Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Лутфулла Тўраев: «Малайзияга қайтиш ниятим йўқ эмас»

Баҳо:
+ | -

Малайзия чемпионатида фаолият юритган яримҳимоячи Лутфулла Тўраев ва ҳужумчи Фарҳод Тожиев иккинчи даврада «Олмалиқ» шарафини ҳимоя қилишади.

Ҳар икки футболчи жамоанинг Минскда давом этаётган ўқув-йиғин машғулотига қўшилишган. Эътиборлиси, Тожиев 2016 йилнинг биринчи даврасини «Олмалиқ»да ўтказган, Тўраев эса ўз вақтида Кумиков қўл остида «Насаф» шарафини ҳимоя қилганди.

Виктор Кумиков айни пайт айнан олмалиқликлар устози ҳисобланади. Биз Минск шаҳрида бўлиб турган Лутфулла Тўраев билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Лутфулла, Малайзиядан қайтгач, таътилни қандай ўтказдингиз?

- Кўпроқ оилам ва дўстларим даврасида бўлишга интилдим.

- Ватанда қанча муддат бўлмадингиз?

- Беш ой. Табиийки, туғилиб-ўсган гўшани жуда соғинибман.

- Сирдарёда ўзгаришлар қандай?

- Ўзбекистоннинг барча вилоятларида бўлгани каби бу ерда ҳам катта ҳажмдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари кетяпти.

- Лекин вилоят мухлислари катта футболни соғинишган. Ахир «Гулистон» ва «Янгиер» жамоалари олий лигадан четда қолишяпти...

- Ҳа, нимасини айтасиз. Бу шаҳарларда ўйинлар ўтказиладиган кун ҳақиқий байрамга айланарди.

- Катта футболга кириб келишингизга замин ҳозирлаган Янгиер футбол мактабига бориб турасизми?

- Албатта. Етти йил давомида Янгиер футбол мактабида таҳсил олганман. Уйда бўлган пайтларим у ерга бориб тураман.

- Таътил чоғида сизда олий лигамизни кузатиш имкони пайдо бўлди. Қайси ўйинларни бевосита стадиондан томоша қилдингиз?

- «Бунёдкор» ва «Локомотив» жамоалари ўртасидаги учрашувни кўрдим. Таассуротлар яхши, ўйин жуда ҳам қизиқарли кечди. «Бунёдкор» номдор рақибини мағлуб этишни уддалади.

- Ҳар иккала жамоада ҳам ўйнагансиз. Ўтган давр билан таққослаганда ўзгаришлар кўзга ташландими?

- Ҳозир «Бунёдкор» таркибида асосан ёшлар ўйнашяпти. Яқинда жамоани Миржалол Қосимов қабул қилиб олгач, бу ўзгариш ўз натижасини бера бошлади. «Локомотив», «Насаф», «Қўқон-1912» клублари мағлуб этилди. «Бунёдкор»нинг иккинчи даврада аввалги мавқеини тиклаб олишига ишончим комил. «Темирйўлчилар» ҳам йилдан-йилга кучайиб боришяпти.

- Сиз ўйнаган пайт билан таққослаганда, олий лигамизда ўсиш борми?

- Албатта, бор. Жамоаларнинг турнир жадвалидаги жойлашуви фикримга исбот бўла олади.

- Малайзия чемпионатининг биринчи давраси якунланди. У сиз ўйнаган «Теренггану» учун қандай ўтди?

- Биринчи даврани 2-ўринда тугатдик. Менимча, бу яхши натижа. Боиси, дастлабки икки поғонани эгаллаган жамоалар олий дивизионга чиқишади. 30 июнь куни иккинчи давра бошланди. «Теренггану» кутилмаганда ўз майдонида дуранг қайд этиб, 4-ўринга тушиб кетди.

- Жамоа билан шартномангиз якунландими?

- Ҳа, битим муддати тугади ва Ўзбекистонга қайтдим.

- Келишув ярим мавсумга тузилганмиди?

- Худди шундай.

- Битимни узайтириш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

- Йўқ, клуб янги шартнома таклиф қилмади.

- Малайзиянинг бошқа бир жамоасида қолиш имконияти бормиди?

- Айни пайт йўқ эди, лекин келаси йили яна Малайзияга қайтишни мақсад қилганман.

- «Олмалиқ» варианти қандай пайдо бўлди?

- Малайзия клубларидан тайинли таклиф тушмагач, иккинчи даврани олий лигамизда ўтказишга аҳд қилдим. Маълум муддат спорт формамни ушлаб туриш учун «Локомотив» машғулотида қатнашдим. Эътиборлиси, иккинчи даврани «темирйўлчилар» сафида бошлашим деярли ҳал бўлиб қолганди, клуб мутасаддилари билан келишувга эришгандик. Лекин бу орада «Олмалиқ»дан таклиф тушди. Мен бу масалани «Локомотив» раҳбарияти ҳал қилиши, уларнинг розилигидан кейингина жамоамни ўзгартиришим мумкинлигини билдирдим.

- «Локомотив» варианти яхшироқ эмасмиди? Чемпион бўлишингиз мумкин эди?

- Чемпион бўлганман-ку (кулади)! Ҳа, яхши вариант, лекин клуб раҳбарлари шундай тўхтамга келишди. «Олмалиқ» олдига ҳам жиддий вазифалар қўйиляпти. Чемпионат якунида иккинчи ўринни эгаллашимиз шарт. Шу тариқа ОЧЛда қатнашишимиз мумкин.

- Рақам танладингизми?

- Менимча, ўзим учун севимли «13»да ўйнасам керак. Омадсиз рақамни ким ҳам оларди (кулади)? У деярли ҳамма жамоада бўш туради.

- Малайзияда икки йилдан ошиқ вақт тўп сурдингиз. Умумий хулосалар қандай?

- Бу чемпионатда фаолият юритганимдан афсусланмадим. Насиб қилса, келаси йили яна Малайзияга қайтиш ниятим йўқ эмас.

- Фақат молиявий манфаат сабаб шундай фикр билдиряпсизми?

- Йўқ, албатта. Футболи биздан кўра кучсизроқ бўлиши мумкин. Лекин клубларда барча нарса профессионал тарзда йўлга қўйилган. Мухлислар футболни жуда яхши кўришади. Стадионга келаётган томошабинлар сони фикримга исбот бўла олади. Ўйинчиларга ҳам барча шароитлар муҳайё қилинган.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:04, 24.07.2017.
Ўқилди: 4210 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.