Леонардо Бонуччи «Милан»га ўтди. Нега? Бу трансфернинг асосий сабаби нима? footballhd.ru сайтида ёзилишича, бинойидек савияга эга ҳимоячининг Турин суперклубидан кетишида залворли сабаблар бор - кийиниш хонасидаги муштлашув, Пауло Дибала ва бошқа омиллар...
Леонардо Бонуччи «Милан» аъзоси! Ёзнинг энг кутилмаган ва яхши трансфери. Миланликлар жаҳон футболидаги энг кучли ҳимоячиларидан бири сифатида таърифланадиган футболчи учун 40 миллион евро тўлашди, холос. Боз устига, харидор қандайдир оддий жамоа эмас, балки хитойликлар томонидан пул билан тўла таъминланаётган азалий рақобатчи. Ҳа, кўринишидан, «Юве»нинг ўзи Бонуччидан қутулишни хоҳлади, шекилли. Массимилиано Аллегри ва Лео ҳеч қачон бир-бирларидан нолишмаганди. Лео бунгача Антонио Конте ғояларини футболчиларга етказувчи мақомида эди ва Аллегри қўл остидаги жамоада ҳам асосий «фигура» сифатида эъзозланарди. Бироқ биргина чалкаш ва тушунарсиз воқеа ҳаммасини бузди - февралда бутун Италия Аллегри ва Бонуччи ўртасида юзага келган можародан ёқа ушлади. Маълум бўлишича, «Палермо»га қарши учрашувда мураббийнинг захирага олиш қарори футболчига сира ёқмаган ва улар кийиниш хонасида «даҳанаки жанг»га киришишган. Яъни ошкора эътироз эшитган Аллегри ҳимоячидан ўзига дахлсиз ишга бурун суқмаслигини сўрагач, у ғазабини яшириб туролмаган: «Оғзингни юм, ношуд мураббий!» Тушунарлики, Аллегри қуюшқондан чиққан шогирдига шунга яраша жавоб берган: «Йўқол, заррача керагинг йўқ...». Натижада матбуотга шов-шувли мавзу топилиб, Леони турли грандларга «кузатиш» бошланди: гоҳ «Манчестер Сити»га, гоҳ «Барселона»га ва ҳоказо. Тўғри, кўп ўтмай, барчаси тинди: Бонуччи маълум муддатга ўйинлардан четлаштирилди, Аллегрига жарима солинди. Бироқ Турин иккиси учун танг бўлиб қолди ва шароит бирининг кетишини тақозо этарди.
Апрель ойига келиб, Пауло Дибала «Юве» билан тузган шартномаси муддатини узайтирди. Шу иттифоқ ҳам Леога салбий таъсир қилди, чоғи. Ҳарқалай, айтишларича, унга аргентиналик ёш йигитчанинг йилига 7 миллион евро миқдорида маош олиши (бонуслардан ташқари) сира ёқмаган. Ахир Дибала бирданига клубда энг кўп маошга эга футболчи бўлиб олганди. Ҳа, туринликлар Гонсало Игуаинга ҳам деярли шунча тўлашади. Аммо у 2 йил ичида 70та гол урган голеадор ҳисобланса, Дибала охирги мавсумнинг биринчи ярмида ҳеч қандай каромат кўрсатолмади ва фақат «Барса» дарвозасини икки бора нишонга олгани билан кўзга ташланди. Унга белгиланган 7 «лимон» эса Бонуччи оладиган хизмат ҳақидан нақ икки баравар кўпдир. Лео бундай ҳолатга жим қараб турадиганлар тоифасидан эмас. Хуллас, ҳимоячи бу масалада клуб офисига бош суққан бўлиши мумкин. Мана, Бонуччи энди «Милан»да тахминан 7 «лимон» топади - айнан Дибаланинг маошига тенг.
Умуман олганда, барчаси июнь ойидаёқ ҳал қилингани таъкидланмоқда. ЧЛ финалини эсланг, «Юве» ижросида мутлақо икки хил бўлим кўргандик. Гап-сўзларга кўра, танаффус чоғи Турин клуби кийиниш хонасида жанжал келиб чиққан. Аслида бу ҳақда финалнинг эртасигаёқ хабар урчиганди, бироқ аниқ гап йўқлиги боис, воқеа унутилганди. Энди ўша мавзу яна кун тартибига қайтди: айтишларича, жанжални Дани Алвеш бошлаган. Яъни бразилиялик фахрий ҳимоячи Дибалани калака қилган. Буни кўрган Аллегри дарҳол Паулони ҳимоя қилишга уринган, Бонуччи эса Алвеш тарафдори бўлган. Эҳтимолки, улар аргентиналик футболчини айнан маош миқдоридаги номутаносиблик туфайли сиқувга олишгандир. Кейин Андреа Барзальи ўртага тушиб, Леони тўхтатмоқчи бўлган, аммо ўйнолмаётгани, Марселога бас келолмаётгани ҳақида эътироз эшитган. Барзальи шунда Бонуччига биринчи голда ким айбдорлигини эслатган. Хуллас, футболчилар деярли муштлашиб кетишган, фақат Аллегри уларни вақтида ажратишга улгурган. Орадан бир неча кун ўтгач, «Юве» Аллегри билан янги шартнома тузди. Яъни ўз танловини эълон қилди.
Клуб шунинг баробарида вазиятдан имидж ва молиявий йўқотишларсиз чиқиб кетишни хоҳлагани тайин. Бироқ Бонуччи Италиядан кетиши ҳақида баралла жар сола бошлади. Аммо якунда «А» сериясида қолди. Қизиқ, «Юве» наҳотки, шуни хоҳлаган бўлса...?
«Милан» Бонуччи трансфери учун Турин клубига 40 миллион (баъзи манбаларда ёзилишича, 42 миллион) евро тўлайди. Шартлашувга кўра, тўлов 3 йил давомида амалга оширилади. Футболчининг ўзи янги клуби билан 5 йиллик шартнома тузади. Маълумот учун айтиш керак, олдинроқ «Ювентус» таркибига 2010 йили қўшилган Леонинг «Реал» ёки «Манчестер Сити»га ўтиши ҳақида хабарлар урчиганди.