Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ва Германия терма жамоаси яримҳимоячиси Илкай Гюндоган `Adidas` компанияси вакиллари билан Москвада ташкил этилган `Tango League` турнирига ташриф буюрди.
Бундан унумли фойдаланган маҳаллий журналистлар футболчи билан қизиқарли суҳбат уюштиришди.
- Сиз кўрган охирги сериал?
- “Форс-мажорлар”. Шу сериални жуда яхши кўраман. Барча мавсумларини кўрганман. Умуман олганда, сериалларга қизиқаман. Агар битта серияси ёқиб қолса, бошқа серияларини ҳам қидиришга тушаман.
- Сизнинг севимли ичимлигингиз?
- Алкоголь ичимликларини жуда кам ичаман. Чанқоқбосди ичимликлардан фанта ва коланинг аралашмасига ўхшаш `Mezzo Mix`ни ёқтираман.
- Сиз танишишни истаган машҳур инсон ким?
- Дензел Вашингтон. Унинг фильмларини севиб томоша қиламан.
- Машҳурлик асабларни таранг қиладими?
- Бир томондан бундан роҳатланаман. Ёнингизга фанатлар келиб дастхат сўрашса - бу ажойиб. Бошқа тарафдан сиз эҳтиёт бўлишингиз керак. Чунки машҳурларда ҳам бошқалар сингари кайфияти бузилиб туради.
- Ҳар доим нимани ўрганишни истагансиз?
- Пианино чалишни. Агар ўрганиб олсам ажойиб бўларди.
- Охирги марта телефонга олган суратингиз қайси?
- Москвага келаётганда самолётда амакиваччам ва физиотерапевтни суратга олдим. Москвада эса ҳозирча расм олмадим. Умуман олганда, саёҳат қилишни ёқтираман. Энди Бразилия, Канада ва Янги Зеландияга боришни режалаштирганман.
- Охирги марта нима совға қилдингиз?
- Агар ҳақиқий туҳфа ҳақида гапирадиган бўлсам, онамга туғилган кунларида сумка совға қилгандим.
- Сизга берилган энг яхши совға?
- Умуман олганда, ҳадя олишни унчалик ёқтирмайман. Чунки ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Ўзим ишлаб топаман. Мендан кам пул топаётган инсонларнинг бирор-бир совға қилишлари ғалати туюлади.
- Амалга оширган энг қиммат харидингиз...
- Ўтган йили Баликесирда ер сотиб олдим. Бу Туркияда, ота-онамнинг туғилган шаҳри. Қанчага олганимни айтолмайман.
- Нимани чексиз амалга оширишингиз мумкин?
- Уйқуни жуда яхши кўраман. Бир сутка ухлашим мумкин.
- Охирги марта қайси концертга боргансиз?
- Бруно Марс Манчестерга ташриф буюрганида бордим. Бундан бир ой олдин Дрейкнинг ҳам концертига тушгандим.
- Футбол тарихидаги энг яхши футболчи ким?
- Месси.
- “Манчестер Сити”нинг энг яхши футболчси ким?
- (10 сония ўйлаб қолди).
- Рости, Агуэрони айтасиз, деб ўйлагандик.
- Агуэро, албатта, яхши. Аммо FIFA кўрсаткичлари бўйича Сильва ёки Де Брюйнени айтган бўлардим. Балки ўзим ҳам ярим ҳимоячи эканлигим учун шундай ўйлагандирман.
- `FIFA` ўйинини ўйнаганингизда қайси жамоани танлайсиз?
- Одатда, бирор-бир футболчини танлаб оламан. Аммо ҳеч қачон ўзимни танламаганман.
- Ота-онангиз нима билан шуғулланишади?
- Болалигимда онам ошпаз бўлганлар. Ҳозир ишсиз. Отам эса, одамларни турли ишларга йўналтирадиган немис компаниясида ишларди. Туркияда яшашади. Отам қурилиш компаниясида ишлаяпти.
- Нима учун улар Туркияда яшашади?
- Ота-онам ҳамиша Туркияга қайтишни орзу қилишарди. Айни пайтда укам Германияда қиз дугонаси билан яшаяпти. Мен эса Англияга кўчиб келдим.
- Эрталаб Iphone’нингизда очадиган биринчи илова?
- Будильник. Кейин яна будильник. Яна, яна. Уйқудан туришим учун камида беш марта чалади. Янги хабарларни ўқиш учун WhatsApp’га кираман. Кечқурун уйқудан олдин ҳамиша авиарежимни ёқиб қўяман.
- `Twitter` ва `Instagram`гa суратларингизни ўзингиз жойлайсизми?
- Бу ишни бажарадиган компания билан ҳамкорлик қиламан. Лекин Twitter’даги барча постлар менинг розилигим билан амалга оширилади. Баъзан улар, айтайлик, “Ҳозир Москвадасан. Бирор-бир сурат жўнат. Жойлаб қўямиз”, дейишади. Баъзан эса ўзим айтган нарсани қўйишади. Умуман олганда, ижтимоий тармоқлар фанати эмасман.
- Кўпчиликнинг фикрича, “Манчестер Сити” муваффақиятини сотиб олган, дейди. Бунга жавобингиз қандай?
- Футболда пулнинг муҳим роль ўйнаши тайин. Лекин “Манчестер Сити”нинг ҳам ўз тарихи бор. Жамоа 1894 йили ташкил этилган. Айтайлик, “Боруссия” ундан кейин ташкил этилган.
- Ҳозир қандай машинада юряпсиз?
- Шахсий автомобилим йўқ. Қариндошим мен билан бирга яшайди. Қаерга борсам, у олиб юради. Англияга кўчиб ўтишим билан жароҳат олдим. Натижада машина минолмадим. Яқин кунларда салондан “Порш” чиқади. Уч-тўрт ой олдин буюртма бергандим.
- Гюндоган талқинига кўра, тарихдаги энг яхши фильм?
- Гладиатор.
- Катта пул яхшими ёки шон-шуҳратми?
- Катта пул. Чунки маблағ билан кўп нарсани амалга оширса бўлади.
- Машҳурлигингиз қизлар билан муносабатингизга халақит берадими?
- Ҳа. Футболда пулингиз борлиги учун муносабат ўрнатиш кўп учрайди. Умуман олганда, бу одатий ҳол.