«Реал» яримҳимоячиси Лука Модрич яна Хорватия судида кўрсатма берди.
Аввалроқ, у «Динамо Загреб» клубининг собиқ хўжайини Здравко Мамичнинг молиявий фирибгарлик иши бўйича ҳам судда кўрсатма берган эди. Бироқ, прокуратура футболчини ёлғон гапирганликда айблади ва такроран судга чақирди.
«Мен худди аввалгидек, ўзимни ҳимоя қилиш ва ҳақиқатни айтиш учун келдим. Виждоним пок. Ишончим комил, менинг гапларим ҳақиқат экани ва ҳеч қандай қонунни бузмаганим исботланади» - деди Модрич AFP хабарида.
Айни пайтда Здравко Мамич «Динамо» футболчиларининг хорижий клубларга сотилиши жараёнида 15 млн евро маблағни ноқонуний ўзлаштириб, 1,5 млн евро миқдоридаги солиқни тўламаганликда айбланмоқда. Миш-мишларга кўра, Модрич ҳам «Тоттенҳэм»га трансфер қилинганида маълум миқдордаги маблағни олган ва буни декларацияга киритмаган. Агар Модричнинг айби исботланса, унга 5 йилгача қамоқ жазоси таҳдид солади.
Маълумки, Модрич 2008 йилда «Дниамо»дан «Тоттенҳэм»га ўтган эди. 2012 йилдан бошлаб эса «Реал»да ўйнамоқда.