Конфедерациялар кубогининг яримфиналида гол уролмаган португалиялик футболчилар, ўйиндан кейинги пенальтилар сериясини ҳам қойиллатганича йўқ. Берилган ҳар учала зарбани бартараф этишга муваффақ бўлган чилилик посбон Клаудио Браво ҳақиқий қаҳрамонга айланди.
Ўйиндан сўнг Россиянинг «Sports.ru» нашри Браво ҳақида кичик мақола чоп этди ва унинг Чили термаси сафидаги муваффақиятларига эътибор қаратди.
Чили термаси дарвозабонининг клубдаги ишлари у қадар юришмади, деб бошланган мақола. Ўтган ёз Пеп Гвардиола Бравони «Барселона»дан «Манчестер Сити»га таклиф қилганди. Англияда воқеалар ривожи у ўйлаганидек бўлиб чиқмади: дарвозабон кўп асабийлашди, ўзи томон йўлланган зарбаларнинг сезиларли қисми гол билан тугайвергач, унга бўлган ишонч камайиб борди ва Гвардиола «Сити» учун Эдерсонни харид қилишга қарор қилди. Энди Бравонинг Манчестердаги келажаги катта сўроқ остида.
Чили термаси бош мураббийи Хуан Антонио Пицси эса Бравога ишонишда давом этди. Айнан шу посбон якунда Чили термасини Конфедерациялар кубогининг финалига олиб чиқди. Португалияга қарши ўйинда 3 та пенальтини қайтарган дарвозабондан бугун бутун Чили мухлислари миннатдор.
«Мен буни тасодиф демаган бўлардим. Бундай муваффақиятга эришиш учун меҳнат қилиш, тер тўкиш, рақибларни ўрганиш керак бўлади. Биз ўйинга яхши тайёрландик ва рақибни ўргандик. Мен нима қилишим кераклигини доим яхши билганман» - деди Клаудио Браво, Чили термаси дарвозабони.
Артуро Видалнинг қайд этишича, Клаудио Браво дунёнинг энг яхши дарвозабонларидан бири. Пенальтилар сериясидан олдин у 2-3 зарбани қайтаришга ҳаракат қилишини айтиб ўтган ва якунда сўзининг устидан чиққан.
Клаудио Браво пенальтилар сериясида нақадар яхши эканини аргентиналиклар яхшироқ биларди. Copa America—2015 мусобақасининг финалида улар Чили билан тўқнаш келиб, пенальтилар сериясида енгилганди. Ғолиблар сафида тўрт зарбанинг ҳаммаси аниқ чиққан бўлса, Аргентинада Игуаин ноаниқ ҳаракат қилган, Банеганинг зарбасини Браво қайтаришга эришганди.
Орадан бир йил ўтиб Аргентина ва Чили термалари яна финалда тўқнаш келди. Бу сафар Браво Лукас Бильянинг зарбасини бартараф этиб, жамоасига соврин олиб берди. Шу тариқа кетма-кет икки бор Лионель Месси Бравонинг қаршисида совринсиз қолди, энди эса навбат Криштиану Роналдуга етиб келганини кўриш мумкин.