Ҳа, футболда шунақаси ҳам учраркан. Бунга мисол тариқасида Швециянинг учинчи дивизионида қатнашувчи «Вестерос» клубини келтириш мумкин.
2011 йили ўйинчисини сотган мазкур жамоа шу трансфер орқали инқироздан қутулиб қолди. Қандай қилиб дейсизми? Унда қуйидаги мақола билан танишинг.
«Вестерос» бахти
«Бенфика» скаутларини чин маънода сеҳргарларга қиёслаш мумкин. Акс ҳолда, қайси топ-клуб Швеция учинчи дивизионида тўп сурувчи 17 ёшли ҳимоячига эътибор қаратарди? Агар ушбу позицияни скаутинг учун энг мураккаб деб ҳисобласак (мудофаа марказидаги ўйин параметрларига тўғри баҳо бериш жуда мушкул), Виктор Линделёф трансфери мўлжалга аниқ урилганидан даракдир.
«Вестерос»дагилар бир неча йилдан сўнг ушбу йигитнинг жамоа халоскорига айланишини хаёлларига келтирмаган бўлсалар керак. Клубнинг директорлар кенгаши раиси, Швециядаги машҳур енгил атлетикачи, 1980 йилги Москва Олимпиадаси иштирокчиси Кристина Лиффнер бир уринишда клубнинг барча молиявий муаммоларига чек қўйди. Линделёфни «Бенфика»га сотиш чоғида шартнома шартларига кўра, «Вестерос» 100 минг евро, шунингдек, мабодо у бошқа клубга ўтса, ушбу трансфернинг 20 фоизини олиши ҳам киритилганди. Бундан ташқари, Викторнинг Швеция ёшлар термасидаги учинчи ўйини ва Португалия примейрасида 10та учрашувда майдонга тушиши ҳам унинг собиқ жамоаси ғазнасига мўмай фойда келтирди. Ҳа, «Бенфика»дагилар шундай даромад манбаини сотиб олишаётганини тахмин қилмаганликлари аниқ.
Орадан олти йил ўтди. Линделёф ёрдамида Швеция иккинчи лигасига йўл олган «Вестерос» яна учинчи дивизионга тушиб кетди. Молиялаштириш бўйича муаммолар пайдо бўлди, аксарият футболчилар ойлаб маош олишмади, клуб банкротликни эълон қилиш арафасида турганди. Раҳбарият, ўйинчилар ва ишқибозлар Линделёфнинг «МЮ»га трансфер қилинишини орзиқиб кутишаётганди. Ва уларнинг ниятлари амалга ошди. Англия клуби тўлаган 35 миллион евронинг 4,1 «лимон»и «Вестерос» ҳисобига ўтказилди. Агар Виктор «Бенфика» билан амалдаги шартномани янгиламаганда, ушбу сумма 7 миллион бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо мазкур келишувдан сўнг шартлар бироз ўзгарди.
- Биз учун бу барибир, катта пул, - деди Кристина Лиффнер. - Мазкур трансфер ўзига хос қутқарув воситасига айланди. Энди клуб ходимларига маош бериш ҳақида туни билан ўйланиб чиқишимга ҳожат қолмайди.
Лиффнернинг келажакдаги режаларида клуб академиясини очиб, янги Линделёфларни тайёрлаб, уларни трансфер қилиш ҳам бор. Бу, шубҳасиз, аксарият мамлакатларнинг қуйи дивизионлари учун ажойиб намуна.
Ким ўзи у Линделёф?
Хўш, «МЮ» ким учун 35 миллион евро сарфлади? Зеро, бу харид футбол тарихидаги ҳимоячилар трансфери орасида энг қимматларидан бирига айланди. Виктор Линделёф фақатгина «Вестерос» халоскори сифатида танилмаган. Бир неча йилдан сўнг у ўз позициясида жаҳоннинг энг кучли футболчиларидан бирига айланиши муқаррар. Моуриньонинг январь ойидан буён «Юнайтед» скаутларини «Бенфика»нинг ҳар бир ўйинини кузатишга ундагани бежиз эмас, албатта. Швеция термаси иштирокидаги баҳс давомида камералар «Беназир»нинг юз ифодасини суратга олиб, ўша пайтдаёқ «МЮ»нинг ушбу ўйинчига бефарқ эмаслигини исботлагандек бўлдилар. Ўшандаёқ кўпчиликнинг хаёлида фикр туғилди: Линделёф - «қизил иблислар»га мос тушадиган идеал номзод. Назарий жиҳатдан Викторнинг янги мавсумда жамоа етакчиларидан бирига айланиши кутилмоқда. Ваҳоланки, ҳозир Моуриньо қўл остида тўп сураётган марказий ҳимоячилар билан солиштирганда, унинг статистикаси у қадар мақтовга муносиб эмас.
Линделёф ҳамда «МЮ» мудофаа чизиғидаги ҳамкасблари қайд этган рақамлар ўртасидаги тафовут «Бенфика»нинг манчестерликларникидан анча фарқланадиган футбол намойиш этганидан дарак бермоқда. «Бургутлар» ўтган мавсум тўпни эгаллаб туриш борасида ўртача ҳисобда 60 фоизлик кўрсаткич қайд этишган. Бу эса ҳақиқатан анча кўп. Рақиб кам ҳужум уюштиради, демакки, ҳимоячиларнинг мудофаадаги ҳаракатлар чоғида очко тўплаш имкониятлари пасаяди.
Линделёфдаги заифликлардан бири - кўпинча позиция танлашда муаммога йўлиқади. Шунга қарамай, бу камчиликни у вазиятни ўз вақтида тўғри баҳолаш ва рақибидан ўзиб кетишдаги ақлли ўйини эвазига «ювади». Боз устига, Викторнинг тезлиги бинойидек. Қолаверса, Моуриньонинг ёш ҳимоячилар билан ажойиб тарзда ишлай олишини ҳам унутмаслик даркор. Португалиялик мутахассис қўл остида Лусио, Самуэль, Карвалью, Пепе, Варан ва кўплаб футболчилар ўсишга эришишган.
Линделёфнинг энг устун жиҳатларидан бири - пас беришдаги аниқлик. У «МЮ» клубининг интернетдаги каналига берган интервьюсида «Вестерос»да дастлаб ярим ҳимояда тўп сургани, шу боис тўп билан ажойиб тарзда ишлашини айтганди. Бунга рақамлар ҳам гувоҳлик бермоқда. Пас ва яккакурашлар бўйича у Европанинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиб турибди. Ҳар икки оёғидан бир хилда унумли фойдаланиши эса унинг фойдалилигини янада ошириши тайин. Линделёф ўтган мавсум примейрада паслар сони (1746) бўйича учинчи, узатмалар аниқлиги (90 фоиз) борасида эса энг юқори ўринни эгаллади. Назарий жиҳатдан бу футболчи Гвардиола жамоасига кўпроқ мос келарди. Янги мавсумда «МЮ» бўйдор футболчиларга юқоридан тўп узатишларга катта эътибор қаратмаслигини тахмин қилиш мумкин. Демак, ҳужумларни ўзгача тарзда ташкиллаштириш чоғида Линделёф Моуриньонинг ўзига хос «кўзир»ларидан бирига айланиши аниқ.
- Фикримча, мен оғир-босиқ ўйинчиман. Тўп билан ҳаракатланишни ёқтираман, уни олдинга аниқ йўналтиришда муаммога йўлиқмайман, деб ўйлайман. Ўйинни ўқиб, олдиндаги шерикларим хотиржам ўйнашларини таъминлайман. Чунки улар сўнгги паллада тўғри ҳимояланишимни билишади, - дейди Виктор.
Линделёф ўзининг совуққонлиги ва хотиржамлиги эвазига «Бенфика»да Iceman тахаллусига лойиқ кўрилганди (бу номнинг скандинавларга мутлақо алоқаси йўқ). «МЮ»да қизишиб кетганда ўзини назорат қилолмайдиган Байи, Смоллинг, Рохо ва Жонс ўйнашини инобатга олсак, Моуриньо жамоасига айнан шу тоифа футболчи керак эди. Линделёф агрессив ҳимоячилар муаммоларига терс ўлароқ, уларнинг камчиликларини керакли пайтда ёпиши мумкин. Ҳужумларни сифатли ташкил этиш масаласига тўхталсак, бу йўлда кўпинча «МЮ» марказий ҳимоясида Дэйли Блинддан фойдаланилар, рақиб жамоа ўйинчилари эса унинг устидан тўпни осонгина ошириб қўя қолишарди. Эндиликда «қизил иблислар»да бундай муаммо бўлмайди.
Хуллас, Линделёф трансфери - ҳар тарафлама идеал келишув. «Бенфика» ушбу ўйинчи эвазига мўмай маблағга эга чиқди, «Вестерос» инқироздан қутулди, «МЮ» эса АПЛ чемпионлиги пойгасида кўп асқотиши мумкин бўлган ажойиб ҳимоячини ўз сафига қўшиб олди.