежер билан танишиб, дўстлашиб олдик. У йиғин доирасида ташкил этилган иккита ўртоқлик учрашувига келиб, ўйинимни томоша қилгач, Уммон чемпионатида ўзимни синаб кўришимни таклиф этди. Аммо ўша пайт «Бухоро» шарафини ҳимоя қилардим. Жамоа билан амалда шартномам бор эди. Клубда ўзига яраша обрў-эътибор ва ҳурматга эга эдим. Жамоани шунчаки ташлаб кета олмасдим. Шуларни инобатга олиб, билдирилган таклифга рад жавобини бердим. Лекин тақдир экан, орадан бир йил ўтиб, барибир, Уммон клуби билан шартнома имзоладим.

- Таклиф нимаси билан қизиқарли бўлди?

- Тўғрисини айтсам, молиявий жиҳатларни биринчи ўринга қўймадим. Биринчи навбатда, ўзимни хорижда синаб кўришга аҳд қилгандим. Тўғри, Уммон чемпионати бизнинг олий лигамиздан кучли эмас. Лекин инсон ҳамиша янгиликка интилиб яшайди. Шунчаки, вазиятни ўзгартириб кўришга қарор қилгандим. Ҳозир ўша пайтдаги қароримдан ҳечам афсусланмайман.

- Янги чемпионат ва муҳитга мослашиш жараёни қийин кечмадими?

- Бошқаларда қандай билмадиму, лекин менда мослашиш масаласида ҳеч қандай муаммо юзага келмади. Қисқа фурсатда янги чемпионатга мослашиб, жамоадошларим билан тил топишиб олдим.

- Клуб сизга қандай шароитларни яратиб берди?

- Яшаш учун алоҳида уй-жой ҳамда шахсий машина беришди.

- Уммон чемпионати ҳақида бироз маълумот берсангиз...

- Юқорида айтганимдек, бу мамлакат чемпионати даражаси бизнинг олий лига савиясидан бирмунча паст. Лекин жуда катта тафовут кўзга ташланмайди. Уммон чемпионатининг ҳам ўзига яраша устун томонлари бор.

- Мавсум аввалида «Саҳам» олдига қандай вазифа қўйилганди?

- Билмадим, нега, лекин Уммонда чемпионатдан кўра мамлакат кубоги баҳсларида муваффақиятли иштирок этиш муҳимроқ ҳисобланади. Ушбу совринни қўлга киритиш жамоалар учун жуда катта шараф экан. Афсуски, жамоамиз кубок финалига бир қадам қолганда юришини тўхтатди.

- «Саҳам»нинг ОФК кубогидаги иштироки клуб раҳбарига маъқул келдими?

- Мазкур мусобақадаги ўйинларимиз анча қизиқарли ва томошабоп бўлди, деб бемалол айта оламан. Таъкидлаш жоиз, баъзи ўйинларда омад биздан очиқчасига юз ўгирди. Жуда кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Афсуски, ҳужумчиларимиз уларни голга айлантира олишмади. «Саҳам» ОФК кубоги йўлланмасига Уммон кубогини қўлга киритиш орқали эга бўлганди. Бежизга жамоалар кубокда зафар қучишга интилмайди. Умуман олганда, жамоамизнинг ОФК кубогидаги иштирокини ижобий баҳолаш мумкин. Ҳар ҳолда 7 очко жамғариб, ёмон натижа қайд этмадик. Боз устига, клуб раҳбарияти ушбу турнирда жамоа олдига ҳеч қандай вазифа қўймаганди.

- Уммондаги фаолиятингиз ҳақида қандай фикрдасиз?

- Умуман, барчасидан кўнглим тўлди. Ушбу мамлакатда ўтказган 4 ой мобайнида жами 20та учрашувда майдонда тўлиқ ҳаракат қилдим. Мени деярли захирага олишмади. Чемпионат, кубок ва ОФК кубоги доирасидаги ўйинларда жамоам муваффақиятига улуш қўшишга интилдим. Уммон чемпионатида тўп суриш орқали каттагина халқаро тажриба тўпладим.

- «Саҳам» билан шартномангиз якунландими?

- Ҳа, келишув муддати тугади ва эркин агентга айландим.

- Келаси мавсум қайси жамоада ўйнамоқчисиз?

- Бу борада тайинли маълумот бера олмайман. Сабаби, ҳали ҳеч бир клубдан расмий таклиф олганим йўқ. Балки яна легионер сифатида хориж клубларида ўйнарман. Тез орада мазкур масалага ойдинлик киритамиз. Ҳозир таътилдаман ва Тошкентда оила аъзоларим даврасида ҳордиқ чиқаряпман.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:17, 15.06.2017.
Ўқилди: 4036 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.